Меню

Қашқадарё

17.05.2019 1808

2022 ЙИЛДА ЎЗБЕКИСТОН АҲОЛИСИ РЎЙХАТГА ОЛИНАДИ. БУ НЕГА КЕРАК?

Қадимги Греция, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Мисрда аҳолидан солиқ йиғиш ҳамда ҳарбий мақсад учун одамлар сонини аниқлаш учун рўйхат тузилган бўлиб, уларда асосан эркаклар қайд қилинган. Биринчи расмий рўйхатга олиш эса 1790 йилда  АҚШда, 1800 йилда Швеция ва Финляндияда, 1801 йилда Англия, Дания, Норвегия ва Францияда амалга оширилган. Аммо бу рўйхатлар жуда оддий шаклда ҳамда узоқ муддатга чўзилган. Масалан, АҚШда аҳолини рўйхатга олишга дастлаб бир ярим йил сарфланган.

ХIХ асрга келиб қатор Европа мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилди. Рўйхатга олиш илмий дастурлар асосида олиб борила бошлади. Хусусан, 1870-1879 йилларда дунёнинг 48 та, 1890-йилларда эса 57 та давлатида аҳоли рўйхати ўтказилган. ХIХ аср охирида дунё аҳолисининг 21 фоизи, ХХ аср бошида 54 фоизи қамраб олинган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин аҳолини рўйхатга олиш тизими янада такомиллашди. 1945-1954 йилларда 151 та давлатда, 1965-1974 йилларда 179 та давлатда аҳоли рўйхатга олинган.

Халқаро тавсияларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш қуйидаги муҳим тамойилларга асосланади:

1. Рўйхатга олиш қатъий марказлаштирилиши ушбу тадбирни муваффақиятли ўтказишнинг асосий шартларидан биридир.

2. БМТ тавсияларига кўра, аҳолини рўйхатга олиш 10 йилда камида бир маротаба ўтказилиши белгиланган.

3. Рўйхатга олиш махсус мутахассислар - ҳисобчилар томонидан ўтказилиб, улар таркибига зиёлилар, талабалар ҳам киритилиши мумкин.

4. Аниқ муддатда ўтказиш. Бунга одатда 10-12 кун талаб этилади. Рўйхатга олиш бир неча кун давомида ўтказилса ҳам, маълумотлар аниқ бир вақтда - кўпинча рўйхатга олиш биринчи кунининг 0 соатдаги ҳолати бўйича қайд этилади. Бу аҳолини рўйхатга олишнинг нозик вақти, деб ҳам аталади.

Масалан, чақалоқ аҳолини рўйхатга олиш даврида, аммо ана шу аниқ муддатдан кейин туғилган бўлса, у аҳоли рўйхатига киритилмайди. Лекин, кимдир бу аниқ муддатда ҳаёт бўлиб, шундан кейин, яъни рўйхатга олиш даврида вафот этса, у аҳоли рўйхатига киритилади.

5. Аниқ дастур мавжудлиги ва унга қатъий риоя қилиниши. Аҳолини рўйхатга олиш дастури - рўйхатга олишда муайян талабларни ҳисобга олган ҳолда, аҳолига мурожаат қилинадиган саволлар рўйхатини, маълумотларни қайд этиш, тўплаш, қайта ишлаш, якуний маълумотларни эълон қилиш тартибларини ўз ичига олади.

6. Аҳолини рўйхатга олишда кимдир унутиб қолдирилиши ёки икки марта рўйхатга олиниши ҳоллари учраса ҳам, мавжуд аҳолининг рўйхатдан жой олишини таъминлаш асосий вазифа ҳисобланади.

7. Маълумотларнинг махфий-лиги ва шахсийлаштирилиши. Аҳолини рўйхатга олишда индивидуал асосда ҳар бир шахс тўғрисидаги якка маълумотлар тўпланади. Шу билан бирга, респондентлардан олинган маълумотларнинг номсизлиги кафолатланади. Рўйхатга олиш варақасидан фақат натижаларни умумлаштириш учун фойдаланилади.

8. Ихтиёрийлик. Шахс тўғрисидаги маълумотлар сўралаётган респондентнинг жавоблари (кичик ёшдагилар учун - ота-оналари ёки улар ўрнини босадиган шахслар) асосида қайд қилинади ва буни ҳужжат билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

Кўпгина мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш қонун билан тартибга солинади. Масалан, Буюк Британияда 1920 йилда Қўшма қиролликда аҳолини рўйхатга олиш қонуни қабул қилинган бўлиб, унда барча қоидалар, фуқаролар, уй хўжаликлари, корхоналар ва муассасаларнинг қайси тоифалари рўйхатга олиниши, рўйхатга олишни ким ўтказиши, сўров варақалари қандай бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, аҳолини рўйхатга оладиган ҳисобчиларни ёллаш қоидалари, уларнинг хизмат вазифалари ҳамда рўйхатга олиш таомиллари кўрсатилган.

