Меню
Қашқадарё
АҲАМИЯТИ БЕҚИЁС МАЖМУА
Саноатимиз етакчилари
Мустақиллик йилларида юртимизда кўплаб йирик корхона ва иншоотлар бунёд этилиб, улар орасида Қашқадарёда қад ростлаган Талимаржон иссиқлик электр станцияси, Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли, Деҳқонобод калий заводи алоҳида ўрин тутади. Бироқ ушбу ноёб объектлардан олдин вилоятимизда шундай улкан бир мажмуа фойдаланишга топширилган эдики, унинг мамлакат саноати ва минтақанинг ижтимоий инфратузилмаси, шунингдек, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси, энг муҳими, қашқадарёликларнинг турмуш фаровонлигига таъсирини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Гап уч ярим йил давомида 150 гектардан зиёд майдонда 7,5 минг нафардан ортиқ ишчи ва мутахассис ҳамда 1,5 мингдан ошиқ оғир техника ёрдамида қурилиб, 2001 йил 20 декабрь куни тантанали равишда очилган Шўртан газ-кимё мажмуаси ҳақида кетмоқда.
ИЛК ПОЛИЭТИЛЕН ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАНИГА 18 ЙИЛ БЎЛДИ
Ғузор чўлларида бундай гигант корхонани барпо этиш қанчалик машаққатли иш эканлигини тасаввур қилиш учун мажмуа мутахассислари одатда бир суратни кўрсатишади. Унда мажмуа ҳудудида ўрнатилган минглаб ноёб ускуна ва қурилмалардан биттаси - товар этиленини фракциялаш колоннасининг йирик юк кемасида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳригача олиб борилаётгани акс этган. Баландлиги 66 метр, оғирлиги эса 145 тоннага тенг бу колонна кейинчалик улкан платформаларда темир йўл орқали Ўзбекистонга, сўнг махсус транспортда қурилиш майдончасига олиб келинган. Ваҳоланки, Шўртан газ-кимё мажмуасини барпо қилиш жараёнида дунёнинг турли давлат ва минтақаларидан қурилиш учун зарур бўлган жами тўрт ярим минг тоннадан зиёд металл қурилмалар, катта ҳажм ва габаритдаги кўплаб ускуналар келтирилган. Корхонанинг технологик асосини бунёд этиш yчун 657 миллион долларга яқин, инфратузилмалар учун эса 328 миллион доллар, жами қарийб 1 миллиард АҚШ долларига тенг иш ҳажми бажарилган.
Натижада Шўртан газ-кимё мажмуасида тозаланган табиий газ, газ конденсати, суюлтирилган газ ва олтингугурт билан бир қаторда гранулаланган полиэтилен ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Кейинчалик жаҳон бозорида "UzClear" бренди остида танилган ушбу маҳсулотнинг дастлабки партияси 18 йил олдин - 2002 йил 15 август куни олинган эди ва ўшанда бу I-0754 маркали, босим билан қуйиш усулида турли хил хўжалик моллари ва уй-рўзғор буюмлари тайёрлаш учун мўлжалланган полиэтилен тури эди. Умуман олганда эса ШГКМ маҳсулотининг турли маркаларидан экструзия усулида ҳар хил плёнкалар, қувурлар, кабеллар, ориентацион тасмалар, шунингдек, босим билан қуйиш усулида контейнерлар, қопқоқлар, бошқа буюмлар, шишириб шакл бериш усулида ҳар хил идишлар, бочкалар ва ниҳоят ротация йўли билан шакл бериш усулида йирик габаритли резервуарлар, кимё маҳсулотлари ва ёнилғи сақлаш идишлари ишлаб чиқариш мумкин. Шу боис "UzClear" ёрлиқли маҳсулотга бўлган талаб ташқи бозорда ҳам, ички бозорда ҳам юқори бўлиб, бу, бир томондан, Ўзбекистонга катта миқдорда валюта келтирди. Иккинчи томондан эса юртимизнинг барча ҳудудларида ШГКМ полиэтиленидан хом ашё сифатида фойдаланувчи ўнлаб каттаю кичик саноат корхоналари ташкил этилди ва улар томонидан юзлаб турдаги импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
НАФАҚАТ САНОАТ, БАЛКИ ТАЪЛИМ, СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ, СПОРТ...
