Меню

Қашқадарё

17.12.2019 1542

73 МИНГ ДОНАДАН ОРТИҚ "ПАҚИЛДОҚ" САВДОСИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

Мавсумий масала

Қиш эшик қоқиб, айниқса, янги йил байрами яқинлашаркан, кўча-кўйда турли "пақилдоқ"лар товуши кўпайиб қолади. Балки бу болалар учун қизиқдир, бироқ уйда бемор ётган ёки дам олаётган кишиларга ёқмаслиги аниқ. Ё бўлмаса, хаёл билан кўчада кетаётган киши, дейлик, ҳомиладор аёл оёғи остида "портлаш" содир бўлса, оқибати нохушлик билан тугаши тайин. Қолаверса, "пақилдоқ"лар ундан фойдаланаётган болаларнинг ўзи учун ҳам хавфлики, биргина хато бир умрлик из қолдириши мумкин.

Шунга мувофиқ, пиротехника воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш, аниқлаш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳамда аҳоли орасида тушунтириш ишларини янада кучайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганига қарамасдан, ушбу йўналишда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилаётгани анча ташвишли.

Куни кеча вилоят божхона  бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Г.Б. шартли харидорга жами 44 минг 400 дона пиротехника воситаларини сотаётган вақтда тўхтатиб қолинди.

Навбатдаги тезкор тадбирда эса Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи М.Э.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилганда, яшаш хонадонининг ертўла қисмида турли номдаги жами 27 минг 79 дона пиротехника воситалари ноқонуний равишда сақлаб келинаётгани аниқланди.

Фуқаро Б.Ж. эса 4 қути "пақилдоқ"ни 60 минг сўмга пуллаётган вақтда ушланди. Ҳуқуқбузарнинг ёнидан олинган 34 қути пиротехника воситалари ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга топширилди.

Бошқарма ахборот хизматидан маълум қилишларича, юқоридаги ҳолатлар юзасидан текширув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!