Меню

Қашқадарё

11.08.2020 1364

23 та махсус техника талон-торож қилинган

Сўнгги уч йилда чиқиндиларни бошқариш соҳасига бюджетдан ажратилган 390 миллиард сўм ҳисобига мамлакат бўйича 742 та махсус техника сотиб олинган, 204 та полигон модернизация қилинган.

Ўз навбатида соҳада муаммолар кўплигича қолмоқда. Мисол учун, Избоскан, Чуст, Бувайда, Ургут ва Шаҳрихон туманлари қаторида Ғузорда тозалаш хизмати қамрови республика кўрсаткичидан 2 баравар паст. “Тоза ҳудуд” корхоналарининг дебитор қарздорлиги юқори. Қашқадарёда бюджет ҳисобидан олинган 23 та махсус техника талон-торож қилинган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича 10 август куни ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, ҳозирда санитар тозалаш хизматлари билан аҳолини қамраб олиш даражаси 66 фоизни ташкил этади. Йиғилишда йил якунигача бу кўрсаткични 90 фоизга етказиш, соҳага хусусий корхоналарни кенг жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, давлат-хусусий шериклик асосида жами 31 та кластер ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилди. Ушбу лойиҳалар ҳисобига маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси йил якунигача 25 фоизгача, 2021 йилда камида 35 фоизга етказилиши зарур.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!