Меню
Қашқадарё
2024 ЙИЛ ШИОРИ: "Менинг соғлигим - менинг ҳуқуқим"
7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти саломатликни белгиловчи омилларни қуйидагича таснифлайди: инсон саломатлигининг 10-15 фоизи - экология, 10-15 фоизи - генетика, 10-12 фоизи - тиббиёт тизими даражаси, қолган 55-60 фоизи эса турмуш тарзига боғлиқ. Бундан кўриниб турибдики, агар биз оқилона турмуш тарзини юритсак - тўғри овқатлансак, жисмоний фаол, зарарли одатлардан холи бўлсак, яъни кун тартибимизни қанчалик тўғри ташкил қилсак, шунчалик соғлом бўламиз.
Минг хил касаллик бор, аммо саломатлик биттадир, дейдилар. Ҳақиқатан ҳам, инсон саломатлиги унда нафақат касаллик ёки жисмоний нуқсонларнинг йўқлиги, балки унинг жисмоний ва руҳий хотиржамлиги, саломатлигини яхшилаш ва муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар билан ҳам ўлчанади. Шу маънода, 1950 йилдан бери ҳар йили 7 апрелни дунё ҳамжамияти Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида нишонлаб келаётгани бежиз эмас. Маълумки, 1948 йил худди шу куни Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ассамблеянинг Биринчи йиғилишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг соғлиқни сақлаш соҳасига ихтисослашган нуфузли муассасаси - Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га асос солинган. Унга ҳозирда 194 та давлат аъзо ҳисобланади.
Ҳар йили Бутунжаҳон саломатлик куни муайян шиор остида ўтказилади ва аниқ мавзуга эга бўлади. Айни пайтда аралашув ва назоратни талаб қиладиган энг муаммоли бўлган мавзу тилга олинади. 2024 йил 7 апрелдаги Бутунжаҳон саломатлик кунининг шиори - "Менинг соғлигим - менинг ҳуқуқим".
Бутун дунёда миллионлаб одамларнинг соғлиғига бўлган ҳуқуқи тобора кўпроқ таҳдид остида. Касалликлар ва табиий офатлар ўлим ва ногиронликнинг асосий сабабларига айланмоқда. Қуролли тўқнашувлар одамларнинг ҳаётини бузади, ўлим, оғриқ, очлик ва руҳий азоб-уқубатларни келтириб чиқаради. Шу билан бирга, қазиб олинадиган ёқилғиларни ёқиш бизни тоза ҳаводан нафас олиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иқлим инқирозини кучайтирмоқда, натижада дунё бўйлаб ҳаво ва хона ичидаги ҳаво ифлосланиши таъсиридан ҳар беш сонияда бир киши вафот этади. “Ҳамма учун саломатликнинг иқтисодий жиҳатлари бўйича кенгаш” маълумотларига кўра, камида 140 та давлат соғлиқни сақлаш ҳуқуқини инсон ҳуқуқи сифатида конституциявий тарзда мустаҳкамлаб қўйган. Бироқ, кўпгина мамлакатлар аҳолининг тиббий хизматлардан тўсиқсиз фойдаланишини кафолатлайдиган қонун ҳужжатларини қабул қилмаган ёки амалга оширмаяпти. Бу, хусусан, 2021 йилда камида 4,5 миллиард одам, яъни дунё аҳолисининг ярмидан кўпи муҳим тиббий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинмаганини англатади.
- Бу йилги мавзу ҳар бир инсоннинг қаерда бўлишидан қатъи назар, сифатли тиббий хизмат, таълим ва ахборот олиш, шунингдек, хавфсиз ичимлик суви, тоза ҳаво, тўғри овқатланиш, сифатли уй-жой, муносиб меҳнат шароитлари ва атроф-муҳит шароитлари ҳамда эркинлик ҳуқуқини илгари суришдан иборат, - дейди Республика тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи Шоира Набиева. - Барча байрамлар сингари Бутунжаҳон саломатлик кунида оммавий тадбирлар, конференциялар, давра суҳбатлари ўтказилади. Тиббиёт муассасаларида асосий мутахассисларнинг бепул маслаҳатлари ташкил этилади. Бунда ҳар бир ташриф буюрувчи кўплаб касалликларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишининг олдини олиш, саломатлик билан боғлиқ муаммоларни эрта аниқлаш мақсадида ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиш зарурлиги ҳақида маълумот олиши мумкин.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз халқимиз саломатлиги учун ҳар қанча маблағ ва куч-имконият сарфлашга тайёрмиз”.
Шоҳиста БОЗОРОВА