Меню

Қашқадарё

26.07.2019 1705

53 ФУҚАРО НЕГА ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ?

Табиатда қутуриш вирусининг асосий манбалари итлар ва итсимонлар оиласига кирувчи бўри, тулки, чиябўрилардир. Лекин ҳамма иссиққонли жониворлар, масалан, сигир, от, қўй, эчки, чўчқа, мушук, кемирувчилар ҳам одамга ва бошқа ҳайвонларга касалликни юқтиришлари мумкин.

Бу касаллик инсонга қутурган ҳайвон тишлаганда, унинг сўлаги терининг тирналган, кесилган жойларига, шунингдек, кўз, бурун шиллиқ пардаларига тушганда, одам қутурган ҳайвоннинг терисини шилганда, унинг мия ва сўлаги билан қўл ифлосланганда, сўлак теккан жисмларга суйкалганда юқиши мумкин.

Бизнинг шароитда қутуриш касаллиги вируслари кишиларга энг кўп қутурган итлар тишлаши оқибатида юқиши кузатилади. Шу боис ҳар биримиз бу борада жуда эҳтиёткор бўлиб, уй ҳайвонлари, айниқса, ит сақлашда мавжуд тартибларга тўла амал қилишимиз зарур.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидаларига кўра, ит эгалари атрофдаги одамлар ва ҳайвонларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган зарур чораларни кўриши шарт. Кўча ва бошқа жамоат жойларида етовсиз юрган ит, мушуклар ҳатто бўйинбоғи, жетони ва тумшуқбоғи бўлган тақдирда ҳам, уларнинг зоти ва вазифасидан қатъи назар, тутиб олиниши кераклиги  кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, фуқаролар алоҳида уйларда итларни боғланмаган ҳолда сақлаши, уларни очиқ ва жамоат жойларида тумшуқбоғсиз ҳамда бир метрдан узун етовда сайр қилдириши, давлат ветеринария бўлимларида рўйхатдан ўтмаган итларни сақлаши тақиқланади. Бундай ҳолатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 110-моддасига асосан жавобгарликка сабаб бўлади. Мисол учун, шу йилнинг 6 ойи давомида 53 фуқаро ит сақлаш қоидаларини бузгани учун тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ш.ШОДИЕВ, 

вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Н.ҚУЛМУРОДОВ,

вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси командири

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!