Меню

Қашқадарё

03.03.2020 2122

ҲАҚИҚИЙ САНЪАТНИНГ ҚУВВАТИ

Ҳар қандай қўшиқ, мусиқа, спектакль ва расм ҳам санъат асари ҳисобланмайди. Ҳақиқий санъат киши руҳиятига озуқа, маънавий қувват беради. Ҳар бир инсон шундай асарларни кўриш, тинглаш ва улардан баҳраманд бўлишга одатланиши лозим.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида воҳамизнинг кўзга кўринган санъаткорлари иштирокида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда ана шу ҳақда батафсил фикр юритилди.

Мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг биринчиси доирасида, ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш мақсадида ташкил этилган бу ижодий учрашув "Ёшлар маданияти ва маънавий иммунитетини кучайтириш - тараққиёт омили" мавзусига бағишланиб, институтнинг касб таълими кафедраси томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими ва вилоят мусиқали драма театри билан ҳамкорликда уюштирилди.

- Минг афсуски, бугун кўпгина ёшларимиз енгил-елпи қўшиқларни тинглаб, ўзларининг эстетик дидини "ўлдираяпти", - деди тадбирда вилоят мусиқали драма театри труппа раҳбари, "Шуҳрат" медали соҳиби Қурбон Бердиев. - Уларга қарата, қимматли вақтингизни бундай қўшиқларга эмас, ҳақиқий мусиқа, ҳақиқий санъатдан баҳра олишга сарфланг, деймиз. Шундай йўл билангина инсон ўзида маънавий иммунитетни ҳосил қилиши ва кучайтириши мумкин.

ҚМИИ ахборот хизматининг хабар беришича, ижодий учрашув чоғида вилоят маданият бошқармасига қарашли намунали мақом ансамбли созанда ва хонандалари ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Шодиев "Ол хабар", "Муножот", "Жунун водийси", "Мубтало бўлдим санго" ва яна бир қатор классик қўшиқларни ижро этиб, ёшлар олқишларига сазовор бўлишди.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!