Меню

Қашқадарё

01.05.2020 2656

3 СОТИХ ЖОЙДАН 600 МИЛЛИОН СЎМ

даромад олишнинг сири нимада?

Томорқа ва инновация

Мамлакатимизда кейинги йилларда балиқчиликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада барча ҳуқуқий-ташкилий асослар яратилган ҳамда балиқ етиштирувчи тадбиркорларга бир қатор имконият ва имтиёзлар берилган. Жумладан, балиқчилик кластерларининг йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлган тақдирда улар 2019 йил 1 январдан бошлаб дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилган. 2020-2022 йилларда интенсив усулда етиштирилган бир тонна балиқ маҳсулоти учун 1 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилмоқда.

Хўш, соҳага қаратилаётган бунча эътиборнинг сабаби нимада?

Боиси, балиқчиликнинг ривожланиши озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш баробарида, аҳолини балиқ таркибидаги юқори сифатли оқсиллар билан таъминлаш имконини беради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, балиқ инсон организмини тозалайди. Суяк ва тишларни мустаҳкамлайди. Айниқса, тез ҳазм бўлиши ва парҳезбоплиги балиқнинг қийматини янада оширади. Балиқ гўшти таркибида жуда кўп витамин ва микроэлементлар сақланиши туфайли биологик қиймати ҳам мол ёки қўй гўштидан юқори туради.

Балиқ гўшти юрак-қон томир касалликларида, қонда холестерин даражаси кўтарилганда, камқонлик, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда,    невроз, тери касалликлари, подагра ва ревматизмда, кўриш қобилияти  сустлашганда кони фойда экан. Болалар балиқдан тайёрланган таомларни истеъмол қилиши натижасида   рахит, кариес, соч тўкилиши, бўқоқ дардларидан фориғ бўларкан.

Шифокорлар витамин ва минералларга бой ушбу маҳсулотни кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этади. Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, балиқ маҳсулотлари истеъмол қилиб олди олинадиган хасталикларни дори-дармон билан даволаш учун балиқчиликни ривожлантириш харажатларидан кўра 40-50 карра кўп маблағ сарфланади. Шундай экан, балиқ етиштириш миқёсини кенгайтириш, уни қайта ишлаш ва аҳоли ўртасида истеъмолини бир неча баравар кўпайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар миллионлаб кишилар саломатлигини яхшилашга хизмат қилади.

Кўрилган чоралар самарасини биргина вилоятимиз мисолида олиб қарайдиган бўлсак, анча салмоқли рақамлар кўзга ташланади. Вилоятда 2019 йилда 15 минг тонна, бундан 20 йил олдинги билан солиштирганда 15 марта ёки 2015 йил билан таққослаганда 4 марта кўп "луқмаи ҳалол" етиштирилди. Натижада кейинги уч йил давомида инфляция ва бошқа омилларга қарамасдан вилоятда балиқ нархи нисбатан барқарор турибди. Аммо бу етарли дегани эмас.

Истеъмолнинг тиббий меъёрлари бўйича қилинган ҳисоб-китобларга кўра, вилоят аҳолиси эҳтиёжи учун бир йилда 23 минг тонна балиқ зарур бўлади.

- Шу боис вилоятда бу талабни тўла қондириш, истеъмолдан ортиғини республика ички бозорларига, қайта ишлаш корхоналарига ҳамда  экспортга йўналтириш мақсадида бир неча йўналишда иш олиб борилмоқда, - дейди "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Абдукарим Шоҳимардонов. - Энг аввало, мавжуд балиқчилик хўжаликларида балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини замонавий ва инновацион услубларни жорий этган ҳолда оширишдан иборат. Бундан  ташқари, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланган ҳолда ҳамда бошқа бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш орқали балиқ етиштиришни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.

Мисол учун, Нишон туманидаги "Соф ҳавзалар" масъулияти чекланган жамиятига қарашли кўллардан истеъмол бозорига ўтган йили 400 тоннага яқин балиқ етказиб берилган. Жамият жамоаси жорий йилда бу кўрсаткични 600 тоннадан оширишни кўзлаб турибди. Бунинг учун уларда барча имкониятлар етарли. 30 нафар кишининг иш билан бандлиги таъминланган мазкур балиқчилик хўжалигида замонавий технология асосида балиқ кўпайтирилмоқда. Аниқроғи, увилдириқлар мўътадил шароитда 72 соат сақланиб, ундан чавоқлар олинади. Кейин эса улар етти кун мобайнида махсус рацион билан озиқлантирилади-да, чавоқ ҳавзага, ундан ўсмир ҳавзага ва кейин яйлов ҳавзаларга ўтказилади. Шунда чавоқларнинг 80-90 фоизи яшаб кетиши таъминланади. Бундан ташқари, мазкур субъектнинг инкубация ҳавзаларидаги чавоқлар 50-100 грамм тош босгач, буюртмачиларга ҳам етказиб берилади. Бугун хўжаликка қарашли ҳавзаларда дўнгпешона, оқ амур ва зоғорабалиқ парвариш қилинаяпти.

