Меню
Қашқадарё
2023 ЙИЛДА ҚАШҚАДАРЁДА ҚАНДАЙ ЙИРИК ОБЪЕКТЛАР ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛАДИ?
Инвестиция лойиҳалари
2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида жорий йилда вилоятимизда умумий қиймати 300 миллион АҚШ долларидан ортиқ 30 га яқин йирик ишлаб чиқариш объекти ва қуввати ишга туширилади.
Жанубий Тандирча конида сиқув компрессор станцияси қуриб битказилади
Мамлакатимиз нефть ва газ саноатининг асосий негизи - кўплаб йирик конлар жойлашган Қашқадарёда, табиийки, ҳар йили бу соҳада улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, қатор янгиликлар рўй беради. Жорий йил ҳам бундан истисно эмас. Режага кўра, 2017-2023 йилларда углеводород хом ашёси қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш дастури доирасида Ғузор туманидаги Жанубий Тандирча конида сиқув компрессор станцияси қуриб битказилиши керак. Қиймати 74,1 миллион долларни ташкил этадиган бу лойиҳа бўйича 2023 йилда қарийб 52 миллион долларлик инвестициялар йўналтирилиши ва муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик объектнинг фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Куни кеча "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан ошкор қилинган маълумотларга қараганда, мазкур сиқув компрессор станциясининг ишга туширилиши Жанубий Тандирча конида мавжуд табиий газ захираларини янада чуқур ўзлаштириш ва қазиб олинаётган газни 48 километр узоқликда жойлашган "Шўртан" сиқув компрессор станциясига ва у орқали Шўртан нефть ва газни қазиб чиқариш бошқармасининг бош иншоотидаги газни қайта ишлаш қурилмаларига барқарор етказиб бериш, шунингдек, кунлик табиий газ қазиб олиш ҳажмини 500 минг куб метрга ошириш имконини беради. Энг асосийси эса кондан қазиб олинаётган кунлик 3 миллион куб метр табиий газ миқдорлари сақланиб қолиши таъминланади.
Бундан ташқари, нефть ва газ саноати соҳасида йиллик қуввати 3 миллиард куб метр газни қазиб чиқаришдан иборат бўлган "Алан" газни комплекс тайёрлаш қурилмасини реконструкция қилиб, ишга тушириш мўлжалланмоқда.
Энергетика жабҳасида эса жорий йилда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти томонидан "Ғузор" ва "Амир Темур" подстанциялари оралиғидаги 220 киловольтли ҳаво электр узатиш тармоғини барпо этилиши якунланади. Таъкидланишича, лойиҳа қиймати 15,8 миллион долларга баҳоланган мазкур тармоқ Ғузор, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Китоб туманларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида қурилиб, инвестицияларнинг асосий қисми олдинги йилларда ўзлаштирилган, жорий йилга эса 0,5 миллион доллар миқдорида сармоя қолган.
"Solar klaster" ҳудудида бирйўла 6 та лойиҳа ишга туширилади
Юртимизда анънавий ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш ва муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш кун тартибидаги энг долзарб масалалардан бирига айланган экан, жорий йилда Қашқадарёда ҳам бу йўналишда дадил қадам ташлаш режалаштирилган. Инвестиция дастури доирасида Қарши шаҳридаги "Чироқчи" эркин иқтисодий зонасида ташкил этилаётган "Solar klaster" ҳудудида "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси тизимидаги корхоналар томонидан қуёш панеллари ҳамда улар учун инверторлар ва металл конструкциялари, шунингдек, қуёш сув иситкичлари ишлаб чиқаришга қаратилган бир йўла 6 та лойиҳанинг якунига етказилиши прогноз қилинмоқда. Бу лойиҳаларнинг умумий қиймати 28 миллион доллардан ортиқ бўлиб, уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши "қуёшли кластер" иштирокчиларида 400 дан зиёд янги иш ўринлари яратилишини таъминлайди.
