Меню

Қашқадарё

14.02.2017 2142

79 ТА ҲОЛАТДА 12 МИНГ ДОНАДАН ОРТИҚ

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига мувофиқ порнографик ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни  тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш каби ҳаракатлар учун кескин жазо чоралари белгиланган. Бироқ айрим кишилар чет давлатларга ишлаш ёки бошқа мақсадларда боришади-да, қайтишда беҳаёликни ва ахлоқан бузуқликни тарғиб қилувчи видеолавҳалар ва фотосуратларни турли мосламаларга юклаб, юртимизга олиб киришга уринишади. Уларни мавжуд тартибдан бехабар деб бўлмайди, чунки йўловчи божхона декларациясида бу кўрсатилган. Қолаверса, бу борада кўплаб тарғибот-ташвиқот тадбирлари мунтазам ўтказилаяптики, улардан бехабарман, деган киши фақат ўзини алдашга уринаётган бўлади.

Бу борада ўтган 2016 йилда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан 79 та ҳолатда 12 минг 359 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа, ўйин картаси ва суратлар мамлакатимизга олиб кирилишининг олди олинди. Шунга қарамасдан мазкур ҳолатлар яна давом этаётгани ачинарли.

Хусусан, жорий йилнинг 26 январь куни Қарши халқаро аэропортида парвозини якунлаган ғузорлик Нажмиддин Темиров (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) божхона назоратидан ўтказилганда, божхона декларациясида қайд этилмаган, кийим-кечаклари орасига яширинча жойлаштирилган флешка хотирасида бузғунчилик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи видеолавҳалар борлиги аниқланди.

Энг ачинарлиси, бу каби ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аёллар томонидан ҳам содир этилмоқда. Худди шу куни Москва-Қарши йўналишидаги авиарейс билан учиб келган Нишон туманида истиқомат қилувчи Шоҳиста Ҳасанова ҳамда Қарши шаҳрилик Дилбар Самадова божхона назоратидан ўтказилди. Натижада улардаги планшет ва қўл телефони хотирасида порнографик мазмундаги видеолавҳалар борлиги маълум бўлди.

Ҳозирда ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Халқимизда миллий қадриятлар ва урф-одатларга содиқлик руҳи кучли, шу сабаб ёшлар тарбиясида ибо-ҳаёга бирламчи эътибор қаратилади. Ана шу ҳақиқатни эса кимлардир унутиб қўяди. Ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам фақат зарар, ортиқча кўнгилсизлик келтирадиган нарсалардан нафсни тия олишмайди. Ҳирс ботқоғидаги нафс эса кишига фақат уят, юзи шувутлик келтиради, холос.

Низомиддин ЖЎРАЕВ,

“Қарши аэропорти” чегара божхона пости бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!