Меню
Қашқадарё
ҚАҲРАМОНЛАР МУДОМ БАРҲАЁТ
Учрашув
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг бир гуруҳ фаоллари Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган Отабек Муҳаммадиевни хотирлаш мақсадида у туғилиб ўсган хонадонда бўлишди.
1976 йил 8 январда Китоб туманининг Очамайли қишлоғида туғилган Отабек ёшлигидан ҳарбий бўлишни орзу қиларди. Шу боис 1993 йилда ўрта мактабни тамомлаб, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ҳужжат топширганди. Аммо ўша йили унга ўқишга кириш насиб этмади. Бундан асло кўнглини чўктирмаган йигит бироз муддат тумандаги ип йигирув фабрикасида фаолият юритиб, 1995 йил май ойида армияга жўнайди. Муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтагач, 1997 йил ноябрь ойидан шартнома бўйича хизматини давом эттиради.
2000 йилда Сурхондарё вилоятининг Узун ва Сариосиё туманлари орқали юртимизга бостириб кирмоқчи бўлган бир гуруҳ жангариларга қарши курашда кўплаб сафдошлари қаторида Отабек ҳам ўзининг қаҳрамонлиги, жасурлигини намойиш этди. Аммо уруш қурбонсиз бўлмайди. Она Ватан осойишталиги, халқ фаровонлиги учун жонидан кечган, ўз хизмат ва конституциявий бурчига содиқ бўлиб, юрти ва халқи учун кўкрагини қалқон қилган сержант Отабек Муҳаммадиев 2000 йилнинг 16 сентябрь куни жангарилар билан бўлган шафқатсиз жангда мардларча ҳалок бўлди.
- Ўғлим ҳали ёш эди, орзу-умидлари олдинда эди, - дейди Отабек Муҳаммадиевнинг онаси Тошбиби Жўраева. - Аммо Отабекжон, у каби йигитларнинг мардлиги, жасурлиги туфайли юртимиздаги тинчлик сақлаб қолинди. Бунинг учун мен ўғлимдан ҳамиша фахрланаман.
Учрашувда Отабек Муҳаммадиев ҳақидаги хотиралар ўртоқлашилди, унинг эзгу фазилатлари тилга олинди. Қаҳрамоннинг онасига тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари топширилди.
Ж.ҚИЛИЧЕВ