Меню

Қашқадарё

30.10.2020 1398

3 болани вояга етказгунча, 260 миллион сўм етадими?

Мавжуд қонунчиликка кўра, вояга етмаган болаларга таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми, икки бола учун – учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун ярми қисми миқдорида ундирилади.

Шунга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи тумани судининг жорий йил 9 октябрдаги суд буйруғига асосан қарздор О.Т.дан ундирувчи Н.Ж. фойдасига 3 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун улар вояга етгунга қадар ҳар ой жами даромадининг ярми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

МИБ Чироқчи тумани бўлими давлат ижрочиси Нурбек Хидировга кўра, ушбу суд буйруғи бўлим иш юритувига 13 октябрь куни келиб тушган ва шу куннинг ўзида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, тарафларга юборилган.

27 октябрь куни эса тарафлар ўзаро келишув битими имзолашган. Унга кўра, қарздор фарзандлари 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган жами 259 миллион 250 минг сўмни бирйўла тўлаб берган. Шунга асосан ушбу ижро ҳужжати амалда тамомланган.

Бундай олиб қаралса, гўё ота катта пул тўлаб, келгуси бошоғриқлардан қутулган, ишни қойил қилгандек. Лекин буни ким учун қилди? Албатта, ўз болалари учун. Гарчи бирга яшашмаса-да, фарзандлар ҳар томонлама етук вояга етиши отанинг зиммасида. Шундай экан, алиментини тўлаб қўйганман, деб улар билан бундан кейин мутлақо қизиқмаслик ҳам тўғри эмас.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!