Меню
Қашқадарё
АҲОЛИ ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ЯХШИЛАНИШИНИ 30 ЙИЛ КУТДИ, МАСЪУЛЛАР ЭСА ЯНА КУТИШСИН ДЕМОҚДА
Муаммо, мулоҳаза, муносабат
Чироқчининг Паканди аҳоли яшаш пункти туман марказидан уч-тўрт чақирим масофада жойлашган. Маҳалла аҳли помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон ва бошқа сабзавотлар кўчатларини етиштириб, нафақат туман ёки вилоят, балки қўшни вилоятлар бозорларига ҳам етказиб бермоқда. Улар бу соҳада анчагина ном қозонишган, одамларнинг асосий тирикчилик манбаи ҳам шундан.
Аммо ҳудудда бир қатор ижтимоий муаммолар тўпланиб қолганки, оилавий тадбиркорликнинг бошқа йўналишларига қўл уриш, турмуш фаровонлигини ошириш тугул, ўзлари яхши ўзлаштирган иш - кўчатчилик билан шуғулланиш ҳам тобора қийинлашиб бормоқда. Хусусан, маҳалланинг бир қисмида оқова сув, тоза ичимлик суви, йўл муаммоси мавжуд. Одамлар бу муаммоларга анча кўникиб ҳам қолишган. Ариқдан оқова сув келмай қўйганидан буён экинларни суғориш учун қўлбола қудуқлар қазиб, кичик насослар ёрдамида шўр бўлса-да, ер ости сувидан фойдаланаяпти, ичимлик сувини ҳар куни икки чақирим наридаги "артезиан"дан ташиб келишаяпти. Ички йўллар қишда лой, ёзда тупроқ бўлса-да, кун ўтмоқда. Лекин одамларнинг тинкасини қуритган, уларнинг ўз кучлари билан ҳал қилиб бўлмаётган яна бир муаммо борки, бу электр энергияси таъминоти билан боғлиқ. Хусусан, маҳалланинг энг чекка ҳудуди - Эргаш Бойматов гузарида жойлашган хонадонлар бу муаммодан қарийб ўттиз йилдан буён азият чекади.
- Бу гузардан уй-жой қуриш учун ер участкалари 1989 йилда ажратилган эди, - дейди аҳоли вакилларидан бири Дилшод Пардаев. - Биз эса 1990 йилдан уй-жой қуриб, кўчиб келишни бошлаганмиз. Ўша пайтда ҳам электр линиясини тортиб беришни сўраб, мутасаддиларга бир неча маротаба мурожаат қилгандик. Натижа бўлмагач, ўзимиз икки километр масофадаги мактаб трансформаторидан қўлбола усулда сим тортиб келдик. Аммо янги хонадонлар кўпайиб бориши натижасида бу симлар, симёғочлар талабга жавоб бермай қолди. Ҳамма ўз ҳолича сим тортиб олди. Аксарият симлар бетартиб равишда уйлар устидан ўтган, кўпчилигига ёш болаларнинг ҳам қўли етади. Бу жуда хавфли. Трансформаторнинг қувватига нисбатан юклама катта. Маиший техникалар умуман ишламайди, чироғимиз ҳам хира. Тез-тез қўлбола ҳаво линияларининг ёниб кетиши, ҳаминқадар симёғочларнинг йиқилиб тушиши, трансформатор портлаши каби ҳолатлар натижасида ҳафталаб, ойлаб светсиз қолиб кетамиз. Энг ёмони, ҳамма хонадонлар кўчат етиштиради, унга сувни насос орқали ер остидан олишимиз керак. Свет бўлмагач, сув ҳам бўлмайди. Кўп ҳолларда меҳнатимиз барбод бўлиб, зарар кўрамиз.
Маҳалла аҳлининг айтишича, улар бу муаммони ҳал қилиш учун қарийб 30 йилдан буён турли ташкилотларга мурожаат қилади, аммо натижа йўқ.
- Бизнинг мақсадимиз вазирлигу ҳокимликлар билан хат ёзишиш эмас, - дейишди улар. - Чора истаб бормаган ташкилотимиз, ёзмаган идорамиз қолмади. Лекин ҳамма мурожаатимизга тушунтириш бериш билан чекланилмоқда. Шу вақтгача бирор бир масъул келиб, ҳолатни ўрганган, муаммони ҳал қилишга уриниб кўрган эмас. Фақат жавоб хатларигина келади, холос. Қўлимизда бундай хатлар даста-даста бўлиб кетган, амалий натижа бўлмаса, бу қоғозлардан нима наф?
