Меню

Қашқадарё

16.10.2018 1662

83 ЁШЛИ ҚАЙНОНАГА КЕЛИНИ ЖАРОҲАТ ЕТКАЗДИ. НЕГА?

Хўш, ушбу жиноятга нима сабаб бўлди? Тўғриси, кейинги вақтда бу каби воқеа-ҳодисалар, бундан кўп чандон оғир жиноятлар хабарига кўпчиликнинг қулоғи ўрганиб қолди. Нега? Чунки арзимасдай туюлган бир ҳолатга пайтида эътибор қаратилмагани, жамоатчилик вақтида олдини олиш чораларини кўрмагани сабаб турли даражадаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир бўлмоқда. Ғузордаги воқеа ҳам бир қарашда “арзимас”: шу ерлик О.Ш. хотини С.Н. билан жанжаллашиб қолган, орага 83 ёшли она қўшилганда, келин қайнонасининг оёғига тепиб, жароҳат етказган. Сўнг қайнона шифохонага ётқизилган.

Оила жамият таянчи эканлиги хусусида кўп гапирамиз. Чунки эртанги куннинг эгалари – фарзандлар шу ерда камол топади. Бордию, эр ва хотин, келин ва қайнона ўртасидаги муносабатлар омонат бўлса, бир пуфлаганда, ўт чиқиб кетаверса, бундай оила қандай қилиб жамиятга таянч бўла олсин?!

Жиноят тафсилотларини аниқлаш эмас, уни юзага келтирган омилларни ўрганиш мақсадида (чунки айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари кетмоқда) Совбоғда бўлиб, бир неча кишилар билан суҳбатда бўлдик.

Маълум бўлишича, О.Ш. С.Н.га 2 йил олдин уйланган ва бу унинг иккинчи турмуши. Иккиси ҳам олий маълумотли. Яна қариндош, боз устига қўшни. Совбоғ маҳалласининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни   мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Дилбар Тўраеванинг айтишича, шу вақтгача эр-хотин орасида жанжал бўлиб турган, бироқ қайнона-келин ўртасида зиддият кузатилмаган.

Биламизки, оилавий жанжалларнинг олдини олиш, нотинч оилаларни муросага келтириш мақсадида ҳар бир ҳудудда “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси ташкил қилинган. Совбоғ маҳалласида бу тузилма қай даражада ишлайди?

- 1990 йилдан буён маҳаллага аралашиб юраман, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси раиси Мақсад Холиқулова. – Тўғриси, бу оилани тинч оила деб айтолмайман. Келинчак аввал турмуш ўртоғи урганидан арз қилиб маҳалла идорасига келганди. Уни кўчада кўриб қолиб, сабрли бўлгин деб анча насиҳат қилдим.

Мақсад опадан жорий йилда нечта оилавий жанжалнинг олдини олишда иштирок этганини сўрайман.

- Йилнинг бошида битта жанжалга борган эдим, - дейди у. – Маҳалладан чақиришса, вақтим бўлса, бораман. Икки марта йиғилишга бордим.

Кўриниб турибдики, “Қайноналар кенгаши” деган тузилма ушбу маҳаллада номига ишлайди. Чунки фақат жанжал чиққанда оилаларга борадиган, вақти бўлмаса, буни ҳам қилмайдиган тузилма раиси яхши ишлаяпти, деб айтиб бўладими? Қилган насиҳати кор қилмабдики, келинчак қайнонасига жароҳат етказишдан ўзини тия олмабди.

83 ёшли онахоннинг ўзи эса кенжа ўғли келини билан эрталабдан жанжаллашиб қолгани, орага кирганда, жароҳат олганини айтади.

- Икковига қўшнилар эшитишса нима дейди, деб тушунтирдим, - дейди у. – Қарасам, келиннинг онаси ҳам келган. Келиним тушганига икки йил бўлган бўлса ҳар жанжалда онаси ҳозиру нозир. Она-бола ўғлимни ўртага олган. Ўғлимнинг қўлидан тортувдим, келин оёғимга зарб билан тепиб қолди, мана, ўшандан буён оёқларим гипсда.

- “Қизимни урмасин, яхши яшасин”, деб аччиқ устида куёвимни “участкавой”га ёзиб бергандим, - дейди келиннинг отаси. - Ҳар бир инсон кечиримли бўлгани яхши, лекин қайнонаси кечирмайман, деб туриб олган. Ахир ўртада қариндошчилигимиз бор.

Кўриниб турибдики, бундай кўнгилсизликнинг олдини олиш чоралари кўп эди. Бироқ маҳалла-кўй, кайвонилар бир бўлиб, орага кирмаган, эр-хотинни муросага келтиришнинг уддасидан чиқолмаган. Аслида ҳеч қайси келин янги уйга ёмон ният билан келмаслиги, меҳр ҳар қандай муаммонинг оддий ечими экани унутиб қўйилган. Келин ғўрлик, куёв ўрлик қилган, жабрини эса катталар тортган. Буни каттароқ миқёсда ҳам чамаласак бўлади: оилага путур етса, жабрини жамият кўради...

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!