Меню
Қашқадарё
АҲОЛИ ДАСТУРХОНИГА 60 ТОННА ПАРҲЕЗ ГЎШТ
- Истеъмолчилар орасида товуқ гўштига эҳтиёж тобора ошиб бораяпти, биз эса бу талабни баҳоли қудрат қаноатлантириш ҳаракатидамиз, - дейди корхона раҳбари Холмирза Турумов. - Аниқроғи, жорий йилда маҳсулот етиштириш ҳажмини кескин оширмоқчимиз. Қўшимча 40 минг товуқ боқиш имконини берувчи цех қуришни режалаштираяпмиз. Натижада корхонамизда етиштирилаётган гўшт салмоғи икки баробар ортади. Бу истиқболли лойиҳани ўз маблағимиз ва тижорат банки кредити ҳисобидан амалга ошириш ниятидамиз. Янги келтирилган жўжаларни Хитой технологияси асосида парваришлаймиз. Бу анча тежамкор усул бўлиб, кетадиган сарф-харажатларни сезиларли камайтиришга хизмат қилади. Мисол учун, зарур озуқа ва сув автоматлаштирилган ҳолда узатилади. Шунингдек, цех замонавий вентиляция тизими билан жиҳозланади. Бу эса жўжаларнинг маромида етилиши ва ривожланиши учун қулайлик туғдиради.
Ишбилармоннинг қайд этишича, лойиҳа ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилгач, 8 та янги иш ўрни яратилади. Етиштирилажак маҳсулотни нафақат воҳамиз, балки юртимизнинг бошқа вилоятлари бозорларига ҳам чиқариш мақсад қилинган.
М.ЖЎРАЕВ