Меню
Қашқадарё
8 ОЙ ЧИҚИНДИХОНАДА ТУТҚУНЛИКДА ЯШАГАН ИНСОН
"Istiqbolli avlod" маркази кўмаги билан уйига қайтди
Ўтган йил охирида фаолият бошлаган республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий ахборот марказининг Қашқадарё вилояти бўлими Малайзия, Қозоғистон ва Россияда оғир вазиятга тушиб қолган қашқадарёлик 17 нафар фуқаронинг Ўзбекистонга, ўз яқинлари бағрига қайтишига кўмаклашди.
- Ташкилотимиз олий мақсади жамиятда барча турдаги зўравонликни бартараф этишга қаратилган, - дейди республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий ахборот маркази вилоят бўлими раҳбари Шаҳноза Раупова. - Асосий вазифаларимиздан бири эса одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаб, уларнинг ўз уйларига қайтишига кўмаклашиш ҳамда дастлабки психологик, тиббий, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам олиши учун имконият яратишдан иборатдир. Ушбу йўналиш бўйича фаолият юритиб, Қашқадарёдан хорижга ишга кетган одамларнинг жиноятчиларга дуч келгани ва ҳужжатларини олдириб, оғир шароитларда, бепул меҳнат қилишга мажбурланганига доир бир қатор ҳолатларни аниқладик. Бу борада кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаб, айрим юртдошларимизга ёрдам беришга муваффақ бўлдик.
Биргина мисол: Миришкор туманида яшаган 33 ёшли эркак амакиваччасининг ҳомийлигида Россия Федерацияси Самара вилоятига пул топиш учун боргач, қариндоши уни маиший чиқиндиларни саралаш корхонасига ишга "киргизиб" қўяди. Корхона вакиллари эса "Сени сотиб олганмиз" дея қашқадарёлик ишчининг паспортини олиб қўйишади ва уни чиқиндилар тўпланадиган махсус полигон ҳудудида мажбуран ушлаб туришади. Мигрантга нафақат пул, балки етарлича озиқ-овқат ҳам берилмайди, ундан эрта тонгдан кечгача ўта оғир шароитларда тинмай меҳнат қилиб, маиший чиқиндиларни саралаш талаб этилади. Бошқа ватандошларимиз орқали эрининг аҳволидан хабар топган турмуш ўртоғи республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий ахборот маркази қошида ташкил этилган "Долзарб алоқа тармоғи" телефон рақамига қўнғироқ қилади ва ёрдам беришни сўрайди. Шундан сўнг марказнинг вилоят бўлими мутахассислари давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда керакли ҳужжатларни тўплаб ва замонавий қулликка қарши курашадиган "Альтернатива" ҳаракати (Россия) билан алоқа боғлаб, 8 ой давомида чиқиндихонада тутқунликда яшаган инсоннинг озод этилиши ва Қашқадарёга, ўз оиласи бағрига етиб келишига кўмак беришади.
Воҳамизда бу юртдошимизга психологик, тиббий, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам олиш учун шароит яратилди. Ташкилотнинг яна бир ҳамкори - вилоят "Юксалиш" ахборот-маслаҳат ресурс маркази эса унга ўз юртида меҳнат қилиб, бизнес юритиши учун пайвандлаш жиҳозлари жамланмаси олиб берди. Бугунги кунда у Ўзбекистонда ишлаб, нормал ҳаёт кечирмоқда.
Республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий-ахборот марказининг вилоят бўлими қошида ташкил этилган "Долзарб алоқа тармоғи" орқали унга мурожаат қилган фуқароларга норасмий меҳнат миграцияси тўғрисида батафсил маълумотлар берилиб, чет элда ҳуқуқлари бузилган, одам савдоси ва зўравонликнинг бошқа турларидан жабр кўрганлар, шунингдек, хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларга бепул ва махфийлик сақланган ҳолда, психологик маслаҳатлар ва ҳуқуқий хизматлар тақдим этилади. Унга норасмий меҳнат миграцияси, одам савдоси ва зўравонликнинг бошқа турларидан жабр кўрган фуқаролар бевосита ўзлари, шунингдек, уларнинг қариндошлари ва яқин танишлари мурожаат қилишади. Ҳозиргача бўлимнинг "Долзарб алоқа тармоғи" телефон рақамига 1000 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, фуқароларга тегишли тартибда ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди ва психологик маслаҳатлар берилди.
Бўлим мутахассислари ва ҳамкор ташкилотларнинг шерикликдаги саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ тез орада одам савдосидан жабрланган яна 5 нафар қашқадарёликнинг Россия Федерацияси Калининград вилоятидан юртимизга қайтиши кутилмоқда.
Ботир ТЕМИРОВ