Меню

Қашқадарё

19.01.2023 7757

2023 йил учун ер солиғи ставкалари белгиланди

Маҳаллий Кенгашларда

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши юридик ва жисмоний шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларига 2023 йил учун ер солиғи ставкаларини белгилади.

Кенгашнинг шу йил 13 январдаги тегишли қарорида қайд этилишича, Солиқ кодексига киритилган ва жорий йил 1 январдан амал қила бошлаган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, Қашқадарё вилояти бўйича юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 1 гектар ери учун базавий солиқ ставкалари миқдори 32 миллион сўм, жисмоний шахсларнинг 1 квадрат метр ери учун эса 286 сўм этиб белгиланган.

Солиқ кодексининг 429- ва 437-моддаларига мувофиқ ҳамда депутатларнинг билдирган фикр ва таклифларини инобатга олиб, Кенгаш вилоятимиз шаҳар ва туманлари кесимида уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб, солиқ ставкаларини белгилади. Кодекс бўйича ушбу жараёнда 0,5 дан 2,0 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаш мумкин. Шундан келиб чиқиб, депутатлар Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари бўйича юридик ва жисмоний шахсларга 2023 йил учун белгиланган ер солиғининг базавий ставкаларига қўлланадиган 1,10 миқдорида оширувчи, 14 та туман бўйича эса 0,65 дан 0,90 гача бўлган миқдордаги камайтирувчи коэффициентларни тасдиқлашди. Масалан, Деҳқонобод тумани бўйича мазкур коэффициент ҳам юридик, ҳам жисмоний шахсларнинг ерлари бўйича 0,65 миқдорида белгиланган бўлса, Қарши тумани бўйича бу миқдор юридик шахслар учун 0,90, жисмоний шахслар учун 0,80 ни ташкил этди.

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкаларининг аниқ миқдорлари эса халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашлари ўз шаҳар ва туманлари учун вилоят Кенгаши томонидан белгиланган базавий солиқ ставкаларига уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, массив, маҳалла, кўча кесимида киритадиган 0,7 дан 3,0 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар ёрдамида аниқланади.

Масалан, Косон тумани Месит маҳалласидаги юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларига 2023 йил учун ер солиғи ставкасининг миқдорини аниқлашда Солиқ кодексида Қашқадарё учун белгиланган базавий миқдор (1 гектар учун 32 миллион сўм) халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан Косон тумани учун белгиланган тегишли коэффициент (0,80) га кўпайтирилади ва вужудга келган рақам (25,6 миллион сўм) халқ депутатлари Косон тумани Кенгаши томонидан Месит маҳалласи учун белгиланган тегишли коэффициент (1,10) га кўпайтирилиб, бир гектар учун 28 миллион 160 минг сўмни ташкил этади.

Айнан шу маҳалладаги жисмоний шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларига 2023 йил учун ер солиғи ставкалари ҳам шу тарзда аниқланади: Қашқадарё учун базавий миқдор (бир квадрат метр учун 286 сўм) Косон тумани учун белгиланган тегишли коэффициент (0,8) га кўпайтирилади, сўнгра пайдо бўлган рақам (228,8 сўм) Месит маҳалласи учун белгиланган тегишли коэффициент (0,9) га кўпайтирилиб, бир квадрат метр учун 205,9 сўмни ташкил қилади.

Кенгаш қарорига асосан вилоят молия бош бошқармаси ва давлат солиқ бошқармасига қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкаларининг аниқ миқдорларини аниқлаш тартибини телевидение орқали кенг оммага тушунтириш топширилган.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!