Меню
Қашқадарё
АҚЛЛИ ОДАМЛАР ПОДШОҲЛАРНИНГ МАРҲАМАТИГА ИШОНЧ БИЛДИРМАЙДИЛАР...
Сараланган сатрлар
"Маҳбуб ул-қулуб" ("Кўнгилларнинг севгани") улуғ мутафаккир, буюк шоир Алишер Навоий ёзган охирги асар бўлиб, "болаликдан то қариликка қадар кўҳна даврон воқеаларидан, айланувчи осмон ҳодисаларидан, фитна қўзғовчи дунё буқаламунлигидан" ҳикоя қилади. Китобда инсон, халқ, мамлакат учун нима фойдаю нима зарар экани ҳақидаги муҳим фикрлар ўрин олган. Яна бир жиҳати, Навоий давлат бошқарувида вазир, ҳоким, муҳрдор сифатида иштирок этганки, буюк аждодимизнинг бу борадаги қарашлари ҳам эътиборга молик. Бир дунё ҳикматга эга бўлишни истайсизми, унда "Маҳбуб ул-қулуб"дан қўймасин. Ҳар ҳолда китоб 500 йиллик вақт ва ўқувчи синовидан эсон-омон ўтиб келмоқда...
* * *
Кимки шоҳга хизматкор ва қарам бўлса, иши ва муносабати ҳам шоҳникига ўхшаш бўлади. Агар шоҳ адолатпарвар бўлса, аҳолисида ҳам адолат асарлари бўлади. Агар шоҳнинг одати халққа зулм қилиш эса, эли ҳам зулм фикри билан яшайди. Агар шоҳ эътиқодли бўлса, халқининг шиори ҳам ислом ва дин бўлади. Агар шоҳ кофиртабиат бўлса, қарамоғидагиларда ҳам шундай кофирлик феъли бўлади.
Донишмандлар шоҳни улуғ, пишқириб оқадиган дарёга; аҳолиси ва яқинларини эса дарё атрофидаги анҳорларга ўхшатадилар. Дарё сувида қандай хосият ва кайфият бўлса, анҳорларида ҳам шу каби кайфият ва хосият бўлади. У аччиқ бўлса - бу аччиқ; у чучук бўлса - бу чучук. У лойқа бўлса - бу лойқа, бу тиниқ бўлса - бу тиниқ.
* * *
Қози қонун йўлидан бир қадам ҳам тоймаслиги - тўғри йўлдан чиқмаслиги лозим. Ахир, тўғри чизиқ оғдирилса, эгри бўлади. Чолғу асбобининг тори созланмаган бўлса, овози бузилади. Модомики, ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим.
* * *
Табиб агар, ўз касбида моҳир бўлсаю, аммо ўзи бадфеъл, бепарво ва қўпол сўз бўлса, беморни ҳар қанча муолажа қилганда ҳам, бари бир унинг мизожида ўзгариш пайдо қила олмайди. Табобат фанидан саводсиз табиб худди жаллоднинг шогирди кабидир. У тиғ билан ўлдирса, бу заҳар билан азоблайди. Шубҳасиз, жаллод бундай табибдан яхшироқдир: зеро, у гуноҳкорларни ўлдиради, бу эса бегуноҳларни ҳалок қилади.
* * *
...инсоф билан айтганда, ҳар қандай иродали одамни ҳам биргина бола тарбияси чарчатади. Мактабдор домла эса бир тўда болага илм-адаб ўргатади. Бунга нима етсин! Лекин шуниси ҳам борки, болалар орасида фаҳми идроки озлари бўлади. Муаллим бу каби ҳолларда юзлаб машаққат чекади. Шу жиҳатдан олганда, болаларда унинг ҳақи кўп; агар шогирд улғайгач, подшоҳлик мартабасига эришса ҳам ўз муаллимига қуллуқ қилса арзийди.
