Меню

Қашқадарё

03.03.2016 2266

ҚАҲРИ ҚАТТИҚ АЖУЗ МОМО

1

Ғалат, болалик ўтмиш қаърига сингавергани сайин унинг фараҳбахш хотиралари кўз ўнгингда бор бўй-басти билан намоён бўлиб, гўзал ва сеҳрли оламига бошлаб кетавераркан...

Эрта тонгдан йилтираган офтобга ишониб, енгил кийинганимни кўрган онам эски дийдиёсини бошлайди.

- Қаранг, эже (туркманча она дегани), қуёш чарақлаб турибди, эндиям совуқ қолдими, - ожизгина қаршилик кўрсатсам-да, биламан, онам айтганини қилдирмай қўймайди.

- Иликузилдидан эндигина чиққанда шамоллаб қолма, дейман-да, болам, ҳали тўқсон тўлганича йўқ, ҳутнинг кичик чилласи кўп ўйинлар кўрсатади, унинг аямажуз (“Ажум момо”), аҳман-даҳман, наврўз қароқчи деган кунлари бор. Қўйчивон аҳли уларга “Гул чўммиқнинг ҳисоби”ни ҳам қўшиб қўяди...

Онамнинг сир-синоатга бой ҳикоялари бир талай, айниқса, узун қиш кечалари Ойширин, Оқил, Момогул момолар чарх кўтариб гурунгга чиқишса, уларнинг суҳбатини эшитиб, мўъжизалар оламига тушиб қолгандай бўлардик. Тўғри, ўйинга ўч биз - қора-қура болаларнинг осонгина оёғимиз тинмас, тун алламаҳалгача “оқсуяк”, “яширинмачоқ”, “подшоҳ-вазир” ўйнасак-да,   охир-оқибат уйга йиғилиб, катталар гурунгига қулоқ тутардик.

- Аямажузи нима? - сўраймиз қайсидир биримиз ўзимиз учун янги атама сирини аён қилиб олиш ниятида қизиқсиниб.

- Аямажуз тўқсонни якунлаб берадиган олти куннинг номи.

- Тўқсон дегани-чи? - савол беришда давом этамиз.

- Қиш тўқсон кундан иборат, болажонларим, у декабрь ойининг бешинчи кунидан бошланади. Унинг катта ва кичик чиллалари бор. Шабиялдо куни катта чилла киради.

Энди ўйлаб кўрсам, кичкинтой болаларни “бижилдоқ” деб аташлари тўғри экан. Ҳамма нарсани миридан-сиригача билиб олиш учун савол устига савол ёғдираверамиз:

- Шабиялдоси нима?

- Чилла нима дегани?

- Нега ҳут дейишади?..

- Қишнинг энг қисқа кун ва энг узун кечасини шундай аташади...

Хуллас, қизиқишларимиз беиз кетмайди, қиш фасли бошланганидан ўн беш кунча ўтиб, йилнинг шабиялдо деб аталадиган энг қисқа кун ва энг узун кечаси кирадиган катта чилла  қирқ кун – февраль ойи бошигача давом этиши, кейин  ўрнини йигирма кунга чўзиладиган кичик чиллага бўшатиб беришини билиб оламиз.

Айниқса, онамнинг катта ва кичик чилла ҳақида айтиб берган ҳикояси ҳамон эсимдан чиқмайди. Ривоят этишларича, катта чилла кичигига ўрин бераркан:

- Мен катталигимни қилиб бўлдим, энди сен ўзинг биласан, - дер экан.

Шунда кичиги уни саволга тутаркан:

- Хўш-ш, менга нималарни қолдирдингиз?

Каттасининг жавоби қуйидагича бўларкан:

- Нортуянинг ўркачида қолди, укам, оларсан;

- Эр йигитнинг юрагида қолди, укам, оларсан;

- Бўй қизларнинг билагида қолди, укам, оларсан...

Бу “менинг синовимга шулар дош берди, сенам бир силкитиб кўр-чи”, дегани бўларкан. Навқирон кичик чилла акасининг топшириғини бажариш учун қор, аёзли изғирин билан ҳамлага ўтаркан...

Кичик чилла дала меҳнаткашлари учун энг оғир синов кунлари саналади, тажрибали деҳқонлар унинг қисқа фурсатли қуёшли кунларида ҳам уйда оёқ чўзиб ўтирмай, ариқ-зовурларни тозалаб, ички сув йўлларини равонлаштиради, техникани экиш мавсумига шайлайди. Боғбонлар новда уйғонмасидан мевали дарахтларни буташ, шакл бериш ишларини тугатиш чораларини кўради. Чўпон-чўлиқлар қўйларни қишловдан тўлиқ ва соғлом олиб чиқиш, хусусан, қўзилатиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш учун отарга вақти-вақти билан сурум беради...

Азал-азалдан донишларимиз аямажуз билан якун топадиган тўқсонга эҳтиёт юзасидан ўн кун қўшиб, “сад пок” деб ҳам юритганлар.

2

Қизиқ, вақт ўтиб болалик таассуротлари ўз исботини топаркан, узун қиш кечалари момоларнинг урчуқ йигиришдан тўхтамай берган гурунгларидан негадир Аямажузни сўйлоқ тишларини қайраб турган ялмоғиз кампир қиёфасида тасаввур этардик. Бунга оналаримиз тектурмаслик қилганимизда берадиган даккилари ҳам қўшилиб, тасаввуримиз ишончга айланарди:

- Ҳой, тек ўтир, бўлмаса Ажуз момога бериб юбораман...

