Меню

Қашқадарё

31.03.2020 2254

ҲАҚИҚИЙ МУҲАББАТ АСЛО ЙЎҚОЛИБ КЕТМАЙДИ

Мутолаа учун тавсия

Таниқли турк адиби Рашод Нури Гунтекин (1889-1956)нинг "Чолиқуши" романини ўқимаган севгану севилган қалб эгалари топилмаса керак. Зеро, бу асар беғубор болалик даври, севги-муҳаббатнинг тотли изтироблари, аёлнинг гўзал қалби, нозик диди ва севгига садоқати ҳақидаги мумтоз қўшиқдир. Асарни ўқиган киши "Ҳақиқий муҳаббат орада қанчалик тўсиқлар бўлишидан қатъи назар асло йўқолиб кетмайди" деган хулосага келади.

"Чолиқуши" романида кичик ёшида онасидан етим қолган Фериденинг ҳаёти баён қилиниб, асар воқеалари ҳаётий ҳикояларга таянилган ҳолда ёзилган. Асарнинг дастлабки тўрт қисми Фериденинг хотира дафтари сифатида унинг тилидан ҳикоя қилинади ва бешинчи қисмда Фериде ва Камроннинг топишиши ҳикоя қилинади. Феридедаги табиий гўзаллик ва самимийлик туфайли уни "Гулбашакар", "Ипак қурти" ҳам деб аташган. Асар муаллифи ўқитувчи бўлгани сабабли Феридени ҳам ўқитувчи сифатида гавдалантириб, Туркия тарихи, шу даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат, оилавий муносабатлар ва таълим-тарбия масаласига ҳам эътибор қаратган.

Француз қизлар мактабида ўқиётган вақтида Фериде ўзини шўх, шаддод ва ҳеч нарсадан тап тортмайдиган қиз сифатида намоён қилган. Фериде дарахтларга чиқиб олиб томоша кўрсатишларини кўрган ўқитувчиси унга "Чолиқуши" деб лақаб қўяди. Шунга қарамасдан у қизлар мактабида муаллимлик ва мусиқадан яхши таълим олади. Фериде таътил вақтларида холасиникига келиб юриб, Камронни севиб қолади ҳамда уни Наримон исмли гўзал ва ёш бева аёлдан рашк қилиб юради. Нозиктаъб Камрон ҳам Феридега бефарқ бўлмаганлиги сабабли улар унаштирилади. Мағрур Фериде Камронни яхши кўрса-да, ўзини бефарқ кўрсатишга ҳаракат қилади.

Камрон тўрт йилга Европага кетиб, қайтиб келгач тўй бошланиши арафасида Фериде Камроннинг Мунаввар   исмли аёл билан бўлган ишқий муносабатидан хабар топади ва унга хат қолдириб Онадўли тарафларга кетиб қолади. Фериде иш ва бахт излаб, шаҳар ва қишлоқларни кезиб, Хадича хоним каби яхши-ёмон одамларни учратиб, кўп қийинчиликларни бошидан ўтказади, Муниса исмли қизни асраб олади. Муниса эса касалликдан вафот этади.

Шу вақтларда Туркияда ўқитувчиларнинг иш ҳақи жуда кам эканлигини Фериде шундай тасвирлаган: "Мен муаллимликни очликдан ўлмаслик учун қабул қилган эдим. Ҳисобим тўғри чиқмади. Бу касб бир кун очликдан ўлдириши ҳеч гап эмас".

Табиатан қайсар Фериде кўп йиллар ғурури севгиси устидан ғалабага эришишига интилиб яшайди. Кўп эркакларнинг оила қуриш ҳақидаги таклифини рад этади. Адиб севган ва севилганларни Эҳсонбей каби севгисини изҳор қилишдан қўрқмасликка чақиради. Асарда меҳр-мурувват мавзуси Фериде ва холалари, Фериде ва Муниса ҳамда Фериде ва унга оталарча меҳрибонлик қилган Хайруллоҳбей ўртасидаги самимий муносабатлар орқали очиб берилган. Асар сўнгида Фериде йиллар давомида ҳатто ўзидан ҳам яширишга уриниб келган севгисини тан олади: "Ҳа, нега энди алдашим керак? Бутун нафратимдан, исёнларимдан, бутун ўша бўлиб ўтган нохушликлардан қатъи назар, мен сенинг бир парчанг эдим".

