Меню
Қашқадарё
2024 йилда Қашқадарёда яна нечта кўприк тикланади?
Матбуот анжумани
Қашқадарёда жами 22 минг 35 километр автомобиль йўллари тармоғи мавжуд бўлиб, шундан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 3 минг 487 километр, ички хўжалик йўллари, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктлари кўчалари эса 18 минг 548 километрни ташкил этади. Шунингдек, ҳудудда 1 минг 293 та кўприк мавжуд бўлиб, уларнинг 64 таси яроқсиз ҳолатда.
Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш бўйича тизимда олиб борилаётган ишлар ва келгусида белгилаб олинган муҳим истиқболли режалар” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Автомобиль йўллари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур қўмита раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси-матбуот котиби Нилуфар Жумаева, Қашқадарё вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Бекмурод Раҳимов ва бошқалар сўзга чиқиб, автомобиль йўлларининг таснифланиши, Президентнинг “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятда қилинаётган ишлар, йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш бўйича тизимда олиб борилаётган жараёнлар ва келгусидаги режалар хусусида сўз борди.
- Йўлинг равон бўлса, манзилинг яқин бўлади, йўл қанча соз ва кўнгилдагидек бўлса, инсон манзилга беховатир етади, - дейди вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусниддин Камолов. - 2023 йил давомида тегишли дастурлар доирасида вилоятда 928,7 миллиард сўмлик йўл ишлари амалга оширилди, 2 минг 631 километр йўллар таъмирланди ва 25 та кўприкда қайта қуриш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. 2024 йилда эса 209,2 километр узунликдаги умумфойдаланув автомобиль йўллари ва 170,8 километр узунликдаги шаҳарларнинг кўчалари ва ички йўллари таъмирланади. Шунингдек, 32 та кўприклар (умумфойдаланув йўлларида – 17 та, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида – 15 та) реконструкция қилинади.
Қизғин ва фикр-мулоҳазаларга бой тарзда кечган мулоқотлар давомида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан тегишли жавоблар олишди.
Шоҳиста БОЗОРОВА