Меню

Қашқадарё

14.07.2018 1642

25 МИНГ СЎМ ЭВАЗИГА 7 МИЛЛИОН СЎМЛИК ТЕЛЕВИЗОРНИ ЧЕГАРАДАН ЎТКАЗИБ БЕРИШГА ЁЛЛАНГАН ШАХСЛАР КИМ ЭДИ?

Аниқ мисол сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги  қарори билан 2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг барча халқаро аэропортларига кириб келиш ва чиқиб кетиш жойларида икки йўлакли (“қизил” ва “яшил” йўлак) тизим жорий этилганини келтириш мумкин.

Шу асосда “Қарши аэропорти” чегара божхона постида ҳам ушбу тизим йўлга қўйилди ва 2018 йилнинг 1-ярмида мазкур пост орқали жами 9 минг 420 нафар фуқаро ҳаракатланган бўлиб, уларнинг 9 минг 103 нафари “яшил” ва қолгани “қизил” йўлак орқали ҳаракатланган.

Шунингдек, илгари жисмоний шахслар қўшни давлатлар худудидан қиймати 10 АҚШ долларигача бўлган товарларни, қўшни бўлмаган давлатлардан қиймати 1000 АҚШ долларигача бўлган товарларни божсиз олиб кириш имкониятига эга эдилар, холос. 2018 йил 6 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан фуқароларимизга божхона чегаралари орқали ҳаракатланишда жуда кенг имкониятлар яратган “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Унга кўра, жисмоний шахслар томонидан товарларни божхона тўловларисиз олиб кириш меъёрлари:

- Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтишда – 2000 АҚШ доллари;

- Ўзбекистон Республикасининг темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтишда – 1000 АҚШ доллари;

- Ўзбекистон Республикасининг автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтишда – 300 АҚШ доллари эквивалентида белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (пиёда), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида эса 2018 йил 22 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний шахслар томонидан    Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат билан жисмоний шахслар томонидан товарларнинг айрим турларини Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтиш миқдор нормалари даврийлигига кўра белгиланди.

Яъни жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилиш ҳажми энг кўпайган 20 турдаги маиший техника буюмларини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегаралари орқали 1 календарь ойида бир марта божхона тўловларидан имтиёз қўллаган ҳолда олиб ўтиш мумкинлиги қайд этилди. Бунда товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдор нормалари жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг ўтказиш пунктидан белгиланган даврда фақат биринчи марта ўтишида қўлланилиши ҳамда чегара хизматлари органлари томонидан жисмоний шахснинг божхона органига тақдим этиладиган паспортига қўйиладиган белги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ўтказиш пунктидан ўтишини аниқлаш учун асос ҳисобланиши ва агар товар белгиланган норма ёки даврийликдан ортиқ олиб ўтилганда тегишли тартибда божхона тўловлари ундирилиши кўрсатилди.

Бироқ яратилган қулай шароит ва имкониятлардан айрим уддабурон кишилар ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётганини нима билан изоҳлашга қийналасан киши.

Хусусан, шу йилнинг 9 июнь куни вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан Қарши-Керки чегара божхона пости орқали пиёда ҳаракатланиб келаётган Туркманистон Республикаси фуқароси Х.С. 25 минг сўм эвазига ёлланган 2 киши ёрдамида ўзига тегишли бўлган тахминан 7 миллион сўмлик 2 дона телевизорни ноқонуний олиб ўтаётгани аниқланди.

Худди шу куни вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан давлат солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда Қарши шаҳридаги “Осиё” бозорида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ф.Т. бошқарувидаги “Дамас” русумли автотранспорт воситасига юкланган, Туркманистон Республикаси фуқаролари – К.М., В.Ш., Р.Г.га тегишли умумий қиймати 5 миллион 568 минг сўмлик 24 дона автомобиль шинаси Қарши-Керки чегара божхона пости орқали олиб ўтилиб, мазкур бозор ҳудудида ноқонуний сотилаётгани аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олим ҚОДИРОВ,

вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!