Меню

Қашқадарё

10.01.2017 2658

3 ЙИЛГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ДАСТУР

Сўнгги вақтда жойларда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йилнинг тўққиз ойида айни шу йўналишда 27,6 миллиард сўм инвестиция ҳисобига 33 та лойиҳа рўёбга чиқарилгани бунга мисол бўлади. Бу лойиҳалар асосида вилоятда момиқ, ип калава, бўз, пайпоқ, тикув маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Натижада тармоқ корхоналарининг умумий ишлаб чиқариш қуввати ошди. Ҳозирги пайтда вилоятимизда йилига 20 минг дона эркаклар шими, 150 минг дона эркаклар кўйлаги, минг дона болалар костюми, 1 миллион 600 минг дона ички кийим, 70 минг дона чойшаб тайёрлаш имкони мавжуд.

Шундай бўлса-да, вилоятимизда бу борада мавжуд имконият ва ресурслардан тўла фойдаланилаяпти, деб бўлмайди. Чунки ҳар йили ҳудудда етиштирилаётган пахта толасининг атиги 9 фоизи шу ернинг ўзида қайта ишлашга юборилмоқда. Агар бугун вилоятимиз аҳолисининг катта қисми енгил саноатда меҳнат билан банд экани ҳисобга олинса, мазкур тармоқни янада равнақ топтириш ғоятда долзарблик касб этиши ойдинлашади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017 - 2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори эса бу борада дастуриламал бўлади. Зеро, мазкур қарорнинг қабул қилиниши вилоятимиз енгил саноати учун ҳам муҳим воқелик бўлди. Тегишли дастур асосида келгуси даврда пахта толаси ва ипак хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида юқори қўшилган қийматли тайёр, экспортбоп тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган.

- Дастурга мувофиқ, 2017-2019 йиллар мобайнида вилоятимиз миқёсида енгил саноат тармоғида 10 та истиқболли лойиҳа амалга оширилади, - дейди “Ўзбекенгилсаноат” АЖ нинг вилоятимиздаги вакили Остонақул Оллоёров. – Ушбу лойиҳалар асосида ҳудудда янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш мақсад қилинган. Уларни қуришда халқаро амалиётга таянилади. Бунинг учун қарийб 168 миллион доллар маблағ йўналтирилади. Ишлаб чиқаришга тўлиқ замонавий технологиялар жорий этилади. Лойиҳаларни молиялаштиришда тижорат банкларининг фаол иштирок этиши белгиланган. Мазкур йирик лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами янада ошади, муҳими, кўплаб янги иш ўринлари яратилади. Қолаверса, соҳани ривожлантиришга қаратилган яна бир дастур доирасида келгусида ҳозир ишлаб турган 7 та корхона қувватларини модернизациялаш режалаштирилган.

Қайд этиш жоиз, қарорга биноан тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг муайян ноозиқ-овқат истеъмол товарлари экспортидан олинган хорижий валютадаги тушумининг бир қисмини ваколатли банкларга мажбурий сотиш амалиёти 2017 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинди. Шунингдек, дастурдан жой олган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида республикада ишлаб чиқарилмайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича четдан келтириладиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ўрнатилган технологик ускуналарига эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар учун корхоналар, лойиҳа ташаббускорлари божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) 2020 йил 1 январгача бўлган муддатга озод қилинади.

Эътиборли жиҳати, қарорга кўра тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг белгиланган турдаги ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарига 2020 йилнинг 1 январига қадар бир қатор солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялари берилди. Хусусан, ана шундай микрофирмалар ва кичик корхоналар фойда солиғи ва мулк солиғи тўлашдан, ягона солиқ тўловидан, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинди. Агар вилоятимизда ушбу йўналишда 200 дан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётгани инобатга олинса, улар катта миқдордаги маблағни ўз ихтиёрида сақлаб қолиши аён бўлади.

- Албатта, орттирилган маблағ ишлаб чиқаришни ривожлантиришга сарф этилади, - дейди Яккабоғ туманидаги «Универсал тараққиёт текстил» МЧЖ иш бошқарувчиси Элёр Норқулов. – Тармоқ корхоналарига ушбу қулайликнинг берилиши айни муддао бўлди.  Фаолиятимиз асосан калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўтган йили кам куч билан ишлаётган корхонамизга 2 миллиард сўмдан кўп сармоя киритдик. Шу тариқа йилига 2500 тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга корхона фаолияти қайта йўлга қўйилди. Асосийси, бугун тўла қувват билан ишлашимиз учун барча шароит бор. Маҳсулдорлик тобора ошаяпти. Жорий йилда маҳсулотимизни экспортга чиқаришни мўлжаллаб турибмиз. Корхона фаолияти қайтадан йўлга қўйилгач, 100 нафарга яқин киши доимий иш ўрнига эга бўлди.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, маҳсулотни хомашё ҳолида сотишдан кўра тайёр товар кўринишига келтириб экспорт қилиш кўпроқ даромад келтиради. Бунинг учун ҳудудда ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини кенг йўлга қўйиш, ривожлантириш талаб этилади. Ишлаб чиқаришга хорижнинг энг замонавий технологияларини жалб этиш самарадорлик, маҳсулот сифати юқори бўлишини таъминлайди. Турдош корхоналарнинг кўпайиши аҳоли бандлигини оширишга имкон беради. Бундан ташқари, тайёр маҳсулот экспорти ҳисобидан валюта тушуми ортади. Бугун юртимизда ўзимизда етиштирилган пахта толасини чуқур қайта ишлашга устувор аҳамият қаратилаётгани шундан. Тегишли дастурлар эса мазкур мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!