* * *
Саодатманд одам агар олим бўлса, нодонларнинг сўзлари ҳам унинг учун аҳамиятли бўлади, бахтсиз агар жоҳил бўлса, олим сўзини эшитишдан ор қилади. Ҳақиқатан ҳам жоҳилликдан бадбахтроқ нима бор дунёда? Кимки ўзини ўзи мақтаса - бу аҳмоқликдир; кимки ўз сўзини ўзи маъқул кўрса - бу бахтсизликдир.
* * *
Камтар одамлар кўп гапиришдан қочадилар; улар кўп эшитмоқни истайдилар ва ёқтирадилар. Эшитмоқ - кишини бойитади; кўп гапирмоқ - саёзлатади. Кўп гапирган - кўп янглишади. Кўп еган - кўп йиқилади. Тан касалининг асоси - кўп емакдир, қалб касалининг сабаби - кўп демакдир.
* * *
Сайёра ва юлдузларни кузатиб, ҳукм чиқарадиган мунажжимлар нуқталарни ҳисоблаб, лоф урадиган фолбинга ўхшайди. Унинг ўлчов жадвали - бўлмаган нарса. Тушунтиришлари ва осмон жисмлари ҳаракатига оид гапларнинг ҳаммаси хато. Устурлоби узоқроққа улоқтирилиши керак бўлган асбоб. Ойни кузатувчи анжоми бутунлай бефойда, натижа бермайдигандир. Бу асбоб-анжомларга асосланиб, сўз юритувчи мунажжимлар Ҳақнинг қазо ва тақдир ҳақидаги сўзини унутган ғофиллардир.
* * *
Кимки халққа кўрсатиб эҳсон берса, у пасткаш, сахий эмас. Тилагандан сўнг бериш ҳам саховатдан йироқдир, қисташ натижасида бергандан - бермаган яхшироқдир.
* * *
Фосиқ олим - ўзига золим донишманддир; давлатманд бахил - ўз зиёнини кўзловчи нодондир. Бу икки тоифа - умрни бекорга ўтказади ва гўрга ҳасрату армон олиб кетади. Ахир, буларнинг бири - илм ўрганиш учун қанча машаққат тортди, лекин илмига амал қилмади; иккинчиси - мол-дунё йиғиш учун кўп овора бўлдию, нимага сарфлашни билмади.
* * *
Илм ўрганмоқ - эътиқодни мустаҳкамлаш учундир, аммо бойлик орттирмоқ учун эмас. Саховатсиз бой - ёғинсиз булутга ўхшайди; илмига амал қилмаган олим - устига китоб ортилган эшакка ўхшайди.
* * *
Ақлли одамлар подшоҳларнинг марҳаматига ишонч билдирмайдилар; донишманд кишилар тентакларнинг гап-сўзига ишонишни ўринли демайдилар. Зеро, у бири нима қилса - ихтиёри ўзидадир; тентак эса беихтиёрдир; аммо ақлли одам иккаласидан ҳам эҳтиёт бўлиши яхшидир.
* * *
Мастнинг сўзига ҳикматга зид жавоб бериш - ақлли одамнинг иши эмас; эси бор одам телба кишининг имо-ишорасига ҳам ақл талабидан ташқари бирон сўз демас.
* * *
Сайёднинг балиққа қармоқ ташлаши - нафс муддаоси учун; балиқнинг қармоққа илинмоғи ҳам худди шу бало учун.
* * *
Оғзига келганни демоқ - нодоннинг иши ва олдига келганни емоқ - ҳайвоннинг иши.
* * *
Олим киши бир жоҳилни қаршисига ўтқазиб, уни мулзам қилишни истаса, бу олимнинг ўзи учун ҳақоратдир. Олим, аввало, ўз илмининг даража ва салмоғини асраши керак, гавҳарни синаб кўриш учун тошга урмаслиги лозим.
* * *
Гавҳар балчиққа тушгани билан - қиймати камаймас; эшакмунчоқни тожга таққан билан феруза ўрнини тутмас ва ҳеч ким унинг баҳоси пастлигини унутмас.