Илгари хабар берганимиздек, республика ҳукуматининг ўтган йил 21 сентябрдаги "Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқаришни жадаллаштириш тўғрисида"ги қарори билан маъқулланган таклифга кўра, "Чироқчи" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида кластер усулида қуёш сув иситиш ускуналари, қуёш фотоэлектрик панеллари ҳамда шамол, биогаз, гидроэлектр қурилмалари ва иншоотлари, электр энергиясини сақловчи аккумуляция тизимлари ҳамда бошқа ёрдамчи жиҳоз ва ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш назарда тутилган. Қарор билан тасдиқланган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига биноан энг кўп инвестициялар (13 миллион доллар) "Sun-Нightech" масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига умумий қуввати 150 мегаваттга тенг қуёш панеллари ва 15 минг дона қуёш сув иситкичлари ишлаб чиқаришни босқичма-босқич ташкил этиш учун йўналтирилади. Шунингдек, жорий йилда "Solar klaster" иштирокчиларидан "MIR SOLAR" МЧЖ (қуёш панеллари), "OFTOBNUR SOLAR CLUSTER" МЧЖ (қуёш панеллари ва улар учун инверторлар) ва "STANTOP ENERGY" МЧЖ (қуёш панеллари учун металл конструкциялари) ҳам ўз лойиҳаларини амалга оширишни якунлаб, маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайди.
Спорт пойабзалларидан тортиб ипак момиғигача ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
2023 йил давомида воҳамизда "Ўзчармсаноат" уюшмаси тизимида "DOW UFQ ENERGY" МЧЖ (Косон тумани) томонидан мавжуд қувватларни модернизация қилиб, йилига 50 минг жуфт спорт пойабзаллари ишлаб чиқариш бўйича 1 миллион доллар, шунингдек, "Koson silk" ва "Kasbi Silk" масъулияти чекланган жамиятларида ҳар бирининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 24 тонна хом ипак ва 9,2 тонна ипак момиғи, қиймати эса 1,5 миллион долларга тенг лойиҳаларни ишга тушириш кўзланмоқда.
Айни пайтда "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси тизимида Қарши туманидаги "LT Textile International" хорижий корхонасида йилига 10 миллион метр ип-газлама, "Бешкент агро кластер" МЧЖда эса 7 минг тонна ип-калава ва 1 миллион дона тайёр маҳсулотлар, Нишон туманидаги "Каш эко текстил" МЧЖда 7 минг тонна аралаш ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Ҳудудий бўйсунувдаги корхоналар томонидан фойдаланишга топшириладиган объект ва қувватларнинг аксарияти пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти билан боғлиқ бўлиб, уларнинг бир қисми ип-калава (масалан, "Nishon textile" МЧЖ, "KASBI YARNTEX" МЧЖ ва Муборак туманидаги "Шодлик" ХК), айримлари тайёр мато, трикотаж ва текстиль маҳсулотлари (масалан, "Оқсарой текстиль" МЧЖ, "Оқсарой кластер" МЧЖ, "Қамаши текстиль" МЧЖ, "Mail fashion tekstil" қўшма корхонаси ва "YAKKABOG' TEKS" МЧЖ) ишлаб чиқариш, яна баъзилари эса чорвачилик комплексларини ташкил этиш (масалан, "Chiroqchi-klaster" МЧЖ ва "Semrug Agro-Tex" МЧЖ) бўйича йирик инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариб, шу йилдан бошлаб самара олишни мўлжал қилаяпти.
Қарши шаҳридаги "Alp Texno Service" МЧЖ эса замонавий уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 4 миллион доллар ҳажмида сармоя сарфлаб, шу йил июнь ойида йилига 1200 дона телевизор ишлаб чиқариш қувватини фойдаланишга топширмоқчи.
Иқтисодиётнинг турли соҳаларида йирик ишлаб чиқариш объектларининг ишга туширилиши вилоятимизнинг саноат ва экспорт салоҳиятини юксалтириш баробарида аҳолининг иш билан бандлиги даражаси ва турмуш фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Зеро, Қашқадарёда жорий йилда ушбу корхона ва қўшимча қувватларнинг фойдаланишга топширилиши натижасида қарийб 2 минг 700 та доимий иш ўрни вужудга келади.
Т.НИЗОМОВ тайёрлади.