Меню

Қашқадарё

17.03.2020 1634

ҲАҚИҚАТДАН ЙИРОҚ МАЪЛУМОТЛАР ТАРҚАТИЛМОҚДА

Коронавирус: ваҳимасиз карантин

Юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси билан зарарланганлар аниқланиши ортидан ижтимоий тармоқларда турли шов-шувли хабарлар тарқатилмоқда.

Жумладан, “Бугун 23:00 ва тонгги 5:00 гача вертолётлар дезинфекция учун дори сепади. Дераза ва балконлар ёпиқ бўлиши лозим ва 23:00дан сўнг кўчаларда юриш мумкин эмас. Ҳарбий қисмдан хабар беришди” мазмунидаги маълумот ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

“Дўконларда, автобусларда ва кўчаларда болалар  аниқланса, ота-оналари жаримага тортилади”, “Хавфсизликни таъминлаш мақсадида эртадан бошлаб мактабларда рейдлар ўтказилади. Мактабда қўшимча дарслар ёки тўгаракларда иштирок этаётган ўқувчилар аниқланса, мактаблар жаримага тортилади” каби хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил қилинган “Koronаvirus info” расмий каналида айтилмоқда.

Қолаверса, ижтимоий тармоқларда коронавирус касаллиги туфайли ўлим ҳолати аниқлангани ҳақидаги маълумотлар ҳам асоссиз ҳамда ҳозирга қадар ушбу касаллик туфайли ўлим ҳолати қайд этилмаган.

Ўз навбатида телефон қўнғироқлари ва хабарлар ёзилиши, ижтимоий тармоқлар мониторинг қилиб борилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳам ёлғон.

“Коронавирус ўпкага ўтишидан аввал, томоқда 4 кунгача сақланиб туради, шу пайтда йўтал ва томоқ оғриқ бошланади. Агар шу даврда кўп сув ичилса, туз ва уксусли сувда томоқ чайқалса, вирус йўқолади” мазмунида тарқалаётган хабарлар хақиқатга тўғри келмайди.

Чунки, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигидан маълум қилишларича, коронавирус инфекциясига хос клиник белгилардан бири қуруқ йўтал ҳисобланади. Оғиз бўшлиғини доимо ҳўллаб туриш организм учун жуда фойдали, чунки оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватдан иборат бўлиб, суюқлик ичиш ҳисобига доимо нам ҳолатда бўлиши, оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг ташқи муҳитдан таъсир қилаётган микроорганизмлардан, шу жумладан, коронавирусдан ҳимоя қиладиган қобиқ сифатида таъсир кўрсатади.

Туз ва уксусли сув эса оғиз шиллиқ қавати бутунлиги бузилишига ва оқибатда турли хил касалликлар оғиз орқали юқишига олиб келади.

Шунингдек, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида яшовчи 14 нафар фуқаро коронавирус аниқланган шифокор аёл билан Франциядан бир самолётда учиб келганлиги ҳамда улар назоратда эканлиги тўғрисидаги, “Китоб туманида ҳам коронавирус чиқдими? Наҳотки?” деб номланган хабарлар ёлғондан бошқа нарса эмас.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан тасдиқлашларича, коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар билан мулоқотда бўлгани қайд этилган, хизмат юзасидан Китоб туманига келган 4 нафар фуқаро (3 нафари Тошкент шаҳридан, 1 нафари Франция фуқароси) махсус автомашинада малакали шифокорлар назорати остида Тошкент шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилиб, карантинга олинган. Улар тиббий кўрикдан ўтказилганида ҳеч қандай касаллик белгилари аниқланмаган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати раҳбариятининг топшириғига биноан, жорий йил 16 мартдан барча таълим муассасаларида, жумладан, коллеж, лицей ва олий таълим муассасаларида муддатдан олдин таътил эълон қилинди ва ўқишлар тўхтатилди. Бунинг натижасида доимий яшаш манзили бўйича Тошкент шаҳридан вилоятларга чиқиб кетаётган йўловчилар оқими бир неча баробарга ортиб кетиши натижасида темир йўл вокзаллари ҳамда автовокзаллар айни дамда ҳар доимгидан кўра гавжум.

Бу каби вазият айрим шахслар томонидан нотўғри талқин қилиниб, ижтимоий тармоқларда тез орада Тошкент шаҳри билан вилоятлар ўртасидаги барча қатновлар тўхтатилади, шунинг учун фуқаролар доимий яшаш манзилларига чиқариб юборилмоқда, мазмунидаги ҳақиқатдан йироқ бўлган маълумотлар тарқатилмоқда.

Бу каби маълумотлар мутлақо асоссиз бўлиб, Тошкент шаҳри билан шаҳарларо йўналишларда амалга оширилаётган барча авиа, темир йўл, автомобиль ташувлари узлуксиз равишда давом эттирилаяпти.

Эслатиш ўринли, республикамиз қонунчилигига кўра, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 миллион 900 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!