Меню
Қашқадарё
30 НАФАР ЁШ ТАДБИРКОРГА ИМТИЁЗЛИ БАНК КРЕДИТИ ТАҚДИМ ЭТИЛАДИ
18-30 ёшли 140 нафар тадбиркор ўзлари тайёрлаган бизнес-лойиҳа билан иштирок этган тадбир доирасида улар томонидан ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат, тикувчилик маҳсулотлари, миллий ҳунармандчилик намуналаридан иборат кўргазма ҳам ташкил этилди. Ушбу маҳсулотлар ўзининг бежиримлиги, сифати ва харидоргирлиги билан ажралиб турганини алоҳида қайд этиш лозим.
Танловга тақдим этилган лойиҳаларда ишлаб чиқаришни янгидан ташкил этиш, қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик буюмлари ясаш, чорва боқиш ва иссиқхона шароитида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш каби ташаббуслар илгари сурилгани аҳамиятлидир. Энг пухта ишланган, молиявий жиҳатдан тўла асосланган, кафолати таъминланган лойиҳалар эса юксак эътирофга муносиб кўрилди.
Хусусан, танловнинг вилоят босқичи якунларига кўра, 30 нафар қатнашчининг бизнес лойиҳаси юқори баҳоланиб, уларга тижорат банклари томонидан имтиёзли асосда кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Шунингдек, илғорлиги, интилувчанлиги ва қобилиятини намойиш эта олган 10 нафар ёш тадбиркор кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолиби, деб топилди ва улар республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилиш учун тегишли йўлланмаларга эга бўлишди. Ғолиблар орасида Қарши шаҳрилик ёш тадбиркор Рухшона Йўлдошева ҳам бор.
- Қарийб 3 йилдан бери тикувчилик билан шуғулланаман, - дейди "Дилдора умумий қурилиш сервис" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рухшона Йўлдошева. - Асосан, буюртма бўйича аёллар либослари ва болалар кийим-кечаклари, шунингдек, йирик саноат корхоналари билан тузилган шартномага кўра, махсус иш кийимлари, чойшаб, ёстиқ жилди ҳамда кўрпа-тўшак тикамиз. 4 нафар ишчим бор. 6 та турли замонавий дастгоҳга эгамиз. Талаб кўпайгани боис ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот хилма-хиллигини таъминлаш ҳақида ўйлаётгандим. Бунинг учун бизга янги русумдаги, компьютерлаштирилган тикув машинаси керак эди. Ушбу машина матога турли гул шакллари, кашталар тасвири, ёзувларни босиш имконини беради. Ҳисоблаб чиқсак, лойиҳамизни амалга ошириш учун 37 миллион сўм маблағ талаб этиларкан. Шунинг 5 миллион сўмини ўзимиз қўшсак, қолганини банк кредити ҳисобидан қопламоқчимиз. Режамиз келгусида ўзини ҳар томонлама оқлаши ва юқори даромад келтиришини кўрсатиб бердим, якунда эса ғолиблар қаторидан жой олдим. Бундан жуда хурсандман.
Қайд этиш жоиз, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган "Ёш тадбиркор - юртга мададкор" кўрик-танловининг ҳал қилувчи босқичи шу йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтади. Унда энг яхши деб топиладиган ёш тадбиркорларга тақдим этиладиган банк кредитлари фоизлари "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан тўлаб берилади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
* * *
Суратларда: танлов қатнашчилари Рухшона Йўлдошева (чапда) ва Дилноза Бурхонова; Интизор Каримова.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.