Меню

Қашқадарё

23.08.2018 1563

7 НАФАР ҚАШҚАДАРЁЛИК УРУШ ҚАТНАШЧИСИ КИСЛОВОДСКДАГИ САНАТОРИЙДА ДАВОЛАНДИ

 Бу ишлар Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Ушбу ҳужжатда Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг истаклари асосида Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборишни ташкил этиб, уларни зарур авиа ва темир йўл чипталари билан таъминлаш белгиланган эди.

 Маълум бўлишича, санаторийга йўл олишдан аввал Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларнинг кузатувчилари вилоятимиздаги тиббиёт муассасаларида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. Тегишли тиббий хулосалар асосида уларга сафарга отланишга рухсат берилган.

 - Сиҳатгоҳда бизни илиқ кутиб олишди, - дейди шаҳрисабзлик уруш фахрийси Сайдулло Жабборов. – Саломатлигимизни яхшилашимиз учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Юқори даражада хизмат кўрсатилди. Муолажалар ўзимизни анча тетик ҳис қилишга ёрдам берди. Бизга қаратилаётган бу эътибордан жуда хурсандмиз.

 Айтиш жоизки, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларига 5 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар ҳам берилганди.

 Маълумот учун, Россия Федерацияси Кисловодск шаҳридаги “Ўзбекистон” санаторийси анча баҳаво ва хушманзара ҳудудда жойлашган бўлиб, табиий минераллашган булоқлари билан машҳур.

 М.ШУҲРАТОВ

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!