Меню
Қашқадарё
6 МИНГ ТОННАДАН ОРТИҚ БАЛИҚ ОВЛАНАДИ
Маҳсулдорликни бундан-да ошириш, балиқ етиштиришнинг замонавий усулларини жорий қилиш борасида уларга зарур кўмак кўрсатилаяпти, тижорат банклари томонидан кредитлар тақдим этилмоқда. Бироқ шунга қарамасдан бугунги кунда мавжуд сув ҳавзаларидан самарали фойдаланиш даражаси, янги инкубация цехлари қуриш, балиқхоналар барпо этиш, интенсив усулларни қўллаган ҳолда балиқ етиштириш кўламини кўпайтириш, балиқчилик хўжаликларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни мақтарли деб бўлмайди. Мисол учун, вилоятимиздаги сунъий сув ҳавзалари салоҳиятидан тўлиқ ҳажмда фойдаланилмаяпти. Бу ҳақда Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги “2018 йилда балиқ маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Ушбу ҳужжатга асосан, жорий йилда бор имкониятларни унумли ишга солиш асносида балиқ етиштириш ҳажмини ошириш, хорижий мамлакатлар ижобий тажрибасини тизимли қўллашни ташкил этиш, инновацион технологияларни ўзлаштириш кўзда тутилган. Шу мақсадда балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди. Хусусан, мазкур фаолиятни илмий асосда ташкил этиш, инкубация цехлари ва балиқхоналар қуриш, мавжуд сув ҳавзаларини модернизациялаш ва кенгайтириш шулар сирасига киради. Шунингдек, инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига балиқ етиштиришни кўпайтириш, балиқни саноат усулида қайта ишлашни йўлга қўйиш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунга кўра, 2018 йилда сув ҳавзаларини балиқлантиришнинг прогноз параметрлари тасдиқланди. Қарор иловасида вилоятимизга оид маълумотлар ҳам келтирилган. Унга кўра, жорий йилда воҳамиздаги сув ҳавзаларига 7,7 миллион чавоқ ташланади. Бунда асосан сунъий ҳавзаларни балиқлантириш салмоқли ўрин эгаллайди – 4,4 миллион чавоқ. Шунингдек, ҳудуддаги табиий ҳавзалар ва сув омборлари, қафас қурилмалари, сунъий иншоотлар ҳам балиқлантирилади.
Шунинг ҳисобидан 2018 йилда вилоятда 6 минг 220 тонна балиқ овланиши прогноз қилинмоқда. Маҳсулотнинг асосий қисми – яъни 3 минг 200 тоннаси сунъий сув ҳавзаларида етиштирилса, 1 минг 400 тоннаси табиий сув ҳавзалари ва сув омборлари ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, қафас усулида балиқ боқиб, истеъмол бозорига 720 тонна товар балиқ етказиб берилиши мўлжалланган.
Ўз навбатида қарорда 2018 йилда балиқ етиштириш бўйича замонавий иншоотлар ва қурилмаларни барпо этиш прогноз параметрлари ҳам тақдим этилган. Тегишли жадвалда кўрсатилишича, бу йил ҳисобидан вилоятда 1 та инкубация цехи қуриб, фойдаланишга топширилади. Унинг қуввати йилига 20 миллион личинка етиштириш имконини юзага келтиради.
Қолаверса, воҳамизда сунъий сув ҳавзалари барпо этишга ҳам устувор аҳамият қаратилади. Бунинг учун 6 гектар майдон ажратилади. Ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги эса 600 тонна балиқни ташкил этади. Балиқ етиштиришнинг камхарж ва самарали усули бўлган қафаслар қуриш бўйича чора кўрилади. Балиқчилик хўжаликларида 50 дона шундай мосламадан фойдаланишга киришилади. Натижада мавсумда 150 тонна қўшимча балиқ овланиши таъминланади.
Давлат раҳбарининг қарорида жорий йилда балиқларни озиқлантириш ва сув ҳавзалари маҳсулдорлигини ошириш учун қанча миқдорда омихта ем ва минерал ўғитлар етказиб берилишига ҳам аниқлик киритилган. Ҳудудлар кесими бўйича вилоятимизга жами 8 минг 794 тонна омихта ем ва 1 минг 30 тонна минерал ўғит ажратилади.
Қарорда жорий йилда балиқхоналар ташкил этиш, балиқчилик учун зарур материаллар тайёрлаш, балиқни сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган янги қувватларни ишга тушириш лойиҳалари тақдим этилган. Ҳозирги вақтда вилоятимизда 111 та балиқхона бўлса, жорий йил якунларига кўра уларнинг сони 50 тага кўпаяди. Уларда қўшимча 2,5 миллион чавоқ етиштирилади. Шу вақтгача ҳудудда 2 та балиқни сақлаш ва қайта ишлаш қуввати ишлаб турган бўлса, яна бир лойиҳа асосида шу йўналишда иш ташкил этилади.
Яна бир жиҳати, юртимизда 2018 йилда балиқчилик тармоғини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланади. Бу дастур ижроси ушбу қарор билан белгиланган прогноз параметрларига сўзсиз эришилишини таъминлашга қаратилади. Маҳаллий ҳокимият лойиҳалар ташаббускорларининг аризаларига асосан сунъий сув ҳавзалари, балиқни қайта ишлаш қувватлари ташкил этишга ер участкалари ажратади. Шунингдек, юртимизга хориждан тажрибали мутахассислар жалб қилиниши назарда тутилмоқда.
Бу ишлар мавжуд имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш, тармоқ маҳсулдорлигини ошириш эвазига аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини самарали қондиришга муҳим шароит ҳозирлайди.
М.ЖЎРАЕВ