Меню
Қашқадарё
Аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш: ҚАШҚАДАРЁДА ЙИЛ ДАВОМИДА НЕЧТА ИПОТЕКА КРЕДИТИ ВА СУБСИДИЯ БЕРИЛАДИ?
Фармон ва шарҳ
Жорий йилда вилоятимизда замонавий архитектура кўринишига эга 6,5 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилади.
2024 йилда "Янги Ўзбекистон" ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойларни қуриш бўйича мақсадли кўрсаткичлар давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 апрелдаги тегишли фармони билан тасдиқланган. Уларга кўра, республикамизда йил давомида 100 мингта квартирадан иборат кўп қаватли уй-жойлар барпо этилса, шундан 6,5 мингтаси воҳамиз шаҳар ва туманларидаги замонавий массивларда жойлашади. Хусусан, фармонга илова қилинган манзилли рўйхатга мувофиқ вилоятимиздаги "Янги Ўзбекистон" массивларида 1 минг 858 та квартирадан иборат 61 та, шу жумладан, Косон туманидаги Дўстлик маҳалласида 368 та квартирадан иборат 16 та (шундан 15 таси йилдан-йилга ўтувчи, 1 таси янги қуриладиган), Яккабоғ туманидаги Айғиркўл маҳалласида 880 та квартирадан иборат 36 та (шундан 11 таси йилдан-йилга ўтувчи, 25 таси янги қуриладиган), Қарши туманидаги Чаман маҳалласида 610 та квартирадан иборат 9 та (шундан 8 таси йилдан-йилга ўтувчи, 1 таси янги қуриладиган) кўп қаватли уй-жой қад ростлайди.
Фармонга асосан 2024 йилда ипотека кредитларини қайта молиялаштириш ва улар бўйича субсидиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳам тасдиқланган. Бу кўрсаткичларга мувофиқ, жорий йилда вилоятимизда умумий ҳажми 695,3 миллиард сўмга тенг 2 минг 517 та ипотека кредити ажратилиши назарда тутилган. Уларнинг 1 минг 920 таси (519,6 миллиард сўм) давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайта молиялаштириладиган кредитлар бўлиб, шундан 1 минг 420 таси (468,6 миллиард сўм) янги уй-жой сотиб олиш учун, 500 таси (51 миллиард сўм) эса якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун берилади. Яна 597 та ипотека кредити (175,7 миллиард сўм) "Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси" АЖ томонидан қайта молиялаштирилади.
Субсидияларга келсак, вилоятимизда 2024 йилда ипотека кредитлари бўйича 1 минг 800 та субсидия тўлаш белгиланган бўлиб, уларнинг 1 минг 300 таси янги уй-жой сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича (жами 51,9 миллиард сўм, шундан 39 миллиард сўм дастлабки бадалнинг бир қисмини, 12,9 миллиард сўм фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун), яна 500 таси якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ажратиладиган кредитлар бўйича (жами 10,5 миллиард сўм, шундан 9 миллиард сўм дастлабки бадалнинг бир қисмини, яна 1,5 миллиард сўм фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун) тўланади. Шу билан бирга 2020-2023 йилларда ажратилган ипотека кредитлари бўйича фоиз тўловлари учун умумий ҳажми 73,9 миллиард сўмга тенг 3 минг 765 та субсидия берилади.
Президентнинг "2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида, шунингдек, мамлакатимизда уй-жой соҳасидаги ислоҳотларни самарали ташкил этиш, "Янги Ўзбекистон" массивлари ва замонавий кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш ҳамда банклар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларни қайта молиялаштириш механизмларини амалиётга кенг жорий қилишга қаратилган бошқа чора-тадбирлар ҳам жамланди.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими Муротжон Азимов томонидан шу йил 10 майда қарор қабул қилиниб, тегишли раҳбарлар зиммасига вилоятимизда замонавий архитектура кўринишига эга бўлган 6 минг 500 хонадондан иборат кўп қаватли уй-жойлар, шу жумладан, "Янги Ўзбекистон" массивларида 1 минг 858 хонадонли 61 та кўп қаватли уй-жой ҳамда ижтимоий соҳа, транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг ўз вақтида қуриб битказилишини таъминлаш вазифаси юклатилди. Айни пайтда ҳужжатда олдинги йилларда барпо этилган массивларнинг бўш турган ер участкаларида ва уй-жойга талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда қуриладиган уй-жойларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлаш, уй-жойлар қуриш учун зарур бўлган ер участкаларини электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш, кўп қаватли уй-жойлар қурилишида энергия тежамкор материаллардан фойдаланиш ҳамда ушбу уй-жойларни қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, ҳоким қароридан вилоятда реновация лойиҳалари амалга ошириладиган массивларни танлаб олиб, бу борада манзилли дастурни тасдиқлаш ҳамда уй-жой таннархини пасайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, туман (шаҳар)ларда уй-жойлар нархи асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш бўйича ҳам аниқ топшириқлар ўрин олди.
Ҳужжатга асосан вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси туман ва шаҳар ҳокимлари билан биргаликда бир ой муддатда "Онлайн маҳалла" электрон платформасида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар рўйхати юритилишини, "маҳалла еттилиги" билан биргаликда камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун кредит олган фуқароларнинг мунтазам даромад олиш имконини берадиган фаолият турлари билан банд бўлишларини таъминлаши шарт.
Шунингдек, ҳоким қарорида кўп квартирали уй-жойларни қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларида ортиқча иш ҳажмлари кўрсатилиши ва асоссиз оширилган нархлар киритилишининг олдини олиш, уй-жойларни қуриш ва фойдаланишга топшириш жараёнларида ортиқча бюрократик тартиб-таомиллар, коррупция ва қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмаслиги юзасидан зарур чоралар кўриб бориш зарурлиги ҳам уқтирилди.
Ўз мухбиримиз