...Орадан йиллар ўтиб аямажуз ҳақида турли манбалардан ўқиганларим, синчилардан эшитганларим илк таассуротларда маълум даражада ҳақиқат борлигини кўрсатди:

“Ажуз” араб тилидаги сўз бўлиб, “кампир” деган маънони англатаркан. Кабиса йилида феврал (шубот)нинг сўнгги тўрт куни ва март (озор) ойи бошидаги уч кун, кабисали бўлмаган йилларда аксинча бўладиган аямажуз баъзан саккиз-тўққиз кунга ҳам чўзилиб, у “шиша” ҳамда “кампир кунлари” деб аталаркан. Ривоятлардан бирида бу атамага кекса бир кампир ҳавонинг исиганини кўриб, пахталик кийими ўрнига енгил уст-бош кийгани оқибатида шу кунларнинг совуғидан жабр кўргани далил келтирилса, буюк аллома Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида уни қишнинг “кампири”, яъни охири деб таърифлайди. Аямажуз ва ҳут ҳақида бир талай ҳикматли сўзлар айтиб келинади:

“Аямажуз олти кун, олти ой қишдан қаттиқ кун”, “Ажум момо олти кун, сакангласа – саккиз кун, тўқангласа – тўққиз кун”, “Ахмон-дахмон олти кун, қаҳрига олса қаттиқ кун”, “Яхши келса ҳут – қут, ёмон келса ҳут – ют” ва бошқалар.

Ют йиллари ўн-ўн икки йилда бир такрорланиб, асосан “қуён йили”га тўғри келган. Шундай йиллари ҳут ойида қорлар эрий бошлаган паллада бирдан қаттиқ совуқ бошланиб, ернинг юзи музлаган. Эндигина оғзи кўкка теккан чорва моллари музлаган ердан бир нима топиб еёлмаганидан қирилиб кетган. Шу боис халқ орасида “Ҳутман, ёмон келсам – ориқ молга ютман”, деган мақол ҳам юради. Кўпни кўрган кексаларимиз:

- Ютнинг юзини тескари қилсин, - деб дуо қилишади.

3

Чорвадор қавмларда “Гул чўммиқнинг ҳисоби” деган гап бор.

Ривоят этишларича, олис ўтмиш замонлар бир қишлоқда қўлининг бармоқлари калта бўлгани учун “чўммиқ” лақабини олган Гул деган киши яшаб ўтган экан. У жуда ғариб, бировларнинг эшигида хизматкорлик қилиб топгани рўзғорнинг қора қозонини қайнатишга аранг етар экан.

Кунлардан бир кун Гул чўммиқ хизматкорлик қилаётган хонадон хўжаси эрта баҳор сурувларини яйловга суришни буюрибди. Шунда иссиқ ўрнини совутгиси келмаган Гул чўммиқ бойнинг ҳузурига кириб:

- Хўжайин, ҳали қиш тугаб бўлгани йўқ, қўйларни яйловга ҳайдашга бироз шошилмасак бўларди, - дебди.

Хизматкорининг сўзларига бой қаҳ-қаҳ отиб кулибди:

- Йўқ ердаги гапларни топасан-да, чўммиқ, эндиям қиш қолдими, қара, табиат батамом кўклам либосини кийди, қачонгача дангасалигингни яшириш учун турли баҳона қидирасан, яхшиси айтилган ишни бажар!

- Менам бир айтдим-қўйдим, бой ота, нима рўй беришини худо билади, -дебди Гул чўммиқ минғирлаб.

Бой барибир бой-да, бежиз “бойдан амр бўлса, бойбича хамир қоради”, деган мақол яралмаган, Гул чўммиқ ҳам бошқа хизматкорларга қўшилиб, сурувни яйловга ҳайдаркан, худога нола қилибди:

- Эй-й яратган эгам, қисматимга ногиронлик ёзилганига норизо эмасман, аммо қачонгача бойнинг гапи гап бўлади, бир мартагина менинг ҳам илтижоимни қабул эт, қишингдан бир-икки кунни дариғ тутма...

Қодир Оллоҳ хокисор бандасини уятга қолдиргиси келмабдими, ҳарҳолда Гул чўммиқнинг тилаги ижобат бўлиб, ерга тизза бўйи қор тушибди. Яйловлар ўт-ўланга тўлиб, совлиқларнинг қорни тўя бошлаган бир пайтда кутилмаганда ҳаво совиб кетишидан суруви анча талафотга учраган бой “бу ерда қандайдир сир бор”, деган шубҳага борса-да, хизматкорини:

- Гул чўммиқ, сенинг билганинг тўғри экан, ҳисобдонлигингга тан бердим, - деб алқабди.

Шу-шу чорвадорлар орасида Наврўз сайиллари давом этаётган кунларда ҳам “Гул чўммиқнинг ҳисоби”дан эҳтиёт бўлиш чоралари кўриладиган бўлибди...

4

...Эрта тонгдан мактабга отланаётган набираларимни бирма-бир тергай бошлайман:

- Болам, қалинроқ кийиниб чиқ, тўқсон тугагани йўқ, тағин елвизакда совуқ қотиб, “қух-қухлаб” юрма. Ҳали ёғингарчилик кунлар олдинда...

Абдунаби АБДИЕВ.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!