Меню

Қашқадарё

12.02.2019 1592

5,5 МИЛЛИОН СЎМЛИК КОВРАК СМОЛАСИ ВА ДАНАГИ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК АШЁСИ ДЕБ ТОПИЛДИ

Деҳқонобод туманидаги Торқопчиғай ва Усмондара қишлоқларида яшовчи Жуманазар Давиров, Элмурод Абраҳматов, Жўрақул Эсонтурдиев, Жасур Ёдгоров ва Ҳамидулла Кулманов каби ёшларнинг нияти яшаш шароитини янада яхшилаш бўлгани аниқ, бироқ улар бунинг учун эгри йўлни танлашган, яъни Ўзбекистон-Туркманистон чегара зонасида коврак смоласини йиғиштириш билан қонунга зид тарзда шуғулланишган. Шунинг учун чегара ҳудудида хизмат қилаётган ҳарбий қисм ходимлари томонидан қўлга олинган.

Қонунбузарлардан 9 килограмм 55 грамм бўлган (ҳар килоси 500 минг сўмдан) жами 4 миллион 775 минг сўмлик коврак смоласи ва килоси 800 минг сўмлик коврак данаги, жами 5 миллион 575 минг сўмлик Кўҳистон ковраги смоласи ва данаги ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиниб, ҳужжатлаштирилади.

Шунга асосан уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 224-моддаси 1-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Иш бўйича ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган маҳсулотлар давлат эгалигига ўтказилди.

Таъкидлаш лозим, ҳали ёш бўлишига қарамай, уларнинг бирортаси фойдали меҳнат билан шуғулланмаган. Қолаверса, ҳуқуқий саводи ҳаминқадар бўлгани туфайли шундай ҳуқуқбузарликка қўл уришган. Демак, маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари, ёшлар ташкилотлари масаланинг ана шу жиҳатига ҳам эътибор қаратишлари керак.

Я.ОМОНОВ,

Деҳқонобод тумани маъмурий суди раиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!