Фериденинг хатларига эътибор беринг: "Бағрим ўти, очтирма, менинг оғзимни зинҳор, Золим, мени сўйлатмаки, қалбимда нелар бор. Билмайманми, қилмишларинг, айлама инкор, Золим, мени сўйлатмаки, қалбимда нелар бор", "Комронбей афанди. "Сариқ гул" романини бошидан охиригача туширдик. То ўлгунимизча бир-биримизни кўриш йўқ. Сендан нафратланаман. Фериде".

Хайруллоҳбейнинг Камронга ёзган хатидан: "Кўнглимнинг розилигига қарасам, сенга наинки Фериде каби нодира қизни, ҳатто уйимдаги мушукни ҳам бермас эдим. Начора, бу телба қизларга ҳеч ақл ўргатиб бўлмас экан. Сенга ўхшаш қуруқ, қалбсиз одамларнинг нимасини яхши кўришаркин, ҳайронман... Марҳум Хайрулло".

Зиёлилардан бири ёзган экан: "Феридедан Чолиқушига, Чолиқушидан Гулбашакарга айланган шаддод қиз умри тутқич бермас асов сувдек кечди. Ғурур билан босиб ўтган йўлларида кўп йиқилди, хўрланди, зорланди, соғинди, топди ва айрилди... Қочишни истамаса-да, қочган, унутишни истаса-да, унута олмаган бир умрлик муҳаббатига қайтди".

Америкалик буюк ёзувчи Жек Лондон (1876-1916) қаламига мансуб "Мартин Иден" романи севги-муҳаббат мавзусида ёзилган асарлар орасида муносиб ўрин тутади. Ёзувчининг "Ҳаётга муҳаббат", "Киш ҳақида" каби асарлари ҳам ўзбек тилига таржима қилинган. "Мартин Иден" романида Жек Лондон ўз бошидан кечирган воқеаларга ўхшаш ҳодисалар қаламга олинган. Асар қаҳрамони Мартин Иденнинг Жек Лондонга, Руфнинг адибнинг биринчи севгилиси Мэйбл Эпплгартга ўхшаш тарафлари кўп.

Асарда Мартин Иден ва Руф ўртасидаги севги қиссаси билан бирга жамият аъзолари ўртасидаги моддий табақаланишнинг юқорилиги, инсон ва жамият ўртасидаги муносабатлар, севишган ва биргаликда оила қуришни орзу қилган ёшларнинг дунёқараши ўртасидаги моддий ва маънавий тафовут масалалари баён қилинган. Зеро, бугунги кунда ҳам оила қураётган айрим ёшларнинг моддий аҳволи ва маънавий бойлиги ўртасидаги фарқ оилавий жанжаллар, ажримларга сабаб бўлаётгани сир эмас. Зеро, бу борада бобо-момоларимиз "Тенг - тенги билан..." деб бекорга айтишмаган бўлса керак.

"Мартин Иден" асари бадавлат оила вакили бўлган Артур Морзни оддий оилада улғайган Мартин Иден безорилардан ҳимоя қилгани, Мартиннинг Артурнинг синглиси Руф билан танишуви ва улар ўртасидаги муҳаббат билан бошланади. Мартин Руф, Артур ва улар мансуб бўлган юқори табақа вакилларига ўхшашга ҳаракат қилади. Мартиннинг Руфга бўлган севгиси уни тинимсиз ўқишга, ҳаётда ўз ўрнини топишга ва шу йўл билан Руфнинг муҳаббатини қозонишга интилишига сабаб бўлади. Руф севгилиси Мартиннинг ўқимишли бўлишига ёрдам беради. Аммо Руф унинг ёзувчи бўлиш орзусини ёқламайди, балки бўлажак турмуш ўртоғи амалдору мулкдор бўлишини истайди.

Мартиннинг ҳикоялар ва кичик асарлар ёзиши самара бермайди. У оғир ишларда ишлаб, қашшоқлик ва очликдан касал бўлган вақтлар бўлади. Спиртли ичимликлар ичишни одат қилади. Мартинни ҳақиқатдан ҳам яхши кўрган Руф яна ёрдамга келиб, уни ҳаётга бошқача кўз билан қарашга ва китоблар ўқишга даъват этади. Улар ҳаётий бахт ва дунё гўзаллигини биргаликда баҳам кўрмоқчи бўлади. Аммо бу истакка Руфнинг ота-онаси қарши туради.

Суюклиси таклифига биноан Мартин маълум вақт Руфнинг отаси қўлида ишлайди. Мартин Морзлар хонадонида Бриссенден билан танишиб, социалистлар митингида қатнашади ва амалдаги ҳукуматга мухолиф шахс сифатида танилади. Шу вақтда Руф Мартинга унаштирув бекор қилингани ҳақидаги мактубни юборади. Севгисидан маҳрум бўлган Мартиннинг "Эфемерида" деб номланган шеърий достони танқидга учрайди.

