Меню

Қашқадарё

08.11.2016 1906

ҲАҚИҚИЙ ҲУСН

 

- Бўйинг баландгина, қаддинг бирам келишган-а? – ҳасади келди дугонасининг. – Ҳар қандай кийим ярашаверади...

- Гўзалсиз...

- Латофатлисиз...

- Тенги йўқсан...

Бу каби илтифотлар, эътирофларни эшитгани сари ўзига, ҳуснига маҳлиё бўлиб бораверди ва ахийри дунёда ўзидай бошқа соҳибжамол йўқлигига ишониб қолди: у ҳаммадан чиройли, ҳамма унга ҳавас қилади... У чиройига бино қўйди. Бошқа барча нарса – чиройли феъл, гўзал табиат, ярашиқли одат-фазилатларни ўзидан нари суриб қўя қолди. “Гўзаллигим ҳаммасидан ўтади”, деди. “Хушрўй эканман, доим ишим “беш” бўлади”, деди.

Вақт ўтди. Орзу-ҳавас билан турмушга чиқди. “Ҳаммадан чиройли қиз барчадан бахтли ҳам бўлади”, деб ўйлаганди. Аммо адашди. Ҳусни, чиройи оила, турмуш синовидан уни олиб ўтолмади – панд берди. “Муомаласи йўқ экан”, деди эри. “Қўлидан бир иш келмас экан”, деди қайнонаси. “Овқатида маза-матра йўқ”, дейишди қайинука-қайинсингиллари. “Саришта эмас экан”, дейишди қўшнилар. “Фақат чиройи бор экан-да, нон ботириб еб бўлармиди”, деб лаб буришди қолган қариндошлар...

Шунда билди: ҳусн ўткинчи экан. Аёл кишига асл ҳусн – одобу муомала, чиройли фазилату фаросат экан...

КЎЗА

Чўлда қаттиқ шамол кўтарилиб, қумга кўмилиб ётган кўза ташқарига чиқиб қолибди. Ичида шамол айланиб, ваҳимали ғувиллаган овоз чиқа бошлабди. Тулки буни эшитиб, аввалига каттароқ ҳайвон бўкираяпти, деб ўйлабди. Секин пойласа, кичкинагина кўза эмиш. Ичи бўш. “Ҳа-а-а, - деб ўйлабди ўзича, - демак, ичи бўш нарсанинг овози зўр бўларкан!”

Ҳаётда ҳам шундай. Истеъдодсиз, билими ҳаминқадар одамнинг дўқи баланд, шашти ваҳимали. Гўё ҳамма ундан қарздор, барча унга  тобедек. Сал тегинсанг, ичи бўш эмасми, овози

ЭНГ ЯХШИ УСТОЗ

Ҳаёт – энг яхши мураббий. Шундай сабоқ берадики, эсдан чиқмайди. Шундай йўл тутадики, ҳеч кимнинг ҳаққи ҳеч кимда қолиб кетмайди. Олдингми, қайтариб беришга мажбур қилади. Сендан олишса, то қайтармагунларича қўймайди.

Бу ҳақиқатни англаган одам атрофига ёруғроқ назар ташлайди. Гапини ўйлаб сўзласа, ҳар бир ҳаракатини назоратга олади. Қадамини билиб босади. Биладики, устози шафқатсиз. Англайдики, мураббий қаттиққўл.  Бугун кимгадир қилгани эртага ўзига қайтади. Саломига яраша алик, саволига яраша жавоб олади.

Буни англамаган-чи? У бошига бир иш тушса, ўзидан бошқа ҳаммани  айблайди. Ўша ташвишнинг асл сабаби ўзида эканини тушунтиришга уринсангиз, дарров ўзингизни лойга белайди...

Лекин уни ҳам бир куни ўша Устознинг ўзи яхшилаб “ўқитиб” қўяди. Элдан ажратади, ёлғиз қолдиради...

МЕРОС

Момо дунёдан ўтди. Фарзанду неваралар иззат-икром билан уни сўнгги йўлга кузатишди. Маъракалар ўтди. Ҳовлидан одамлар оёғи бироз узилди.

Қизлар, келинлар, невара қизлар момонинг уйига йиғилишди. Сандиқлар очилди. Бекадан қолган барча бисот чиқарилди. Кимдир момонинг асл матодан тикилган кийимларини олди. Яна биров ёшлигида таққан, кейин сандиққа солиб қўйган тақинчоқларига ҳавас қилди. Кимдир хум чойнагини олди, яна бировга бир даста асл чинни ликопчаси керак бўлди.

Фақат бир қизи нарсаларга жимгина бепарво қараб ўтираверди. Қолганлар уни ҳам ўзига бирор нима танлашга, мерос олишга ундашди. У бош чайқади.

- Онамдан менга унинг тарбияси, рўзғор тутуми, насиҳатию йўл-йўриғи қолган, етади. Энди булар ёнига онамнинг хотираси ҳам қўшилди. Шунинг ўзи катта мерос! – деди у.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!