Меню
Қашқадарё
9 ОЙДА 796 ЁНҒИН, 6 ТА ЎЛИМ ҲОЛАТИ
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2018 йилнинг ўтган 9 ойи давомида вилоятимиз ҳудудида 796 маротаба ёнғин қайд этилган. Унинг оқибатида фуқароларнинг миллиардлаб сўмлик қийматдаги мол-мулки нобуд бўлган бўлса, 48 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олган. Энг ачинарли жиҳати, 6 нафар фуқаро содир бўлган ёнғинлар натижасида ҳалок бўлган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, келиб чиққан ёнғинларнинг аксариятига фуқароларнинг шунчаки эътиборсизлиги, лоқайдлиги, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслиги сабаб бўлган.
Хусусан, ўтган давр мобайнида содир бўлган ёнғинларнинг 29 таси кишиларнинг тамаки чекиши оқибатида келиб чиққан. Натижада 2 нафар фуқаро ана шундай ёнғиндан тан жароҳати олган, 1 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Мисол учун, яқинда Қарши шаҳри Наво маҳалласи Янги дарвоза кўчасида яшовчи Тилсим Олимовнинг (мақоладаги исм ва фамилиялар ўзгартирилган) яшаш хонадонида ёнғин содир бўлиб, уй ички том қисми, уй ичидаги жиҳозлар ёнган. Ачинарли томони, ёнғинни ўчириш жараёнида хонадон соҳибининг куйиб кетган жасади ҳам топилган.
Воқеа жойида олиб борилган ўрганишлар ва экспертиза хулосаларидан маълум бўлдики, ўша куни Тилсим Олимов уйига маст ҳолда келади. Сўнгра сигарета ёқиб, уни чекиш жараёнида ухлаб қолган. Табиийки, чўғи ўчмаган сигарета ёнғин содир бўлишига сабаб бўлган.
Шунингдек, электр энергиясидан нотўғри фойдаланиш натижасида содир бўлган ёнғинлар сони ҳам кўп. Албатта, токдан фойдаланишнинг ҳам ўз меъёр ва тартиблари, бино ва уй-жойларда электромонтаж ишларини амалга оширишнинг техник талаблари мавжуд. Бунда энг аввало фойдаланиладиган қувват кучини эътиборга олиш ва шунга мўлжалланган симлардан фойдаланиш, улаш ишларини тўғри бажариш, кабелларни очиқ қолдирмаслик зарур. Бу қоидаларга амал қилмаслик эса ёнғин содир бўлишига олиб келиш эҳтимоли катта.
Мисол учун, 28 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани Халқобод маҳалласида яшовчи Тўрабек Олмасовнинг яшаш уйида ёнғин содир бўлган. Натижада уйнинг бир қисми ёниб кетган, кўп миқдордаги мулкига зарар етган. Ушбу ўт балосига сабаб бўлган омил эса электр симларидаги қисқа туташув эканлиги аниқланди.
Қарши шаҳар Комилон маҳалласи Хитой кўчасида жойлашган “Носиров Носир” масъулияти чекланган жамиятига қарашли мебель таъмирлаш цехида содир бўлган ёнғинга ҳам электр симларининг фойдаланилаётган қувватга дош бера олмагани сабаб бўлган. Келиб чиққан қисқа туташув натижасида цех биноси тепа том қисмининг 350 квадрат метр майдони ёниб кетган.
Бундан ташқари, табиий газ, электр энергияси воситасида ишлайдиган маиший техника жиҳозлари, нефть маҳсулотларидан нотўғри фойдаланиш, чорва озуқаси учун жамғарилган ем-ҳашакни ёнғиндан ҳимояланган, махсус жойларда сақламаслик, ёш болаларни беэътибор қолдириш оқибатида содир бўлган ёнғинлар сони ҳам анча.
Соҳибжон ВАЙИТОВ,
вилоят ИИБ ЁХБ катта муҳандиси, катта лейтенант