Меню
Қашқадарё
27 АСР ВА 16 ЙИЛ
Бугун - Қарши шаҳри куни
2006 йил 27 октябрь - айнан шу санада Қашқадарё эли, бутун халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти вакиллари қадимий Насаф - навқирон Қарши шаҳрининг 2700 йиллик тўйини кенг нишонлаган эди.
Юбилей тадбирларини ўтказиш ташаббуси ЮНЕСКО томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб, ушбу нуфузли ташкилот мутасаддиларининг бевосита байрам тантаналарида фаол иштирок этгани Қаршига ва умуман Ўзбекистонга нисбатан жаҳоний эътибор ва эътироф далили бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов бу тантанали маросимдаги табрик сўзида: Қарши шаҳрининг нафақат кўҳна тарихий маскан, балки ҳар қандай одамнинг ҳам эътиборини тортадиган навқирон, замонавий шаҳарга айланиб тургани истиқлолимизнинг беқиёс қудрати, халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг амалий исботи эканини таъкидлаганди.
Дарвоқе, мазкур санадан 16 йил ўтиб, шаҳримиз янада кенгайиб ва янгиланиб, тобора чирой очиб бораётган бўлса-да, юбилей арафасида, яъни 2004-2006 йилларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларининг салмоғи ҳалиям алоҳида эътирофга лойиқдир. Зеро, мустабид тузум даврида қамоқхонага айлантирилган Одина масжиди айнан шаҳарнинг 2700 йиллик юбилейи ва соҳибқирон Амир Темурнинг 670 йиллик тўйи олдидан қисқа вақтда тубдан реконструкция қилиниб, "озодликка чиқди". Кўкгумбаз масжиди, Қаршининг сардобаси, Қиличбек мадрасаси ва яна кўплаб тарихий обидалар таъмирланди. Мустақиллик майдони қайта қурилди, Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида амфитеатр барпо этилди. Олимпия захиралари коллежи, енгил атлетика манежи, ёпиқ сузиш ҳавзаси ва марказий стадиондан иборат ўзига хос спорт шаҳарчаси вужудга келди. "Эл-юрт таянчи" монументи қад ростлади. Юзлаб бошқа объектлар қурилди ва обдан янгиланди.
- Ишончим комилки, - деганди 2006 йилги тантанали маросимда Ислом Каримов, - ёш авлодимиз, келгуси насллар биз бошлаган мана шу ишларнинг давомчилари бўлиб, она юртимиз, бебаҳо тарихимиз, улуғ аждодларимиз, қадимий шаҳарларимиз билан ҳамиша ғурурланиб яшайди. Улардан куч ва руҳий қувват олиб, жонажон Ўзбекистонимиз довруғини бутун оламга тараннум этади.
Юбилейдан кейин 27 октябрь санасини Қарши шаҳри куни сифатида нишонлаш анъанага айланиб, кўплаб маданий-маърифий ва байрам тадбирлари ўтказилади. Эътиборлиси, айнан шу кунга бағишлаб ёшлар ўртасида тегишли мавзуларда иншолар танловлари, турли хил викториналар ўтказилиб, унинг ғолибларини бугун шаҳардаги Наврўз ҳиёбонидаги тантаналар вақтида тақдирлаш режалаштирилган. Зеро, янги авлод вакиллари ҳаётида ҳам Қарши шаҳрининг 2700 йиллик юбилейи ўтказилган сана том маънода унутилмас кунга айланиши керак.