Меню

Қашқадарё

10.11.2020 3311

АҲОЛИ ТУРМУШ ДАРАЖАСИ ҚАНДАЙ ЎЗГАРАЯПТИ?

Долзарб статистика

Коронавирус пандемияси юртимизда аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръатларига сезиларли таъсир этди, дея маълум қилади Давлат статистика қўмитаси.

Бир қарашда - ўсиш, аслида - пасайиш

Аҳоли турмуш даражаси ва кузатувлари статистикаси бошқармаси томонидан кенг оммага тақдим этилган шарҳда таъкидланишича, шу йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатимизда аҳолининг умумий даромадлари 284,7 триллион сўмни ташкил қилган. Бу борада ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 113,1 фоизлик номинал ўсиш кузатилган бўлса-да, истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли реал ўсиш суръати      99,7 фоизга тенг бўлган, яъни 0,3 фоизлик пасайиш қайд этилган. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса умумий даромад салмоғи реал кўринишда янада кескинроқ - 2,3 фоизга камайган. Ваҳоланки, ўтган йилнинг шу даврида мазкур жабҳада 122,3 фоизлик номинал ва 107,1 фоизлик реал ўсиш эътироф этилган.

Ҳудудлар кесимида жорий йилнинг тўққиз ойида аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми фақат Қорақалпоғистон Республикаси (100,9 фоиз) ҳамда Жиззах (100,2 фоиз), Самарқанд (101,5 фоиз) ва Навоий (103,3 фоиз) вилоятларида реал ҳолатда ўсган. Бошқа вилоятлар ва пойтахтда бу борада ортга силжиш кўзга ташланмоқда.

Қашқадарёда шу йил январь-сентябрь ойларида аҳоли жон бошига тўғри келадиган умумий даромадлар ҳажми 7 миллион 31,6 минг сўмни ташкил этиб, ушбу рақам Тошкент шаҳри (16,4 миллион сўм), Навоий (13,5 миллион сўм), Бухоро (10,5 миллион сўм), Тошкент (8,8 миллион сўм) ва Хоразм (8,6 миллион сўм) вилоятлари, шунингдек, республика (8,3 миллион сўм) кўрсаткичларидан анча  пастдир.  Вилоятимизда бу жабҳада номинал ўсиш суръати 108,6 фоиз, реал пасайиш эса 2,2 фоизга тенг бўлган.

Ёлланма ишчилар даромадлари анча камайган

Воҳамизда аҳоли умумий даромадлари таркибида меҳнат фаолиятидан (яъни ёлланиб ишловчиларнинг иш ҳақи ва мустақил равишда банд бўлишдан) олинган даромадлар улуши 68,5 фоиз, шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлар ва мол-мулкдан олинган даромадлар 3,8 фоиз, трансфертлар (яъни пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар каби ижтимоий трансфертлар ҳамда пул ўтказмалари ва бошқа жорий трансфертлар)дан олинган даромадлар 27,7 фоизни ташкил этган.

Энг ачинарлиси, вилоятимизда шу йилнинг тўққиз ойида ёлланма ишчилар даромадлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоизга камайган (таққос учун: 2019 йил январь-сентябрь ойларида ўсиш суръати 121,2 фоизга тенг бўлган). Аҳоли даромадларининг ушбу тури бўйича Қашқадарёдагидек салбий ҳолат мамлакатнинг бирорта ҳудудида қайд этилмаган. Аксинча, айнан шу вақт ичида Сурхондарё вилоятида тегишли кўрсаткич 109,9 фоизга, Тошкент шаҳрида 114,1 фоизга, Навоий вилоятида 117,4 фоизга ортган. Бошқа ҳудудларда ҳам ёлланма ишчилар  даромадлари 105,6 фоиздан тортиб 109,2 фоизгача ўсган.

Мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар улуши эса вилоятда аҳоли умумий даромадларининг қарийб ярми (48,7 фоиз)га тенг бўлди. Бу юртимизнинг барча ҳудудлари ўртасида Жиззах (57,7 фоиз) ва Бухоро (51,9 фоиз) вилоятларидан кейинги энг юқори кўрсаткичдир.

Мол-мулкдан олинган даромадлар, яъни фоизлар ва    муаллифлик ҳақи, дивидендлар ва бошқа мулкий даромадлар ҳажми бўйича Қашқадарёда 122,6 фоизлик кўпайиш кузатилган, аммо бу даромад турининг умумий даромадлар таркибидаги улуши ниҳоятда паст бўлгани боис якуний кўрсаткичга сезиларли таъсир этмаган.

Умумий даромаднинг 16 фоиздан ортиғи - пул ўтказмалари

Шу йилнинг тўққиз ойи мобайнида юртимизда айрим ижтимоий трансфертлар, масалан, пенсия ва нафақалар миқдорининг ўзгариши ҳам аҳоли умумий даромадларининг кўпайиши учун замин яратди. 2019 йилнинг мос даври билан таққослаганда мамлакатимизда пенсия ўсиш суръати 120,9 фоиз, нафақаларнинг ўсиш суръати эса 159,2 фоизни ташкил этди.

2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакат миқёсида 5,2 триллион сўм миқдорида нафақа ва моддий ёрдамлар ажратилди. Шундан 50,5 фоизи бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, қолган 49,5 фоизи республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди. Вилоятимизда бу нисбат 40 фоизга 60 фоиз бўлди.

Аҳоли умумий даромадлари ҳажмида республикамиз ташқарисидан келиб тушадиган пул ўтказмаларининг улуши ҳам анча салмоқлидир. Вилоятимизда шу йилнинг тўққиз ойи якунига кўра уларнинг ҳиссаси 16,3 фоизга етди (таққос учун: ўтган йилнинг мос даврида тегишли рақам 15,7 фоизга тенг бўлган). Бу борадаги энг юқори кўрсаткичлар Самарқанд ва Хоразм (22,3 фоиздан) ҳамда Андижон (20,1 фоиз) вилоятларида, энг паст кўрсаткичлар эса Жиззах (7,1 фоиз), Тошкент (5,8 фоиз), Навоий (4,4 фоиз) вилоятларида қайд этилган.

Эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган яна бир жиҳат - ҳудудимизда кичик тадбиркорликдан олинган даромадларнинг аҳоли умумий даромадларидаги улуши ўтган йилнинг шу давридаги 63,3 фоиздан 62,7 фоизгача камайган.

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!