Меню
Қашқадарё
3 ОЙДА ЁШЛАР ТОМОНИДАН 192 ТА ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИЛГАН
Вояга етмаганлар 10, ёш хотин-қизлар эса 17 та жиноятга қўл урган. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 2 баравар камайган бўлса-да, Косон, Шаҳрисабз ва Деҳқонобод туманларида ошган.
Бу ҳақда Ёшлар масалалари бўйича вилоят идоралараро кенгашининг 2018 йил 1-чорагида ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда ёшларнинг бандлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишларга бағишлаб ўтказилган мажлисида айтиб ўтилди.
Вилоят ҳокими, вилоят идоралараро кенгаши раиси Зафар Рўзиев бошқариб борган йиғилишда таъкидланганидек, жиноятлар таҳлили кўп ҳолларда маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ўз вақтида ўрганилмаётгани, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил ёшлар ўз вақтида аниқланмаётгани ҳамда носоғлом муҳитдаги оилалар билан етарли даражада ишланмаётганини кўрсатмоқда.
Таълим муассасаларида психологлар фаолияти қониқарли эмаслиги оқибатида ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса мавжуд аҳволни ўнглаш учун профилактик тадбирларга янги шакл ва мазмунда ёндашишни тақозо этаётир.
Мазкур камчиликлардан келиб чиққан ҳолда ёшлар масалалари бўйича масъул мутасаддиларга жиноят содир этишга мойил, тарбияси оғир ёшлар рўйхатини шакллантириш ва улар билан якка тартибда ишлаш тизимини жорий этиш, аввал жиноят содир этиб, жазо муддатини ўтаб келган ёшлар билан профилактик кўринишдаги очиқ мулоқотларни ташкил этиш, уларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш мақсадида маданий тадбирлар, спорт мусобақаларини ўтказиб бориш вазифалари юкланди.
Туман (шаҳар)лар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари Китоб ва Шаҳрисабз туманларида ёшларнинг кўп қисми тадбиркорлик соҳасига қизиқаётганлигини инобатга олган ҳолда ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этиш, таълим муассасаларида давоматни тубдан ошириш, психологлар фаолиятини танқидий-таҳлилий ўрганиш, бандлик бошқармаси билан биргаликда мавжуд бўш иш ўринлари бўйича маълумотларни маҳалла фуқаролар йиғини биноси пешлавҳаларига жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш, шу билан бирга, дабдабали тўйларга барҳам бериш, тўйларини намунали кўринишда ўтказмоқчи бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларини кўриши белгиланди.
Тадбирда, шунингдек, жорий йилнинг 30 июнь куни ўтадиган ёшлар қурултойида вилоят вакилларининг иштироки, истиқболли кадрларни тайёрлаш механизмини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Н.ХЎЖАЕВ