Меню

Қашқадарё

31.12.2021 1527

2021 ЙИЛ ЯКУНИ: ЖАҲОНДАГИ ЭНГ МУҲИМ ВОҚЕАЛАР

АҚШда Капитолий биносига ҳужум

2021 йилнинг илк кунларида АҚШ пойтахти Вашингтонда президентлик сайловларида мағлубиятга учраган Дональд Трампнинг тарафдорлари иштирокида кўп минг кишилик намойиш ўтказилди.

Ўшанда ҳали расман давлат раҳбари ҳисобланган Трамп сайлов натижаларини ҳеч қачон тан олмаслигини айтганидан кейин оломон Капитолий биносига бостириб кирди ва у ерда сайлов натижаларини тасдиқлаши лозим бўлган Конгресс аъзолари ишига тўсқинлик қилди.

Айрим сиёсатчилар томонидан давлат тўнтаришига уриниш, дея баҳоланган бу тартибсизликлар натижасида беш нафар киши ҳаётдан кўз юмди. Кўп ўтмай, намойишчилар Капитолий биносидан чиқариб юборилиб, конгрессменлар демократ Жо Байденнинг ғалабасини тасдиқлашди.

Сувайш каналидаги "пўкак"

23 март куни Evergreen транспорт компаниясининг Ever Given контейнер ташувчи кемаси Сувайш каналида саёзликка ўтириб, Ўрта ер денгизи ва Қизил денгизни боғловчи муҳим транспорт коридорида кемалар қатновини тўлиқ тўхтатиб қўйди.

Бу воқеа бутун дунё миқёсида юк ташиш жараёнларига салбий таъсир кўрсатиб, ҳисоб-китобларга кўра, жаҳон савдосига ҳар соатда 400 миллион доллардан зарар етказиб турди. Узунлиги 400 метр, эни эса қарийб 60 метрни ташкил қиладиган Ever Given кемасини жойидан силжитиб, Сувайш каналидаги барқарор қатновни тиклаш учун сал кам бир ҳафта вақт зарур бўлди.

Эски можаро яна авж олди

Шу йилнинг апрель-май ойларида Исроил ва фаластинликлар ўртасида рўй берган тўқнашувлар кейинги йилларда бу минтақада кузатилган энг қонли қарама-қаршилик сифатида тавсифланди.

Тартибсизликларнинг келиб чиқишига Исроил полициясининг қадимги Шом дарвозаси олдидаги зинапояда арабларнинг Рамазон ойи вақтида тўпланишига тақиқ қўйгани ва Исроил судининг Қуддусдаги бир неча араб оилаларини Шайх-Жарроҳ ҳудудидан чиқариб юборилиши ҳақидаги қарори сабаб бўлган. ҲАМАС ҳаракати ультиматум эълон қилиб, Қуддус ва бошқа шаҳарларга ракета ҳужумларини бошлади. Бунга жавобан Исроил ҳам Фаластинга қарата қақшатчиқ зарбалар берди.

Можаро май ойининг охирида, Исроил расмийлари Миср ташаббусини қўллаб-қувватлаб, зарбаларни тўхтатганидан сўнг тинди. Бунга кўп жиҳатдан Исроилда ҳокимият тепасида турган кучлар алмашгани ва ҳукумат коалициясига араб партияси вакиллари қўшилгани сабаб бўлди.

Президент ёлланма қотиллар қурбонига айланди

7 июль куни Гаитида хорижлик бир гуруҳ ёлланма қотиллар давлат раҳбари қароргоҳига бостириб кириб, президент Жовенел Моизни ўлдиришди ва унинг рафиқасига жароҳат етказишди.

Суриштирув натижасида қотиликка алоқадор деб гумон қилинган ўнлаб шахслар, шу жумладан, АҚШ ва Колумбия фуқаролари аниқланди. Улардан айримлари қўлга олинган бўлса, яна баъзилари йўқ қилинган. Аммо суиқасд буюртмачи ва ташкилотчилари ҳалигача топилмаган.

Президент вафоти туфайли юзага келган   сиёсий инқироздан ташқари Гаитидаги вазиятни август ойида рўй берган кучли зилзила ҳам издан чиқарди. Жаҳондаги энг камбағал давлатлардан бири ҳисобланган бу мамлакатда табиий офат оқибатида 2,2 минг нафардан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Миллиардерлар коинотни забт этишмоқда

11 июль куни Virgin Group корпорациясининг асосчиси Ричард Брэнсон VSS Unity ракетопланида денгиз сатҳидан 86 километр баландликка кўтарилиб, у ерда экипаж аъзолари билан биргаликда 4 дақиқа давомида вазнсизлик ҳолатида бўлди ва космик туризм эраси бошланганини эълон қилди.

Орадан 9 кун ўтгач, Amazon компанияси етакчиси Жефф Безос New Shepard космик кемасида Ер орбитасига чиқди. Шунда у Ер атмосфераси ва фазо ўртасидаги шартли чегара ҳисобланувчи Карман чизиғи (100 километр)дан бироз юқорироққа кўтарилгани ва чинакамига очиқ   коинотни забт этганлигини  таъкидлади.

Аммо уларнинг иккаласини ҳам яна бир миллиардер Илон Маск ва унинг SpaceX компанияси ортда қолдирди. Улар яратган Crew Dragon космик кемасининг фазогирлар эмас, балки оддий фуқаролардан иборат экипажи орбитада қарийб уч кеча-кундуз парвоз қилди.

