Меню
Қашқадарё
901 ОИЛА АЖРАЛИШИНИНГ ОЛДИ ОЛИНДИ
Хўш, яраштирув ишларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда вилоят ҳокимлигида ўтказилгани “Оила тинчлиги ва қадриятларини мустаҳкамлигига салбий таъсир кў рсатаётган омиллар (оилавий ажримлар), уларнинг сабаблари ва олдини олишга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги йиғилиш баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, оилавий ажрим ва низоларнинг олдини олиш, улар сабабларини ўрганиш мақсадида вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида ташкил этилган "Вилоят яраштирув гуруҳи"нинг ўрни қандай бўлди?
- Гуруҳ мутасаддиларига оилаларни мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар юклатилган, - дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси котибияти мудири Манзура Очилова. - Жорий йилнинг уч ойи давомида нотинч, дарз кетиш ёқасида турган 901 оилани яраштиришга эришилгани ҳам таркибига вилоят фаоллари, намунали оила соҳиблари, нуронийлар киритилган ушбу гуруҳнинг саъй-ҳаракатлари билан боғлиқ.
Ўрганишлар натижаси ажримлар кўплаб ёшларнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, уни бошқариш кўникмасига, моддий таъминлаш имкониятига эга бўлмагани ҳолда турмуш қурганлиги, фарзандлар тарбиясини ўз бурчи деб ҳис этмаслиги, аксарият ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги можаролар туфайли юзага келаётгани аниқланган.
- Ушбу омиллар ичида, айниқса қайнона-келин муносабати асосий ўринда турибди, - дейди Манзура Очилова. Қайноналарнинг келинга нисбатан шикоятлари: "Дангаса...", "Уй ишларига уқуви йўқ...", "Бир йилдан бери туғмаяпти...", "Битта болани эплолмайди...", "Қачон қараса касал, югуриб-елиб хизмат қилмайди..." кабилардан иборат, гўё улар ўз даврида мукаммал келин бўлгандек.
Инсон, у ким бўлишидан қатъи назар, бахтли бўлишга ҳақли. Бахтнинг тўлақонли бўлиши эса уни ўраб турган бошқа инсонлар, у яшаб турган жамият, қолаверса, бутун башарият билан боғлиқ. Бахт оила билан. Ҳеч бир инсон ёлғизликда бахт топа олмайди.
- Йигит ҳам, қиз ҳам яхши ниятлар билан оила қуради, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло Усмонов. - Икки ёш бу йўлда бир мушт бўлиб, ўзаро иноқлик билан ҳаракат қилиши керак. Динимиз никоҳни тарғиб қилади, лекин ҳеч қачон ажралишни эмас. “Нисо” сурасида шундай ёзилади: "…Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин". Буни шундай тушуниш керакки, иложи борича, ёнингдаги аёлинг (ёки эринг)нинг ёмон томонини кўриб, ундан қутулиш йўлига ўтмагин, чунки бу ҳаётда бенуқсон инсоннинг ўзи йўқ. Зеро, никоҳ илоҳий нарса, Аллоҳ ҳар кимни тақдирига ёзилган инсон билан учраштиради.
- Икки нафар фарзандимиз бор, - дейди Қарши туманилик Шаҳноза Саҳобова. - Қайнонам билан келишолмай ота уйига кетиб қолган эдим. Тўғриси, бошида ҳамма айбни қайнонамдан қидирдим. Кейин билсам, ўзим ҳам барчасини жой-жойига қўя олмаган эканман. Буни энди тушуниб етдим. Бу борада ўз насиҳатларини аямаган, оиламизни сақлаб қолиш учун жонкуярлик кўрсатган вилоят раҳбарларидан миннатдорман. Уларнинг саъй-ҳаракати билан оилам тикланди.
Ажрашиш фақат шу оила ва унинг атрофидаги кишиларнинг муаммоси эмас, бунинг ортидан жамият ҳам зарар кўради. Ушбу зарар жиноятчилик, маънавий-ахлоқий бузғунчиликнинг ортиши, ажралишлар ортидан юзага келган нотўлиқ эҳтиёжманд оилалар кабиларда ўз ифодасини кўрсатади. Демак, ажримлар масаласи - шахсий иш эмас. Унинг оқибати сизу бизга ҳам таъсир этади. Шундай экан, ажримларнинг олдини олишга барчамиз масъулмиз.
Шоҳиста БОЗОРОВА