Меню
Қашқадарё
АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ - ЭЪТИБОРДА
Эртага якунланадиган ушбу тадбир тиббий-профилактика ишларини янада такомиллаштириш, фертиль ёшидаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар ҳолидан хабар олиш ва тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни кенгайтириш каби мақсадларни қамраб олди.
- Патронаж ҳамширалари нафақат ўзига бириктирилган хонадон аъзоларининг саломатлиги, балки оиланинг ижтимоий ҳолатидан ҳам хабардор бўлишди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Елена Парембо. - Негаки инсон саломатлигини асраш кўп омилларга боғлиқ бўлиб, бу жараёнда оиладаги тиббий маданият даражаси, турмуш тарзи, психологик, ижтимоий муҳит, тозалик, ҳудуддаги экологик ҳолат каби масалалар ҳам муҳим роль ўйнайди.
Жорий йилда учинчи бор ўтказилган мазкур ойликда 7000 нафарга яқин патронаж ҳамшираси, 1500 нафарга яқин умумий амалиёт врачлари фаол қатнашди.
– Патронаж ҳамшираси ўз сумкасига эга. Унда тонометр, фонендоскоп, чақалоқлар тарозиси ва бошқа тиббий асбоб-ускуналар мавжуд, – дейди Қарши шаҳридаги 6-оилавий поликлиника бош шифокори ўринбосари Холида Кенжаева. – Патронаж ойлиги доирасида шифокор ва ҳамшираларимиз хонадонларга бориб, оилаларнинг ҳар бир аъзоси билан яқиндан суҳбатлашиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишди. Бундан ташқари, Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси ходимлари ҳам ҳамшираларимизга кўмак беришмоқда. Муҳими, бундай ғамхўрликдан аҳоли жуда мамнун.
Ойлик давомида аҳолига оилада соғлом муҳитни шакллантириш, яқин қариндошлар орасидаги никоҳга йўл қўймаслик, ногирон болалар туғилишининг олдини олиш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан ҳам маслаҳат ва тушунчалар берилди.
- Ҳар куни камида 6 та хонадонга кириб, оилалардаги тиббий-ижтимоий ҳолатни ўргандик, – дейди патронаж ҳамшираси Зуҳра Қодирова. – Мен биркитилган ҳудудда охирги икки йилда қизларни эрта турмушга узатиш, қариндошлар ўртасидаги никоҳ, туғма ногиронлик, юқумли касалликларга чалиниш ҳолатлари қайд этилмади. Айтиш мумкин, бу натижаларга юртимизда аҳоли соғлиғини сақлаш борасида амалга оширилаётган ана шундай тадбирлар асосида эришилмоқда.
Патронаж ойлиги тадбирларини ташкил этишда оилалар билан бир қаторда, ҳудудлардаги таълим ва бошқа тиббий-ижтимоий муассасалар қамраб олинишига ҳам эътибор қаратилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Суратларда: Қарши шаҳридаги 6-оилавий поликлиника патронаж ҳамширалари.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.