Буюк Британияда ҳар галги аҳолини рўйхатга олишдан тахминан бир йил аввал бунга доир алоҳида қонун ҳужжати қабул қилинади (бунда албатта 1920 йилги қонун ҳужжатига ҳавола қилинади). Рўйхатга олиш ҳар ўн йилда, одатда, апрель ойида ўтказилади. Бу сананинг танланиши мамлакатда аҳоли ўртасида оммавий тадбирларнинг ўтказилиши учун об-ҳаво қулай бўлиши билан изоҳланади.

Мамлакатда аҳолини рўйхатга олишга жалб қилинадиган ижтимоий ходимларга қатъий талаблар қўйилади. Улар махсус курсларда тайёргарликдан ўтишлари шарт. Бу ходимлар рўйхатга олиш бошланишидан уч кун аввал ўз ҳудудларидаги аҳолини сўров варақасини тўлдириш билан таништириб чиқишлари талаб қилинади.

АҚШда 1790 йилдан буён, ҳар 10 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказиб келинади. АҚШ Конституциясида "Вакиллар палатасидаги жойлар ва тўғридан-тўғри солиқлар Иттифоққа кирувчи штатлар бўйича уларнинг аҳолиси сони асосида тақсимланади. Аҳолининг амалдаги сони Қўшма Штатлар Конгресси биринчи мажлисидан кейин уч йил мобайнида, кейин ҳар ўн йилда мунтазам ҳисоблаб чиқилади", деб қайд этилган.

Анъанага кўра, АҚШда аҳолини рўйхатга олишга муҳим умумдавлат аҳамиятига эга тадбир сифатида қаралади, унда барчанинг иштирок этиши Америка демократияси амал этишининг зарур шарти, деб баҳоланади.

Польшада ҳам аҳолини рўйхатга олиш узоқ тарихга эга. Бу ерда мазкур тадбир Европада илк бор - 1764 йилда ўтказилган. Польшанинг 1999 йилдаги аҳоли рўйхати тўғрисидаги қонунига мувофиқ, мамлакат фуқаролари рўйхатга олувчи ҳисобчини хонадонига киритиб, унинг саволларига жавоб бериши ёки сўровнома варағини ўзи тўлдириши мумкин. Уларнинг қонунига мувофиқ, Польшанинг ҳар бир фуқароси сўровнома саволларига тўла ва ҳаққоний жавоб бериши шарт. Маълумот беришдан бош тортиш учун жарима тўланади, ёлғон маълумот берганлик учун эса озодликдан маҳрум этилиши ҳам мумкин.

Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897 йилда ўтказилган бўлиб, ундаги маълумотлар ХIХ аср охирида мавжуд оилалар, аҳоли сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Бироқ Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида қонун қабул қилинмаган. Шунинг учун давлат раҳбарининг 2019 йил 5 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармонида алоҳида банд сифатида Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.

Яна бир жиҳати, мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилмаган. Ўз навбатида аҳоли сони, ёш-жинс таркиби, ҳудудий жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ҳолатларидаги ўзгаришлар аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда    Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси тасдиқланди.

Хўш, республикамизда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш бизга нима беради?

Биринчидан, маълум бир санада аҳолининг аниқ сони (ёши ва жинси таркиби, фуқаролиги, миллий таркиби (кенг қамровли), барча аҳоли пунктлари бўйича сони, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, иқтисодий фаол аҳоли, аҳоли бандлиги (касби ва мутахассислиги) ва ишсизлиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги бўйича батафсил маълумот олинади.

Иккинчидан, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблашда (ялпи ички маҳсулот, аҳоли даромадлари, саноат маҳсулоти ҳажми, истеъмол маҳсулотлари ҳажми, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) ишлатилади.

Учинчидан, аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.

Тўртинчидан, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот сифатида фойдаланилади.

Бешинчидан, статистика идоралари томонидан ташкил этиладиган танлама кузатувларни ташкил этишда маълумотлар базаси сифатида қўлланилади.

Олтинчидан, миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш ва мониторингини юритишда кўрилади.

Еттинчидан, аҳоли пунктларининг инфратузилмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда фойдаланилади.

Саккизинчидан, халқаро ташкилотлар ва фойдаланувчилар томонидан амалга ошириладиган таҳлиллар учун кенг қамровли ахборотлар манбаи ҳисобланади.

Бундай маълумотлар ижтимоий-иқтисодий жараёнларни прогноз қилиш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек, давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини бажариши, фан ва жамиятни ахборот билан таъминлаш учун зарурдир.

Фарҳод ТЎРАЕВ, 

вилоят статистика бошқармаси бошлиғи

Шуҳрат ТАЙЛОҚОВ,

бошқарма бошлиғининг ўринбосари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!