Меню
Қашқадарё
836 ТУП КЎКНОР ЭКИБДИ
Божхона назорати
Гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши, унинг ҳаётини издан чиқариши ва турли жиноятлар сари етаклаши маълум. Бу борада тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан гиёҳванд моддаларни етиштирувчи, истеъмол қилувчи ҳамда ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланувчи “уддабуронлар” ҳали-ҳануз учраб турибди. Бу албатта афсусланарли ҳол.
Куни кеча вилоят божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда Чироқчи туманида тезкор тадбир ўтказишди.
Тадбир давомида Қумдарё маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Б.Р. ўзининг яшаш хонадони ҳовлисида 836 туп, оғирлиги 9 килограмм 330 грамм бўлган опийли кўкнор гиёҳванд ўсимлигини ноқонуний равишда экиб, парваришлаб келаётгани фош этилди.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳозирда божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Вилоят божхона бошқармасидан олинган маълумотга кўра, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида 1 та психотроп моддалар билан боғлиқ, 6 та гиёҳвандлик воситаларига дохил жиноят аниқланган. Бунда 20 дона психотроп модда, 536 грамм марихуана, 1 килограмм 136 грамм опий ушлаб қолинган. Энди улар сирасига 836 туп кўкнор ўсимлиги ҳам қўшилди.
Н.ХЎЖАЕВ