* * *
Кимки, хатосини бўйнига олмай, беҳуда далил келтириб алжирай берса, гуноҳи янада ортади. Хато қилган ўзини қанчалик лоф уриб оқласа, хатоси шунчалик рўйирост кўринади.
* * *
Қобилиятли одамни тарбия қилмаслик - зулмкорлик ва ноқобил одамга тарбия ҳайфдир. Унисини тарбиянгни аяб нобуд қилма, бунисига тарбиятингни зоеъ қилма.
* * *
Қариялар муҳтожликка тушиб қолса, касб-ҳунар қила олмаса ва тилашга тили бормаса, уларга раҳм-шафқат қилишга шошил ва қўлингдан келганча эҳсон қил. Лекин, камбағал йигит кетмон чопа олса, ўтин ташимоқни уддаласа, унга эҳсон қилмоқ - исроф қилмоқдир.
* * *
Тинч ва хотиржамлик билан ичилган ёвғон умоч, хижолат ва машаққат билан ейилган қандли кулчадан яхшироқ. Эски чопон билан бемалол тупроқда ўтирмоқ - зарбафт тўн кийиб биров олдида тик тургандан яхшироқ.
* * *
Беҳаё - дўстликка ярамас; нопок - сирдошликка ярамас... Эрнинг қилиғи - сутнинг илиғи. Ясанчоқ эркак - мард эмас; капалак - парвона бўлмас. Дўст жабридан - инграма; душман зулмидан - зорланма.
* * *
Ҳар кимни ҳам сирингга маҳрам дема; бу сифат олам аҳлида кўп дема. Сирингни асраш ўзингга малолдир, бошқа бировнинг уни асрамоғи маҳолдир.
* * *
Киши ўз молидан қанча фойдаланса - ўзиники; қанча асраса - ўзганикидир. Заҳмат билан топганингни ўзингдан аяма; дўстлар билан меҳнат қилиб топганингни душманлар учун асрама.
* * *
Шоҳларнинг раъйи келса, айбни топиш - ҳунардир; ҳар бир маъқул иш - улар қошида гуноҳдан баттар; бундай зот хизматини ўз ихтиёри билан қилмоқчи бўлган одам - тентак эшак. Киши фойдаланиш учун шер асрайман дейдими? Яхши хосиятга эга бўлиш умидида заҳар ичадими? Подшоҳлар хизматини қилиш учун жасорат кўрсатмоқ - ўз ҳаётининг ипини ўз қўли билан узмоқ ва ичиш учун заҳар тиламоқдир. Уларга яқин бўлишни истамоқ ўз ўлими учун бало тиғини раво кўрмоқдир. Уларнинг кулишлари чақмоққа ўхшайди. Ёруғлиги эътиборсиз бўлган чақмоқ куйдирганда гавдадан асар қолдирмайди.
* * *
Ақлли одам ёлғон гапирмас; аммо, барча рост гапни айтавериш ҳам тўғри эмас. Бировнинг кўзи ғилай - ногирондир; аммо, бунга у айбдор эмасдир... Бировни ноҳақ хижолатга солмоқ - ўз нодонлигини изҳор қилмоқ ва бир кўнгилни оғритмоқдир. Бу каби кишини хафа қиладиган чин сўздан кўра зарурат юзасидан - ўрни билан гапирилган ёлғон яхшироқдир.
* * *
Мастлар орасида бўлган ҳушёр - ҳушёрлар орасидаги маст билан баравар.
* * *
Яхшилик қила олмасанг - ёмонлик ҳам қилма. Яхшиликни ёмонликдан яхшироқ деб билмасанг, ёмонроқ деб ҳам билма. Яхшилик қилишни билмасанг, яхшиларга қўшил; яхшилик атрофида айлана олмасанг, яхшилар атрофида айлан.
Б.ЎКТАМ тайёрлади.