Меню
Қашқадарё
5 миллион сўм қарз бераман деб 12 миллионни “ечиб” олди
Нафс тузоғига тушган киши пул топиш кўйида нималарга қўл урмайди дейсиз. Фигибгарларнинг шундай одати бор эканки, “Кимдан бўлса ҳам, қанча бўлса ҳам” қабилида иш тутиб, фойда кўришни асосий мақсадга айлантириб оларкан.
Фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг бу сафаргиси Муборак туманида юз берди. Фуқаро Т.С. алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзгаларнинг пулларини қўлга киритди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг “Постда” нашри ёзмоқда.
Қайд этилишича, у туман электр таъминоти корхонаси биносида электр энергияси ва табиий газ тўловларини қабул қилиш мақсадида бир қанча истеъмолчилардан пул олиб, чек ёзиб беради. Аммо 37 нафар истеъмолчининг абонент рақамларига тегишли маблағни тушириб бермайди.
Бундан ташқари, Т.С. Миллий банкнинг Муборак филиали маъмурий биноси олдида ҳамшаҳри Х.Ч. билан учрашиб қолиб, унинг банкдан онлайн қарз олмоқчи эканлигидан хабар топади. Сўнг “Агар пластик картангиз кодини айтсангиз, ўзимнинг телефон аппаратим орқали сизга 5 миллион сўм онлайн қарз олиб бераман”, деб уни алдаб, Х.Ч.дан онасининг пластик картаси кодини билиб олади ва пластик картадаги 12 миллион 300 минг сўм пулни қўлга киритади.
Мазкур ҳолатлар юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.