Меню

Қашқадарё

03.12.2021 2136

35 миллиард сўмлик лойиҳа, 338 та тикув машинаси, 500 та янги иш ўрни, 7,5 миллион долларлик экспорт

Қашқадарёда яқин келажакда ҳудудда етиштирилаётган пахта хом ашёсини тўлиқ шу ернинг ўзида чуқур қайта ишлашга эришилади.

Соҳа масъулларининг маълум қилишича, вилоятда ҳар йили 400 минг тонна пахта хом ашёсини қайта ишлаб, 136 минг тонна тола тайёрлаш имконияти бор. Бундан ташқари, ўтган йиллар давомида тадбиркорлар томонидан 72,6 минг тонна, яъни ҳуддудда тайёрланадиган толанинг 53 фоизини қайта ишлаш қувватига эга субъектлар ишга туширилган. Кейинги йил охиригача умумий қиймати 5,2 триллион сўмга тенг яна 72 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилганини ҳисобга олсак, яқин келажакда тегишли кўрсаткич 100 фоизга етади.

Таъкидлаш ўринли, Қашқадарёда пахта хом ашёсини қайта ишлаш бўйича саноат занжирини ҳосил қилиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ҳудудда трикотаж маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослашган йирик субъектлар ҳам муваффақиятли фаолият бошлаяпти.  "Koson baxt tekstil" масъулияти чекланган жамияти ана шулардан бири.

Иш бошлаганига эндигина бир ойдан ошиқроқ вақт бўлган субъект йилига уч миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Қиймати 35 миллиард сўмлик лойиҳа асосида барпо этилган фабрика цехлари Япониянинг "Juki" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 338 та тикув машинаси билан жиҳозланган.

- Лойиҳа доирасида 500 та янги иш ўрни ташкил қилдик, - дейди жамият раҳбари Шавкат Шарипов. - Йилига 7,5 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспортини амалга ошириш режамиз бор.

Дарвоқе, "Koson baxt tekstil" мулкдорлари корхонада тайёрланаётган тирикотаж маҳсулотларининг асосий қисмини экспортга йўналтиришни мўлжалланган. Бунинг учун Россия, Украина, Чехия, Қирғизистон каби мамлакатлар бозорлари ўрганилиб, ҳамкорлар билан мулоқотлар бошланган.

Ўз мухбиримиз 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!