Одамлар қўлимизга тутган ана шундай жавоб хатларидан бирига кўз югуртирамиз. У - маҳалла аҳлининг 2008 йил декабр ойида "Ўзбекэнерго" давлат акциядорлик компаниясига йўллаган мурожатига орадан 3 ой ўтиб, яъни 2009 йилнинг март ойида компаниянинг бўлим бошлиғи С.Юсуповдан келган жавоб. Унда ҳам мутасадди мактаб учун қурилган 248-сонли трансформатордан қишлоқдаги 48 та хонадонга ҳаво кабеллари орқали электр энергияси берилаётганию, якка тартибда қурилган уй-жойларни электрлаштириш ишлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини билдириш билан чекланган.
Кейинчалик яна тизимга оид кўплаб ташкилотлар, жумладан, жорий йилнинг февраль ойида "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти директори Анвар Музапов, Чироқчи тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи Шавкат Холов томонидан йўлланган жавоб хатларида ҳам худди шундай мазмун мужассам. Мутасаддилар масъулиятни бир-бирига ағдариш билан овора.
Маҳалла аҳли эса ҳар бир мурожаат ортидан нажот кутиб, йилларни ўтказишмоқда. Эътиборни тортган бир жиҳат - аҳолининг 2003 йилда масъул ташкилотлардан бирига ёзган мурожаати "Бу йил мамлакатимизда "Обод маҳалла йили" деб номланди. Бизнинг маҳалламизга ҳам янги трансформатор қўйиб берилса...", деган жумлалар билан бошланган бўлса, кейинчалик Ижтимоий ҳимоя йили, Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили, Обод турмуш йили, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ҳам зора бизнинг ҳудудга ҳам бирор раҳбар эътибор қаратиб қолар, деган мақсадда уларга мурожаат қилишда давом этаверишган. Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида ҳам фарзандлари хира чироқ ёруғида дарс қила олмаётгани, электр қуввати пастлиги боис телевизор кўрсатмаслиги, юртимизда ва хорижда кечаётган янгиликлардан бехабар қолаётганини айтиб, мутасаддилардан нажот кутишмоқда.
Хўш, Паканди маҳалласининг Эргаш Бойматов гузарида яшаётган аҳолининг бу муаммосини ҳал этиш чораси борми? Унда мутасаддилар нега масалага реал ечим қидириш ўрнига отангга бор, онангга бор қабилида иш кўришмоқда?
- Тўғри, бу муаммодан хабарим бор, - дейди Чироқчи тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи Шавкат Холов. - Биз ҳар йили белгиланган дастур асосида ҳудуддаги маҳаллаларда трансформаторлар, устун ва ҳаво линияларини янгилаш, таъмирлаш бўйича ишларни амалга ошириб келаяпмиз. Агар дастурга тушса, Пакандида ҳам электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қиламиз.
Чироқчи тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, 2018 йилда туманда 50 та, ўтган йили эса 36 та трансформатор янгиланган. Режа бўйича бу борада катта ишлар бажарилаяпти. Пакандида ҳам навбати билан электр таъминоти яхшиланади.
Мутасаддилар ваъда беришмоқда, аммо бу билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Суриштириб билганимиз шу бўлдики, ушбу маҳалла бу йил ҳам ободонлаштириш, қурилиш, таъмирлаш каби ишлар олиб борилиши кўзда тутилган бирорта дастурга кирмаган. Келгуси йилга навбатда турган ҳудудлар орасида ҳам йўқ. Унда 30 йилдан буён электр таъминоти яхшиланиши билан боғлиқ оддий муаммога ечим кутаётган маҳалла аҳли яна қанча кутиши керак? Ўн йил, балки йигирма... ўттиз йилдир...
Шу жойда фикримизга хулоса ясамоқчи эдигу, туман ҳокими ўринбосари Ўктам Абдураҳмонов телефон қилиб қолди.
- Аҳоли вакиллари билан ҳам, туман электр таъминоти корхонаси раҳбари билан ҳам гаплашдим, биз ушбу маҳаллага трансформатор ўрнатиш ва электр таъминотини яхшилашни келгуси йил қўшимча равишда дастурга киритамиз, - деди у. - Муаммо ҳал этилади.
Нима ҳам дердик, муддатсиз йилларни кутишдан кўра, келгуси йилни кутиш анча осон. Энди гап ҳоким ўринбосарининг ваъдасида туришида.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.