Меню

Қашқадарё

02.06.2018 1788

3 МИЛЛИАРД СЎМ СОЛИҚ НЕГА ҲИСОБЛАНМАГАН?

 Сўнгги уч йил давомида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишадиган бўлсак, бунга яна бир бор амин бўламиз. Биргина мисол, тўғридан-тўғри текширишлар ўрнига тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг камерал назорати самарадорлиги оширилди. Бу орқали келгусида йўл қўйилиши мумкин бўлган қонунбузилиш ҳолатлари олдини олиш мақсад қилинган.

Солиқ кодексининг 70-моддасига асосан, камерал назорат деганда, солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органидаги мавжуд бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида амалга ошириладиган назорат тушунилади. Камерал назорат солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан давлат солиқ хизмати органи жойлашган ерда амалга оширилади.

Агар давлат солиқ хизмати органи томонидан камерал назорат жараёнида солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилгани ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботидаги ва давлат солиқ хизмати органларидаги маълумотлар ўртасида зиддиятлар борлиги аниқланса, бу ҳақда солиқ тўловчига тегишли тузатишлар киритиш талаб қилинган ёзма шаклдаги хабар йўлланади.

Шунга мувофиқ, жорий йилнинг биринчи чораги давомида вилоятдаги ҳисобот топшириш мажбуриятига эга  29 минг 550 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти камерал назоратдан ўтказилган. Таҳлиллар натижасига кўра, 23 минг 180 хўжалик юритувчи субъект фаолияти шубҳали деб топилган. Ўтказилган камерал назорати натижасида эса баъзи қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли субъектларга жами 24 миллиард 593 миллион сўмлик қўшимча солиқлар ҳисобланди. 

Масалан, Қарши шаҳрида фаолият кўрсатаётган “ЗАРАФШОН ЭКО” хусусий корхонасининг 2016-2017 йиллар мобайнидаги молиявий хўжалик фаолиятида солиқ қонунчилигига риоя этилиши юзасидан камерал назорати ўтказилди. Корхона мутасаддилари ягона солиқ тўлови ҳисоботларида ялпи тушумни камайтириб кўрсатган. Оқибатда эса бюджет ҳисобига ундирилиши лозим бўлган 3 миллиард 100 миллион сўмлик ягона солиқ тўлови ҳисобланмасдан қолган.

Бундай ҳолатда солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш учун назарда тутилган тартибда тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича тузатилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосини талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тақдим этиши шарт. Ҳолат қонуний жиҳатдан асослангач, “ЗАРАФШОН ЭКО” хусусий корхонаси томонидан бюджетга  3 миллиард 100 миллион сўм тўлаб берилиши таъминланди.

Солиқ кодексининг 120-моддасида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлов муддатларини бузиш тўловнинг белгиланган кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисоблашга сабаб бўлади, дея қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, корхонага 96 миллион 200 минг сўм пеня ҳам ҳисобланди.  

Хулоса қилиб айтганда, камерал назоратини ўтказиш  солиқ тўловчилар томонидан солиқ қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўймаслик ва келгусида уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган таъсир чораларининг олдини олишга хизмат қилади. 

Фирдавсий ЖАББОРОВ,  вилоят Давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва µуқуқий ахборот бґлими бошлиІи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!