Меню
Қашқадарё
7-8 АСР АВВАЛГИ ИМОРАТЛАР ҲАР ҚАНДАЙ САЙЁҲ ЭЪТИБОРИНИ ТОРТИШИ ТАБИИЙ
Туризм истиқболлари
Қашқадарёда маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни ўзига жалб қиладиган масканлар сони талайгина. Бироқ кўпгина машҳур тарихий ёдгорликларимиз бир-биридан анча узоқда жойлашган. Мисол учун, Оқсарой ва бошқа кўҳна ёдгорликлар билан танишган сайёҳ, дейлик, Султон Мирҳайдар зиёратгоҳини кўриш учун юзлаб километр йўл босиб Касби туманига, Абул Мўъийн ан-Насафий мажмуасида бўлиш учун Қарши туманига бориши лозим бўлади. Албатта, узоқ йўл босиб келган ҳар қандай одам биттагина объектни томоша қилиб қайтишни хоҳламайди. Шундай экан, тарихий обидалар жойлашган манзилларда сайёҳлар эътиборини тортиши мумкин бўлган ранг-баранг жиҳатларга ҳам эътибор қаратишимиз зарур.
Аслида ҳар бир қишлоқда узоқ ўтмишга оид обидалар кўплаб топилади, қайсиларидир ўрганилмай турибди, баъзилари эса хароба ҳолда. Агар уларнинг барчасида зиёрат учун етарли шароитлар ҳозирласак, ташриф буюрувчилар сони ҳам анча кўпайиб қолади.
Юртимизнинг бошқа ҳудудлари каби Қамаши тумани ҳам меъморий ёдгорликларга бой. Эътиборлиси, ҳудудда ички сайёҳликни ривожлантириш мақсадида мазкур масканларда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Бердоли маҳалласида Биби Мушкул она зиёратгоҳи жойлашган бўлиб, у ҳам анча йиллардан буён қаровсиз қолиб келаётганди. Аҳоли мурожаатлари, депутатлар аралашуви билан республика бюджетининг маданий мерос объектларини реставрация қилишга ажратилган маблағи ҳисобидан обида таъмирланди. Кириш қисми янгиланди, йўлакларга совуққа, зах ва шўрга чидамли плиткалар ётқизилди, масжид юзасига миллий меъморчилик услубидаги ғиштлар қопланди, зиёратчилар учун айвон тикланди. Реставрация ишларини "Мерос" МЧЖ бунёдкорлари олиб боришди.
Ривоятларга кўра, бу ерда дафн этилгани айтилган аёл - Биби Мусаллам XII аср охири ва XIII аср бошларида яшаган. Кейинчалик у халқ тилида Биби мушкул она деб атаб кетилган. Аслида бу бидъат амал, яъни динимизда вафот этганлардан тирикларнинг кўмак сўраши мумкин эмас, Аллоҳга илтижо қилинади. Демак, тарихчилар, уламолар шу масалани ҳам одамларга тўғри тушунтириб, 7-8 аср аввал қурилган ёдгорлик бўйича тадқиқот олиб борсалар, нур устига аъло нур бўлади.
Таъкидлаш ўринли, Қамаши туманидаги Қизилтепа маҳалласидаги, XIV асрга мансуб Ўғлонжон ота меъморий ёдгорлиги ҳам 808 миллион сўм маблағ эвазига қайта таъмирланмоқда. Қурилиш-таъмирлаш ишлари шу йилнинг декабрь ойида якунланиши кутилмоқда.
Юқорида айтганимиздек, бу каби ишлар ҳудудда сайёҳлик манзиллари сони кўпайишига хизмат қилиши шубҳасиз.