Меню
Қашқадарё
69 НАФАР ҚИДИРУВДАГИ ЖИНОЯТЧИ
Вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси маълумотларига кўра, мулкий турдаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида 288 объект қўриқлаш пультига уланган бўлса, 428 та объектда видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Ёнғин ҳолатларининг олдини олиш бўйича 11 минг 832 объект текширилган ва 1048 та ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолати аниқланган.
Шу билан бирга, ўтган давр мобайнида илгари содир қилинган 15 та жиноят фош этилган бўлса, 69 нафар қидирувдаги жиноятчи ушланган. 349 маротаба сайёр суд мажлислари ташкил қилинган.
Кўриниб турибдики, қилинган ишлар салмоғи баланд. Шуни таъкидлаш лозимки, Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган профилактика тадбирлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларни келтириб чиқарган сабабларни таҳлил қилиш, аҳоли ҳушёрлигини оширишга қаратилган тадбирлар октябрь ойида ҳам давом этди ва қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.
ЕНГИЛТАКЛИКНИНГ ОҚИБАТЛАРИ
Жамият тараққий этаркан, у ахлоқий қадриятларсиз заволга юз тутади. Бунга тарихдан мисоллар кўп. Қадимги Помпей ҳалокатини эсласак, бутун бошли бир шаҳарнинг заволга юз тутишига одамларнинг ахлоқан тубанлашуви сабаб бўлгани илм аҳлига аён. Ёки саҳройи бадавийларнинг ёмон хулқ-атвори мозий саҳифаларида “жоҳилия” деб ном олган ва унинг оқибатлари ҳам кўпчиликка маълум. Шундай экан, тараққий истаган жамият маънавий қадриятларга, инсонлар хулқига бефарқ қараши мумкин эмас.
Бироқ шундай кишилар ҳам борки, улар учун маънавият, қадрият, ибо-ҳаё, ор-номус деган тушунчалар ёт, бегона. Масалан, деҳқонободлик, 1972 йилда туғилган С.Ҳ.ни олайлик. Агар унинг қалбида юқорида айтганларимизнинг ўндан бири бўлганида ҳам фоҳишалик билан шуғулланмасди. Оқибат шу бўлдики, аёллик шаънини бир умр оқлаб бўлмайдиган даражада топтаган С.Ҳ.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 190-моддаси 1-қисми билан ҳужжатлар тўпланиб, қонуний чора кўриш учун Ғузор тумани маъмурий судига юборилди.
Бундан ташқари, Қарши тумани Чўлиота қишлоғида яшовчи, 1986 йилда туғилган Ю.Қ. ва Косон тумани Нартичуқур маҳалласида яшовчи, 1985 йилда туғилган А.Қ. Қарши шаҳри ҳудудида фоҳишалик билан шуғулланаётгани аниқланиб, уларга нисбатан ҳам тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди ва Қарши шаҳар маъмурий судига юборилди.
ҚИЗИҚИШ БЎЛСА, РУХСАТ ЭТИЛГАНИНИ ЎҚИШ КЕРАК
Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тавсия этган манбалар асосида муқаддас динимиз таълимотини ўрганишга рухсат берилади. Бунинг боиси шундаки, бугун диний эътиқодга путур етказишни кўзлаган, одамлар ўртасида ихтилоф, қарама-қаршиликлар келтириб чиқаришга уринаётган кучлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг бузғунчи ғоялари акс этган манбалар диний саводи бўлмаган ёшлар қўлига тушадиган бўлса, ҳали ғўр бола уларга эргашмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Аслида динга қизиқиши бўлган одам Дин ишлари бўйича қўмита рухсат этган китоблардан ҳам истаганини олиши, билиши мумкин. Бироқ Чироқчи тумани Хумо МФЙ Районобод қишлоғида яшовчи, 1963 йилда туғилган Михли Мўминов яшаш хонадонида мутаассиблик мазмунидаги 20 дона диний китобни нега сақлаб келган, тушунмайсан киши.
Мазкур ҳолат туман маъмурий судида кўриб чиқилди ва Михли Мўминовга 748 минг 875 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
“ДОКУМЕНТ – ЧАТОҚ...” ЭКАН
Манфаатсиз фаолият йўқ. Инсон бирор ишга қўл ураркан, аввало, бундан кўзланган аниқ мақсади бўлади, бўлиши керак. Дейлик, хизмат сафарига чиқаётган ходим қўлида тегишли гувоҳнома бўлади ва унда сафарнинг мақсади кўрсатилади. Чет элга отланган кишида ҳам талаб қилинадиган ҳужжатлар бўлмаса, сафар бошланмасдан тугаши мумкин. Кўраётганингиздек, тегишли ҳужжатсиз бирор фаолият билан шуғулланиш мушкул.
Китоб тумани ҳудудида жойлашган “Мингчинор” мунтазам ЙПХ масканидан Тошкент-Шаҳрисабз йўналишида ҳаракатланиб келаётган 70 Y 202 LА давлат рақам белгили юк автомобили тўхтатилиб, юкхонаси текширилганда, ҳайдовчи Шаҳрисабз тумани Тўдамайдон маҳалласида яшовчи, 1978 йилда туғилган Комил Исматов “Матиз” автомобилига тегишли жами 6 та двигателни ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб келаётгани аниқланди ва суриштирув ҳаракатлари олиб бориш учун туман ИИБга топширилди.
Бундан ташқари, Чироқчи туманидаги “Умакай” ЙПХ масканидан ўтаётган, давлат рақами 25 К 516 АА бўлган “Нексия” русумли автомашинанинг юкхонаси текширилганда, Жиззах тумани Раволлиқ кўчаси 8-уйда яшовчи Атхам Аҳмедов ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз 150 килограмм гўшт маҳсулотини олиб кетаётгани аниқланиб, суриштирув ишларини олиб бориш учун Чироқчи туман ИИБга топширилди.