Корхона қошида балиқ еми ишлаб чиқариш цехи ҳам барпо этилган бўлиб, унда бир кунда 15 тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий экструдер ускуналари кунгабоқар, соя ва пахтанинг шротини, балиқ ва суяк унини, маккажўхори ва буғдойни ҳамда соя ва пахта ёғини аралаштириб,     яхшилаб пресслаб, қуритиб беради. Натижада емда балиқ учун зарур миқдордаги протеин ҳосил бўлади.

- Ҳозирча ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз фақат ўзимиз етиштираётган балиқларга берилади, - дейди корхона иш юритувчиси Шуҳрат Қиёмов. - Келажакда қувватни ошириб, бошқа балиқчилик хўжаликларига ҳам ем етказиб бериш ниятидамиз.

Вилоятда мавжуд 2834 гектар   сунъий, 16 минг 900 гектарга яқин табиий кўлларда фаолият юритаётган бошқа балиқчилик хўжаликларида ҳам ишлар шу зайлда ташкил қилинган.

Иккинчи йўналиш - янги лойиҳаларни ва хорижий технологияларни татбиқ этишдан иборат. Бу мақсадда Қарши тумани балиқчиликка ихтисослашган туманга айлантирилмоқда ва бу ерда балиқчилар "шаҳарчаси" ташкил қилиниши режалаштирилаяпти. Хитой технологияси асосида 25 гектар майдонда интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш лойиҳаси унинг бир бўлаги бўлади.

Шунингдек, Чироқчи туманидаги "Таъминотчи" масъулияти чекланган жамияти томонидан 4 гектар ерда ёпиқ сув тизимида 11 миллиард сўм эвазига интенсив усулда балиқ етиштириш кўзда тутилмоқда. Бу ерда аллақачон қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Иссиқхона ичида қурилаётган 84 та ҳовуздан айни паллада ярмидан зиёди битган. Ўлчами 7 метру 60 сантиметрга 3 метру 50 сантиметрни ташкил қиладиган бу ҳовузларнинг ҳар биридан бир мавсумда    4-5 тонна балиқ овлаш имкони бўлади.

Кейинги йўналишлар - аҳоли томорқаларида балиқ етиштиришни кўпайтириш ва балиқчилик кооперациялари ташкил қилиш. Бу усул жуда самарали эканини Чироқчи туманининг Қаҳрамон қишлоғида томорқасида балиқ етиштираётган 6 та оила мисолида яққол кўриш мумкин.

Мисол учун, ака-ука Абдурашид ва Акмал Аҳмедовларнинг ҳар иккиси ҳам ўз ҳовлисида 3 сотих ерда ихчамгина ҳовуз қуриб, интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйган. Улар иссиқхона ичида барпо қилинган бу ҳовузларни 60 минг дона Африка лаққаси чавоғи билан балиқлантиришган. Емини сақлаш учун совуткич қуришган. Ҳовузларда доимий равишда сув айланиб туриши учун ер остидан сув чиқаришган. Ҳисоб-китобларга кўра, балиқлар 6-7 ой боқилса, 1,5-2 килограмм тош босадиган бўлади. Яъни ака-укалар ярим йил ичида истеъмол бозорларига 100 тонна нари-берисида балиқ етказиб беришади. 12 нафар киши - оила аъзолари, қўни-қўшнилар ишли бўлган. Балиқнинг килосини 10 минг сўмдан сотишганда ҳам ўзингиз тасаввур қилаверинг қанча фойда кўришларини. Шу даромад ортидан рўзғорлар бояд-шояд. Данғиллама уйда қўша-қўша машина.

