Меню
Қашқадарё
25 МИНГДАН ОРТИҚ БОЛА ОРОМГОҲЛАРДА ДАМ ОЛАДИ
Режага кўра, жорий йилги соғломлаштириш мавсуми 5 июндан бошланади. Мавсум давомида 25 минг 240 нафар болани соғломлаштириш ва дам олдириш мақсад қилинган. Шундан 16 минг 180 нафар бола давлат ижтимоий суғуртаси фондидан ажратилган маблағ асосида йўлланма билан таъминланса, 9 минг 60 нафар болани дам олдириш эса туман, шаҳар ҳокимликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
Болаларнинг ёзги таътил мавсумини мароқли ўтказиши учун оромгоҳларда барча шарт-шароитлар яратилади. Жумладан, мавсум давомида барча болалар дам олиш масканларида бадиий ҳаваскорлик ансамбллари чиқишларини уюштириш, кинофильмлар намойиш этиш, маданият ва санъат ходимлари, ёзувчилар ва шоирлар, таниқли спортчилар билан учрашувлар ташкил этиш, қизиқарли танловлар, спорт мусобақаларини ўтказиш режалаштирилган.
Мутасадди ташкилотларга бу борадаги тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, вилоят комиссиясига тақдим этиш, шунингдек, мавжуд оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш, болаларни олиб бориш, жойлаштириш, тиббий, санитария-гигиеник талаблар, озиқ-овқат таъминоти ва бошқа шу каби ташкилий ишларни ўз вақтида ҳал этиш вазифалари белгилаб берилган.
ЖАҲОНГИР