Европада кейинги 100 йилда кузатилган энг кучли сув тошқини

Июль ойи ўрталарида Европада Бернд циклони ва унинг таъсирида юзага келган кучли ёмғирлар оқибатида сув тошқинлари вужудга келиб, Германия, Бельгия, Италия, Австрия, Руминияда юзлаб кишиларнинг ҳаётига зомин бўлган.

Айниқса Германияга катта зиён етказган табиий офат бу мамлакатда  кейинги 100 йилда кузатилган энг кучли сув тошқини ҳисобланиб, зарари 5,5 миллиард долларга баҳоланган.

Умуман олганда эса 2021 йил давомида жаҳонда 200 га яқин (яъни олдинги йилга нисбатан 11 фоиз кўп) табиий офат - сув тошқини, зилзила, табиий ёнғин ва экологик ҳалокатлар содир бўлган.

Томошабинларсиз ўтган Олимпиада

23 июлда Токиода коронавирус пандемияси туфайли бир йилга қолдирилган ёзги Олимпия ўйинлари бошланди. Унинг бошқа Олимпиадалардан кескин фарқи деярли томошабинларсиз ўтганлигида бўлди.

Дунё миқёсидаги энг йирик спорт беллашуви ҳисобланган бу мусобақада АҚШ вакиллари 39 та олтин, 41 та кумуш ва 33 бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Хитой (38-32-18) ва Япония (27-14-17) банд этишди.

Токио Олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш учун кутилганидан икки баравар кўп маблағ - 12,7 миллиард доллар сарфланди.

Коалицион кучлар Афғонистонни тарк этишди

Августда "Толибон" ҳаракати Афғонистон ҳудудини деярли тўлиқ ўз назорати остига олиб, АҚШ бошчилигидаги Ғарб коалицияси билан уруш якунланганлигини эълон қилди.

Коалицион кучлар шошилинч тарзда мамлакат ҳудудини тарк этишга мажбур бўлди. Президент Ашраф Ғани чет элга қочиб кетди. Минтақада 20 йил давом этган "Абадий озодлик" операцияси муваффақиятсиз якунлангач, АҚШ Афғонистон ҳукуматининг Ғарбдаги банкларда сақланган маблағларини музлатишга қарор қилди. Энди эса бу мамлакатдаги вазият тобора чигаллашиб, тез-тез қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилмоқда, нақд пул танқислиги ҳамда озиқ-овқат ва дори-дармонлар етишмовчилиги кузатилмоқда.

Газ нархи мисли кўрилмаган даражага кўтарилди

6 октябрда табиий газнинг Европа биржаларидаги нархи минг куб метр учун 1900 долларгача кўтарилди ва бу қўҳна қитъанинг ёнилғи-энергетика бозорида чуқур инқирозни келтириб чиқарди.

Газ нархининг мисли кўрилмаган даражагача кўтарилиши Еропадаги ер ости газ сақлаш омборларининг ёнилғи билан етарлича тўлдирилмагани ва Осиёда "зангори олов"га талаб ошганлиги билан изоҳланди. Аммо айрим экспертлар буни қитъа энергетика бозоридаги тизимли кемтиклар ва "яшил энергетика"га ҳаддан ташқари кўп ишонч билдирилгани билан боғламоқда.

Декабрь ойининг ўрталарига бориб Европада газнинг нархи янада баланд кўрсаткич - 2220 долларгача кўтарилди, аммо бироздан сўнг  кескин - 1200 долларгача пасайди.

AUKUS  ҳарбий-техник блоки тузилди

Сентябрда АҚШ, Австралия ва Буюк Британия AUKUS ҳарбий-техник блокини тузиб, унинг доирасида ядро қуролига эга бўлмаган Австралия атом сувости кемаларини олиши ва ўз қуролли кучларини қанотли ракеталар билан жиҳозлашини эълон қилишди.

Натижада Австралия ҳукумати Франция билан 12 та сувости кемаси сотиб олиш бўйича тузилган 50 миллиард долларлик шартномани бекор қилди ва расмий Париж мазкур альянс тузилишини "ортдан пичоқ уриш"га қиёслади.

Ўз навбатида Хитой ва Россия Федерацияси ҳам AUKUS пайдо бўлишига салбий муносабатда эканини яширмади. Расмий Пекин янги блокни жаҳондаги барқарорликка пинҳона таҳдид, дея атади, Москва эса мазкур альянс ядро қуролини тарқатмаслик режимининг бузилишига олиб келиши мумкинлигини билдирди.

"Омикрон" штамми хавф сола бошлади

Ноябрь ойи охирида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг Жанубий Африка Республикасида аниқланган  янги - "Омикрон" деб номланган штамми бутун дунёга хавф солишини тан олди.

"Дельта"дан кўра анча тез тарқаладиган янги штамм дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатида аниқланган экан, бу ҳолат мавжуд вакциналарни янги штаммга мослаштириш заруриятини кун тартибига олиб чиқди.

Ваҳоланки, йил охирига келиб жаҳонда коронавирусга чалинган одамлар сони 283 миллион, ундан вафот этган беморлар сони эса 5,4 миллион нафардан ошди.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!