Меню

Қашқадарё

07.07.2018 1689

6 БОҒЧА ҚУРИЛИБ, 15 ТАСИ РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИНАДИ

Давлатимиз раҳбарининг 2 июлдаги “2018 йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастури тўғрисида”ги қарори билан эса жорий йилда бу йўналишда қилиниши кўзда тутилган ишлар кўлами белгилаб берилди. Мазкур ҳужжат мактабгача таълим тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, болаларни ўрта таълимга тайёрлаш учун шарт-шароит яратиш мақсадида қабул қилинди.

Қарорда қайд этилганидек, юртимизда 60, 135, 160, 235 ва 385 ўринли замонавий мактабгача таълим муассасаларининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бунда хориж тажрибаси ҳамда мамлакатимиз табиий-иқлим шароити инобатга олинди.

Шунингдек, ушбу ҳужжатга асосан 2018 йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашнинг асосий параметрлари тасдиқланди. Ҳудудлар кесимида қарайдиган бўлсак, вилоятимизда жами 2 минг 755 ўринга мўлжалланган 21 та шундай объект қамраб олинган. Шунинг 6 таси янги қурилиш экани аҳамиятлидир. Жорий йилда бу боғчалар қуриб битказилгач, улар ўз бағрига 1 минг 185 нафар болани қабул қилади. Намунавий лойиҳа асосида қуриладиган бу янги мактабгача таълим муассасаларининг ҳар бири 160 ўринли бўлиб, биттаси лойиҳа қиймати 7 миллиард 300 миллион сўмдан ошади. Улар  Деҳқонобод туманининг Бешбулоқ, Қамаши туманининг Манғит, Яккабоғнинг Эсат маҳаллалари, Чироқчи туманининг Дам массиви ва Шаҳрисабз туманининг Лолистон қишлоғида қад ростлайди. Фақат Ғузор тумани Пачкамар қишлоғида барпо этиладиган ясли 385 ўринга мўлжалланади ва уни бунёд этишга 17 миллиард 447 миллион сўм маблағ сарфланади.

Бундан ташқари, 15 та мавжуд мактабгача таълим муассасасида реконструкция ишлари олиб борилади. Бунинг учун жами 44 миллиард 584 миллион сўм маблағ йўналтирилади. Косон туманида 3 та, Қарши шаҳри, Қамаши, Касби, Ғузор туманларида эса 2 тадан, Муборак, Яккабоғ, Қарши ва Китоб туманларида 1 тадан боғча тегишли дастурдан жой олган. 

М.ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!