- Балиқ боқиш кўп машаққат талаб қилмайди, - дейди Абдурашид Аҳмедов. - Бунинг учун озгина ҳафсала ва бироз маблағ бўлса, бас. Мисол учун, ўзим 3 сотих ерда ҳовуз қуриш ва ер остидан сув чиқариш учун жами 12 миллион сўм маблағ сарфлаганман. Чунки ҳовузда кислород бўлиши учун доимий равишда сув алмашиб туриши керак. Кейин ҳовузга 30 минг дона чавоқ ташладим. 6 ойдан сўнг сота бошладим. Фойдасининг бир қисми билан ҳовуз устини ёпдим. Шу тариқа "оборот"га кириб олдим. Даромади чаккимас. Камида "бирга бир" қолади.

Холиёр Тўхтаев ҳам 3 сотих ерда балиқ боқмоқда. Уларнинг орасида 8-10 килограмм келадиганлари ҳам бор. Уй эгасининг айтишича, шу кунларда    50 тоннадан ортиқ балиқ сотишни мўлжаллаб турибди.

Эр-хотин Ғанишер ва Маҳфуза Раззоқовлар хонадонида эса 4 сотих иссиқхонада балиқ парваришланмоқда. Аввал кичикроқ жойда қуриб, фойдасини билишгач, ёнидан яна қўшимча ҳовуз қўшишибди. Уларнинг 5 нафар фарзанди бўлиб, бири турмушга чиққан. Қолган 4 нафар фарзанд, қолаверса, эр-хотин балиқ туфайли доимо иш билан банд.

- Балиқни бежиз "луқмаи ҳалол" дейишмайди, чунки тозаликни жуда яхши кўради, - дейди Маҳфуза Раззоқова. - Бир неча йил балиқ парваришлаб, уларнинг феълини ҳам ўрганиб олдик.

Арзимурод Жуманов ҳам қўшниларга ҳавас қилиб, томорқасининг бир сотих қисмига ҳовуз қурган. Унга яқинда 10 мингта чавоқ ташлабди. 4-5 ой ўтиб балиқлар 2 килограммли бўлади ва сотишни бошлайди. Арзимуроднинг айтишича, шу бир сотих майдондан 200 миллион сўм даромад қилишни кўзлаб турибди.

Туман секторлари раҳбарлари балиқчи оилаларнинг муваффақиятларини кўриб, уларни янада қўллаб-қувватлашга, бу қишлоқда балиқчилик билан шуғулланадиган оилалар сонини кўпайтиришга қарор қилишди.  Абдурашид Аҳмедовга қишлоқ ҳудудидан шу пайтгача қаровсиз ётган 60 сотих ер майдони фаолиятини кенгайтириши учун ажратиб берилди. Шунингдек, қишлоқда яна 10 оила балиқ боқишни йўлга қўйиши учун улар кооперацияга бирлаштирилди. Ер остидан сув чиқариш, ҳовуз қуриш ишларига ёрдамлашиладиган бўлди.

Бошқа туманларда ҳам балиқчилик соҳасида аҳоли томонидан бу каби ибратли ишларга қўл урилмоқда. Масалан, Шаҳрисабздаги Шўрчи қишлоғида яшовчи Одил Раҳмонов дарё лабида ихчамгина ҳовуз барпо этиб, жуда қимматбаҳо саналадиган ва гўзаллиги кўзни қамаштирадиган гулмоҳ балиқларини етиштиришни йўлга қўйган. Бу мўъжазгина ҳавза 4 мингта чавоқ билан балиқлантирилган. Улар бир йилда бозорбоп бўлади. Яъни вазни 300-400 граммга етади. Бир қараганда, вазни анча кам кўриниши мумкин. Аммо фойдаси Африка лаққасиникидан сира қолишмайди. Чунки бозорда гулмоҳнинг бир килоси нақ 70-75 минг сўм туради.

"Гулмоҳга ем бериб, унинг озиқланишини томоша қилиш келадиган фойдасидан ҳам мароқли", дейди Одил Раҳмонов.

Бир сўз билан айтганда, томорқада балиқ етиштиришни кўпайтириш ҳам ишсизлар сонини қисқартириш, ҳам балиқ маҳсулотлари ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис вилоятда ҳар бир туман ва шаҳарда камида 10 тадан оила томорқасида бу усул жорий қилиниши кўзда тутилмоқда. Натижада камида 600 та иш ўрни яратилади, маҳсулот ҳажми эса йўқ деганда минг тоннага кўпаяди. Бу ишларнинг амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши вилоятда балиқ етиштириш ҳажмини 30 минг тоннадан ошириш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

Толиб ТЕМИРОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!