Улкан корхонанинг нафақат воҳамизда, балки бутун мамлакатда саноат ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ривожига бўлган таъсири биргина хом ашё етказиб бериш билан чекланмади. 2006 йилда ШГКМ балансига фаолияти тўхтаб қолган "Қаршитермопласт" заводи ўтказилиб, унинг негизида замонавий талаблар асосида жиҳозланган цех ташкил этилди ва у ерда янги турдаги маҳсулотлар - полиэтилен қувурлари, қувурларни боғловчи фитинглар, томчилаб суғориш тизими шланглари, уларни боғловчи деталлар, канистрлар, алюмин композитли қопламалар ишлаб чиқарила бошланди. Айни пайтда мажмуа маблағлари ҳисобидан "Навоий" эркин иқтисодий индустриал зонасида полиэтилен ва полипропилен қувурлар ва уларни боғловчи деталлар, оптик толали кабеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар, Деҳқонобод туманида қандолат, макарон ва печенье маҳсулотлари, люминисцент лампалари ишлаб чиқарадиган цехлар, Яккабоғ туманида текстиль комбинати, бошқа кўплаб қувватлар барпо этилди.
Мажмуа томонидан ижтимоий соҳа объектлари қурилишига ҳам йирик миқдорда инвестициялар йўналтирилганини Қарши шаҳри, Нишон ва Ғузор туманларидаги "Эркатой" номи берилган мактабгача таълим муассасалари, Шаҳрисабз туманидаги "Лочин" болалар оромгоҳи ва дам олиш маскани, вилоятнинг турли ҳудудларида жойлашган кўплаб замонавий уй-жойлар, мактаблар, соғлиқни сақлаш объектлари, спорт иншоотлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Вилоятимизда мана уч йилдирки И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (миллий тадқиқот университети)нинг ҳудудий тайёрлов бўлими муваффақиятли фаолият юритар экан, бу билим масканини ҳам Шўртан газ-кимё мажмуаси ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Нефть-газ саноати учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида ШГКМнинг алоҳида ўрни борлигини Қорақалпоғистон Республикасида қад ростлаган Устюрт газ-кимё мажмуаси, яъни "Uz-Kor Gas Chemical" қўшма корхонасида ишлаётган аксарият мутахассисларнинг айнан Ғузор туманида тажриба орттиргани, шунингдек, "Uzbekistan GTL" заводи жамоасининг кўпгина аъзолари ҳам дастлаб "химкомплекс"да "пишгани"да ҳам кўриш мумкин.
МЕТАН ГАЗИДАН - СИНТЕТИК ЁНИЛҒИ
Дарвоқе, Шўртан газ-кимё мажмуаси фаолиятининг саноат ва бошқа иқтисодий соҳалар тараққиёти учун яна бир аҳамиятли жиҳати - ушбу корхонанинг тозаланган метан гази негизида синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунинг учун корхона яқинида бир йилда 3,6 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ва 743,5 минг тонна дизель ёнилғиси, 311 минг тонна авиакеросин, 431 минг тонна нафта, 50 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган йирик заводнинг қурилиши ниҳоясига етказилаяпти.
Синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш лойиҳаси бутун дунёга машҳур "Sasol" (Жанубий Африка Республикаси), "Haldor Topsoe" (Дания) ва "Chevron Corporation" (АҚШ) компанияларининг замонавий газ ва нефть-кимё технологияларига асосланган. Уни ҳаётга татбиқ этиш учун бош пудратчи - Жанубий Кореянинг "Hyundai Engineering Ltd." ва Сингапурнинг "Enter Engineering Pte. Ltd." компаниялари консорциуми билан шартнома имзоланган.