Мартиннинг Руфга бўлган севгиси унинг буюк ёзувчи бўлиб етишиши ва ҳаётда ўз ўрини топишига сабаб бўлади. У барча қийинчиликларга қарамасдан ёзишда давом этиб, машҳурлик ва шон-шуҳратга эришади. Бойиб кетади ва пулларини яқинларига тарқатади. Аммо бу вақтга келиб Мартин ёш гўзал қиз Лиззи Коноллининг самимий севгиси ва ўзи ҳақидаги миш-мишларга эътиборсиз бўлиб қолади. Мартин билан бирга яшаш мақсадида келган Руфни ҳам умидсиз қолдиради. Уни фақат Маркиз оролларига кетиб, у ерда қамишли кулбада ёлғиз яшаш орзуси руҳлантириб туради. Шу мақсадда қайиқда орол тарафга сузиб кета туриб ўзини денгизга ташлайди ҳамда севги ва ҳаётдан воз кечиб ўз ихтиёри билан бу оламни тарк этади.

"Мартин Иден" асари ўқувчининг севги ва оила қуриш, ҳаёт ва яшашга оид қарашларига ўз таъсирини кўрсатади. Умид ва ишонч билан курашиб яшашга ундайди.

Буюк рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой (1828-1910)нинг "Анна Каренина" романи оилавий муносабатлар ва муҳаббат, дин ва ахлоқ, инсоннинг яшашдан мақсади ва маънавий камолоти масалаларига бағишланган. Адиб ўзи яшаган жамиятда ижтимоий тенглик ва адолат қарор топмаганини оилавий муносабатлар орқали ҳаққоний ёритиб берган. Романда Каренинлар, Облонскийлар ва Левинларнинг оилавий ҳаёти, Анна ва граф Вронский ўртасидаги муҳаббат тарихи баён қилинган.

Асар иккита китобдан иборат бўлиб, "Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир" деб бошланади. Степан Облонскийнинг хотини Дарьяга хиёнати ва улар ўртасидаги кўнгилхираликлар, Кити исмли қизга унаштирилиши режалаштирилаётган Вронскийнинг эрли, болали аёл Аннани севиб қолиши, Алексей Александрович Карениннинг хотини Аннанинг меҳру муҳаббатини қозонмагани ва унга эътиборсиз бўлиши оила бузилишига олиб келгани ишонарли тасвирланган. Анна эридан ажрашиш хати олмасдан Вронский билан ишқий муносабатда бўлиб, биргаликда Европа сафарига кетишади. Аннанинг ўғли Серёжа она меҳри ва тарбиясидан бебаҳра қолади. Вақтлар ўтиб Анна ва Вронский ўртасидаги муҳаббат олови ўчиб, Аннанинг ўз жонига қасд қилиб ўлиши билан якун топади.

"Анна Каренина" романидаги қуйидаги фикрларга эътибор беринг: "Муҳаббат бўлмаса, бахт ҳам, бахтсизлик ҳам, ҳаёт ҳам бўлмайди", "Хотин деган нарса шундай бир оламки, уни қанча ўрганмагин, яна ҳамма вақт ундан янги нарса топасан", "Агар бировни яхши кўрадиган бўлсанг, у одам ўзинг хоҳлаганингча бўлгандагина эмас, қандай бўлса, шундайлигича яхши кўраверасан", "Эски ҳаётдан, фойдасиз билимдан, ҳеч нарсага керак бўлмаган илмдан воз кечиш керак", "Шуҳратпараст, мансабпараст кишининг юрагида ҳеч нима йўқ. Баландпарвоз мулоҳазалар, маърифат ва маърифатга бўлган севгиси, дин-диёнат - буларнинг ҳаммаси баланд мартабага эришиш йўлидаги қуролдир, холос".

Севги ҳақида қанча фикр юритмайлик, зинҳор якунига етмаймиз. Зеро, бу борада шоир Ходи Тоқтош "Муҳаббат, бу - эски нарса, аммо ҳар бир юрак уни янгилайди" деб ёзган бўлса, бошқа ижодкор "Муҳаббат бу - ибодат демак. Бунда бардошинг синовдан ўтади, туйғуларинг чархланиб, нозиклашади. Дағаллик унинг учун ёт. Юрагингдаги титроқ ҳар нафас олганингда сенга атрофингни ўраб турган оламдан бошқа сирлироқ, гўзалроқ бир хилқат бор эканлигини шивирлаб таъкидлайди", деган экан.

Абдишукур ОМОНОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!