Меню

Қашқадарё

23.02.2021 1623

АҚШ олимлари ҚМИИда дарс бериши мумкин

АҚШнинг “American Councils” ташкилоти Ўзбекистондаги вакили Уильям О'Роарк Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида бўлди.

Айтиш жоиз, “American Councils for International Education” – АҚШдаги ноҳукумат ташкилоти бўлиб, халқаро алмашувлар ва талабалар, магистрлар, ўқитувчилар стажировкаси ҳамда университетлар ўртасидаги ҳамкорлик ва алоқаларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

Меҳмонлар дастлаб институт ректори Орифжон Базаров билан учрашиб, АҚШ олий таълим муассасалари ва Қаршидаги институт ўртасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Ҳамкорлик натижаси ўлароқ, келгусида АҚШлик олимлар институтга келиб дарс бериши, мастер-класслар ўтиши мумкин. Ректор вакилларнинг бу борадаги лойиҳалари тафсилотлари билан қизиқди.

Шундан сўнг, меҳмонлар институт халқаро ҳамкорлик бўлими билан ўзаро ҳамкорлик бўйича келишиб олдилар.

Интернет маълумотларида қайд этилишича, Ўзбекистонда “American Councils for International Education” ваколатхонаси 1995 йилдан иш бошлаган, аммо ўзбекистонлик юздан ортиқ мактаб ўқувчиларини ноқонуний равишда АҚШга ўқишга олиб кетгани важи билан 2006 йилда суд қарорига кўра ёпилган.

Аммо ўшандан бери анча вақт ўтди. “American Councils” бугунги кунда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида академик ва маданий алмашувлар учун кўплаб имкониятлар тақдим этишни мақсад қилган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!