Ҳисоб-китобларга кўра, заводда 9 минг тонна ротацион ва 40 минг тонна стационар технологик асбоб-ускуналар ўрнатилади. Айни пайтда қурилиш майдонидаги барча металл конструкцияларининг умумий оғирлиги ҳам 40 минг тонна атрофида бўлиб, бу Париждаги Эйфель минорасининг оғирлигидан 4 баравар кўпдир. Электр энергияси таъминоти ва коммуникациялар тизими учун ётқизиладиган кабеллар умумий узунлиги эса 6 минг километрни ташкил этади.
"Uzbekistan GTL" учун технологик асбоб-ускуналар ва жиҳозлар Германия, Италия, Франция, Япония, Сингапур, Ҳиндистон, Жанубий Корея сингари дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларида жойлашган 120 та корхона ва компания томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозиргача асосий технологик ускуна ва қурилмаларнинг 93 фоизи қурилиш майдонига етказиб берилган бўлса, шундан 73 фоизи технологик ҳудудда ўрнатилган.
Умумий оғирлиги 8 минг тоннага тенг иккита ноёб Фишер-Тропш реактори воҳамизда қурилаётган саноат гигантининг энг муҳим ва энг мураккаб таркибий қисмларидан саналади. Ҳар бирининг диаметри 9,6 метр, баландлиги қарийб 45,9 метр, ҳажми эса 3500 куб метрни ташкил этади. Реакторларнинг бутловчи қисм ва жиҳозлари Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган, ўзлари эса бевосита қурилиш майдончасида "Hitachi" компанияси мутахассислари томонидан монтаж қилинган.
Заводни қуриш ва жиҳозлаш билан уйғун равишда ушбу замонавий корхона учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш жараёни ҳам амалга оширилаяпти. Танлов асосида сараланган юзлаб ёш мутахассислар Шўртан газ-кимё мажмуаси ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида бевосита ишлаб чиқаришда таҳсил олишди. Бундан ташқари улар учун ихтисослаштирилган тренинглар ва Қатардаги турдош корхонага тажриба ўрганиш учун сафар уюштирилди.
НЕГИЗИДА БИРИНЧИ ГАЗ-КИМЁ КЛАСТЕРИ ЯРАТИЛАДИ
Тозаланган метан газидан синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш лойиҳаси билан бир қаторда Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш бўйича ҳам иш олиб борилаяпти. Ушбу инвестиция лойиҳасининг мақсади маҳаллий ва хорижий бозорларда талаб катта бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали полимер ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, Шўртан газ-кимё мажмуасининг техник-иқтисодий кўрсаткичларини такомиллаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда хом ашё ва материалларнинг импортини камайтиришдан иборат. 2017-2021 йилларда рўёбга чиқариладиган бу стратегик аҳамиятдаги ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилиши воҳамиздаги энг йирик саноат корхоналаридан бирида полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажмини йиллик 125 минг тоннадан 405 минг тоннагача кўпайтириб, ҳар йили 100 минг тоннагача полипропилен ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради. Умуман олганда, мажмуада полимерлар ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирги билан таққослаганда 4 баравар ошади.
Айни пайтда "Uzbekistan GTL" ва Шўртан газ-кимё мажмуасида иккита йирик лойиҳанинг бир-бирига уйғун ҳолда амалга оширилиши яқин келажакда ШГКМ негизида мамлакатимизда биринчи газ-кимё кластерининг яратилиши учун замин ҳозирламоқда. Яъни ҳудудда бунёд этилаётган янги GTL заводида Шўртан газ-кимё мажмуаси томонидан етказиб берилган табиий газдан ишлаб чиқариладиган нафта ва суюлтирилган газ тағин мажмуага янада чуқур қайта ишлаш ва полимер маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун жўнатилади. Иккита йирик лойиҳа ижросида иштирок этаётган ёшлар эса халқаро даражадаги билим ва тажриба орттиришмоқда ҳамда бу саноатнинг мазкур тармоғида мутахассисларнинг янги авлоди шаклланишига олиб келмоқда.
Мажмуа ишлаб чиқариш қувватининг кенгайиши, ишончимиз комилки, мамлакатимиз иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини юксалтириш баробарида шу юртда яшайдиган оддий одамлар ҳаётининг янада фаровон бўлиши учун мустаҳкам замин яратади.
Темур НИЗОМОВ