Меню
Қашқадарё
7 МАҲКУМ МУДДАТИДАН АВВАЛ ОЗОД ҚИЛИНДИ
Инсон ва қонун
Айни пайтда юртимизда карантин сабабли судларда аксарият жиноят ишларини кўриш тўхтатилган бўлишига қарамасдан, инсонпарварлик тамойилларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддаси талаблари асосида маҳкумларни жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш юзасидан киритилаётган тақдимномалар кўриб чиқилмоқда.
Куни кеча жиноят ишлари бўйича Нишон тумани суди томонидан туман ички ишлар органлари пробация гуруҳининг 7 нафар маҳкумни муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалари қаноатлантирилди.
Жумладан, маҳкум Собит Тоғайқулов билиб-билмасдан гиёҳвандлик моддаси олди-сотдиси билан боғлиқ жиноятга аралашиб қолганлиги учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилган, сўнг жазо Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан 2 йил 8 ой 1 кун муддатга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган эди.
Маҳкум жазони ўташ даврида ўзини ижобий томондан кўрсатиб, виждонан ва тўғри муносабатда бўлгани, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани ва жазо муддатининг учдан икки қисмини ўтагани инобатга олиниб, суд маҳкумни жазодан муддатидан илгари шартли озод қилди.
Энг муҳими, бу имкон, кечиримлилик ва бағрикенглик жазодан озод этилган кишиларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, оила аъзолари, фарзандлари бағрида бўлиши, шунингдек, эл-юрт тараққиёти учун муносиб хизмат қилишида муҳим ўрин тутади.
Н.ХЎЖАЕВ