Меню
Қашқадарё
709 ТА ЁНҒИН, 5 ТА ЎЛИМ ҲОЛАТИ
Матбуот анжумани
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида вилоятимиз ҳудудида 709 маротаба ёнғин қайд этилган. Унинг оқибатида фуқароларнинг миллиардлаб сўмлик қийматдаги мол-мулки нобуд бўлиб, 29 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олган. Энг ачинарли жиҳати, 5 нафар фуқаро содир бўлган ёнғинлар натижасида ҳалок бўлган.
Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ташкил этиган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
- Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, келиб чиққан ёнғинларнинг аксариятига фуқароларнинг шунчаки эътиборсизлиги, лоқайдлиги, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслиги сабаб бўлган, - деди ўз сўзида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев. – Хусусан, ўтган давр мобайнида содир бўлган ёнғинларнинг 129 таси электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 35 таси қасддан ўт қўйиш, 279 таси очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 47 таси иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларини бузилиши ва 112 таси болалар қаровсизлиги сабаб содир бўлган.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2021/2022 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 2021 йил 27 сентябрдаги тегишли буйруғи ижроси доирасида мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шаҳар ва туманларда ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан 288 минг 202 та якка таритибдаги аҳоли турар жойлари, 2027 та кўп қаватли уйлар ва улардаги 50 минг 154 та хонадонларда ўрганишлар олиб борилди. Натижада хонадонлардаги табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланишда 2699 та хавфсизлик қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, шулардан 2387 таси (88,4 фоизи) ташкил этилган таъмирлаш-тиклаш отрядлари томонидан бартараф этилди. Шунингдек, кўп хонадонли уйларда олиб борилган профилактик тадбирлар давомида 28 та электр шчитларида қўлбола сақлагичлардан фойдаланиш, 49 та ностандарт шланглар орқали газ мосламаларига уланганлик, 115 та носоз дудбуронлардан фойдаланиш, 184 та носоз шамоллатиш тизимларини ишлатиш бўйича камчиликлар аниқланди.
Мутасаддилар журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Шоҳиста БОЗОРОВА