Меню

Қашқадарё

26.05.2020 1588

Аҳолига ун тарқатилди. Ортидан бир неча масъул ва фуқаролар қонун олдида жавоб беришига тўғри келмоқда

Хўш, нега дерсиз?

Гап шундаки, Нишон туманидаги Жалажин маҳалласи раиси Ш.Худоёров, МФЙ маслаҳатчиси М.Эшонқулова, котиби М.Мусаева ун тарқатиш жараёнида карантин қоидаларига риоя этишмаган, шу маҳаллада яшовчи фуқаролар - Г.Қурбонова, О.Жўраева, С.Юлдошев, З.Бобожонова, Б.Қаҳҳоров, Ж.Қурбонов, Б.Отамуродов, К.Тўхтаев ижтимоий оралиқ масофани сақламаган ҳолда, тиббий ниқобсиз жамоат жойида бўлишган.

Ушбу манзара видеотасвирга олиниб, бу ҳақда интернетда "Нишонда ун тарқатиш: ниқобсизлар, кексалар, оралиқ масофа ярим қарич ҳам эмас" сарлавҳали мақола ҳам чоп этилган. Натижада Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Нишон тумани бўлими ҳолатни ўрганган.

Ўрганишлар давомида аҳоли ва маҳалла масъуллари қаторида "Қашқадарё таъмир монтаж" МЧЖ раҳбари Э.Тўраев Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳамда 2020 йил 15 мартдаги коронавирус пандемияси шароитида республика аҳолисига давлат ресурслари ҳисобидан ун маҳсулотларини тизимли ва кафолатли етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисидаги йиғилиш баёни талабларига амал қилмагани маълум бўлган.

Натижада мансабдор ва бошқа шахсларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, ҳудуд профилактика инспектори Ш.Аминов, туман солиқ идораси ходимлари - А.Тошматов, А.Файзуллаев, санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари - Х.Даминов, Х.Хўжамуродовнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Нишон тумани прокуратурасига юборилди.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!