Меню

Қашқадарё

31.07.2020 1775

6 ойда туғилган ҳар 100 қизга 109 нафар ўғил бола тўғри келаяпти

Вилоятимизда жорий йил 1 июль ҳолатида доимий аҳоли сони 3 миллион 301 минг кишини ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 20,6 минг нафарга ошган.

Вилоят статистика бошқармасининг демография ва меҳнат статистикаси бўлими томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Қашқадарёда шу йилнинг дастлабки олти ойи давомида аҳоли сонининг табиий ўсиши ва механик камайиши кузатилган. Зеро, шу давр мобайнида вилоятда 38,7 минг нафар бола туғилиб, 6 минг киши вафот этган (табиий ўсиш: +32,7 минг киши), шунингдек, 4,5 минг киши кўчиб келиб, 16,6 минг киши кўчиб кетган (механик камайиш: - 12,1 минг киши).

Ҳудудлар кесимида энг кўп аҳоли Чироқчи (414,8 минг киши) ва Косон (287 минг киши) туманлари ҳамда Қарши шаҳрида (277,2 минг киши) яшайди. Доимий аҳолиси сони энг кам ҳудудлар рўйхатига эса Муборак (87,3 минг киши) ва Миришкор (120,1 минг киши) туманлари ҳамда Шаҳрисабз шаҳри (139,4 минг киши) киради. Аҳоли сонининг энг юқори ўсиш суръати Чироқчи туманида (2019 йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 фоиз), энг кам ўсиш эса Китоб туманида (0,9 фоиз) қайд этилган.

Вилоятимизда эркаклар сони (1 миллион 670,7 минг нафар) аёллар (1 миллион 630,3 минг нафар)дан кўра 40,4 минг нафарга кўпдир. Олти ойда туғилган ўғил болалар (20,2 минг нафар) ва қизлар (18,5 минг нафар) сонини  солиштириб кўрсак, ҳар 100 қизга тахминан 109 нафар ўғил бола тўғри келади. Шунингдек, 2020 йилнинг январь-июнь ойларида вилоятимизда 3,3 минг нафар эркак ва 2,7 минг нафар аёл вафот этган.

Вафот этганларнинг 58,1 фоизи қон айланиш тизими касалликлари, 8,8 фоизи ўсимталар, яна 5,7 фоизи овқат ҳазм қилиш,  4,7 фоизи эса нафас олиш аъзолари касалликлари, 4,5 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлар, 1,1 фоизи юқумли ва паразитар касалликлар, қолган 17,1 фоизи бошқа  хасталиклар туфайли оламдан кўз юмган.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 7281 та никоҳ қайд этилиб, бу рақам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,6 фоизга камайган. Ажримлар сони эса 815 тагача (5,4 фоизга) ошган. Никоҳдан ажралиш ҳолатлари, айниқса, Муборак (45 фоизга), Чироқчи (27,7 фоизга), Касби (25,8 фоизга), Деҳқонобод (20 фоизга) ва Косон (18,8 фоизга) туманларида юқори суръатларда кўпайган.

Темур НИЗОМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!