БЕРИЛГАН ИМКОНИЯТНИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШДИ...
Инсонга имкон бериш керак. Чунки адашиш – инсонга хос. Буни тўғри англашса-ку, хўп-хўп, аксинча бўлса, бундан ёмони йўқ. Масалан, либерал қонунларимиз асосида кўплаб адашган кишиларга тузалиш йўлига кириши учун имкон берилади. Бироқ буни тараллабедод қилиб юриш учун яратилган шароит деб тушунадиганлар адашади.
Мисол учун, Қарши шаҳар Кунчиқар маҳалласида яшовчи, 1981 йилда туғилган маҳкум Анвар Нуруллаев жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2017 йил 16 февралдаги ҳукмига асосан айбли деб топилган ва унга иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган. Бироқ маҳкум жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келган. Шундан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг ажримига асосан ўталмай қолган 1 йил 2 ой 17 кун ахлоқ тузатиш иши жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Қамаши тумани Бобуртепа МФЙ Пасттол қишлоғида яшовчи, 1991 йилда туғилган Урол Суюнов эса жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судининг 2017 йил 11 январдаги ҳукмига асосан судланган. Унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган. Маҳкум жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келганлиги учун жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани судининг ажримига асосан ўталмай қолган 2 йил 3 ой 15 кун ахлоқ тузатиш иши жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Чироқчи тумани Айритом қишлоғида яшовчи, 1994 йилда туғилган маҳкум Мавлон Боймуродов жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судининг 2016 йил 18 мартдаги ҳукмига асосан Жиноят кодекси 109-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган. У ҳам қонунга итоат қилмагани туфайли ўталмай қолган 1 йил 1 ой 4 кун ахлоқ тузатиш иши жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
ПАЙНЕТ ШОХОБЧАСИДАГИ ҚИМОР
Умр – оқар дарё, дейдилар. Ўтади-кетади. Ҳаётини ҳою ҳаваслар, ўткинчи ишларга бағишлаганлар эса энг кўп ютқазадиганлар. Ўқиган, изланган, ҳаётда ўз ўрнини топишга уринганлар эса умр дарёси сувидан энг кўп баҳраманд бўлади, десак ҳақиқатдир.
Бўлмаса, Чироқчи тумани Кўкдала қишлоғида яшовчи фуқаролар – 1994 йилда туғилган Бахтиёр Баҳодиров, 1991 йилда туғилган Жаҳонгир Норқулов, 1990 йилда туғилган Хумоюн Нормуродов айни ўқиб-ишлайдиган, элга ўзини яхши ном билан кўрсатадиган ёшда эди. Аксинча, улар бошқа томондан “тилга тушишди”. Яъни Кўкдала марказидаги пайнет шохобчасида 307 минг сўм пул тикиб, қимор ўйнашаётган вақтда қўлга олинди. Ўйинга тикилган пул ва карталар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди ҳамда мазкур ҳолат Чироқчи тумани маъмурий судида қонуний асосда кўриладиган бўлди.
МУҲИМ МАЪЛУМОТЛАР АСОСИДА
Қидирув-суриштирув ишлари давомида олинган маълумотлар асосида жиноят содир этиб, суд ва дастлабки тергов органларидан яшириниб юрган қидирувдаги жиноятчилар ушланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 2-қисми ва 127-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун Қарши шаҳар ИИБ томонидан қидирувда бўлган, 1979 йилда туғилган, Қарши шаҳар Пахтазор миттитумани 50-уй 19-хонадонда яшаган Алишер Яхшиев, Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги учун Қарши шаҳар ИИБ томонидан қидирувда бўлган, 1976 йилда туғилган, Қарши шаҳар 1-миттитуман 4-уй 11-хонадонда яшаган Леонид Хамроқулов қўлга олинди.
ИХТИЁРИЙ ТОПШИРИЛСА, ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ҚИЛИНАДИ
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Юқорида назарда тутилган буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс эса жавобгарликдан озод қилинади.
Шунга асосан ўтказилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида Деҳқонобод тумани Пахтачи маҳалласида яшовчи Гулойим Мерганова марҳум турмуш ўртоғига тегишли ИЖ-54 русумли, 2 нилли, 12 калибрли, С 2086-рақамли, 1954 йилда ишлаб чиқарилган ўқотар ов қуролини ўз ихтиёри билан топширди.
Ғузор тумани Сийроқ қишлоғида яшовчи Ойсара Авазова ҳам марҳум турмуш ўртоғига тегишли 1 нилли, И 13946-рақамли ўқотар ов қуролини ички ишлар ходимларига келтириб берди.
Косон тумани Майдаёбу маҳалласида яшовчи 1996 йилда туғилган Ёқуб Иззатуллаев ҳам ноқонуний қурол сақлаш жиноят эканлигини билиб, бобосидан қолган ИЖ-17 русумли, бир нилли, 16 калибрли, 31275-рақамли, 1951 йилда ишлаб чиқарилган ов қуролини ўз ихтиёри билан топширди.
Профилактика тадбирлари бугун ҳам барча ҳудудларда давом этади. Унинг самарали ўтиши, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ички ишлар органлари ходимлари билан бир қаторда ҳар биримизга, дахлдорлик ҳисси ва фуқаролик позициямизга ҳам боғлиқ эканини унутмасак, тадбирлар самаралари янада кенгроқ сезилади. Бундан эса энг аввало ўзимиз манфаат кўрамиз.
Т.ПЎЛАТОВ